Mirtemir Tursunov
Миртемир (тахаллуси; асл исм–шарифи Турсунов Миртемир) (1910.30.5, Туркистон — 1978.25.1, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1971), ўзбек шеърияти тараққиётида ўзига хос ўрин тутган шоир. Миртемир Турсунов 1910-йилнинг 30-майда Туркистон шаҳри яқинидаги қишлоғида туғилди. Эски мактабда таълим олгач (1919–1920), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920–1923) ва Ўзбек эрлар билим юртида (1925–1929) таҳсил кўрган. 1929-йил Самарқандга бориб Ўзбекистон МИК раиси Йўлдош Охунбобоевнинг котиби бўлиб хизмат қилган ва айни пайтда, Педакадемиянинг тил ва адабиёт факултетида ўқий бошлаган. У шу йилларда „Қизил қалам“ адабий ташкилотининг аъзоси сифатида Боту, Олтой сингари „миллатчилар“ билан алоқада бўлганлиги учун ГПУ томонидан ҳибсга олинган (1932.8.8.). Қамоқдан озод бўлгач, „Янги ҳаёт“ газетасида адабий ходим (1936), республика радиоқўмитасида бош муҳаррир (1941). Ўздавнашрда муҳаррир (1942), Опера ва балет театрида адабий эмакдош (1943–1944), Ёзувчилар уюшмасида бўлим мудири ва маслаҳатчи (1957–1964), бадиий адабиёт нашриётида муҳаррир (1965–1966) лавозимларида хизмат қилган.
| Миртемир Турсунов | |
|---|---|
| Таваллуди |
30-май 1910-йил |
| Вафоти |
25-январ 1978-йил (67 ёшда) Тошкент |
| Мукофотлари |
|
Шеърий тўпламлари
Миртемирнинг „Шу'лалар қўйнида“ (1928), „Зафар“ (1929), „Қайнашлар“ (1930), „Коммуна“ (1931), „Тонг“ (1932), „Киприкларим“, „Ёдгорлик“ (1978) ва бошқа шеърий тўпламларида интим ва ижтимоий лириканинг сара намуналари ўрин олган. Шоир қаламига мансуб „Дилкушо“, „Сув қизи“, „Ойсанамнинг тўйида“, „Сурат“ (1957) достонлари ва „Қорақалроқ дафтари“ шеърий туркуми Миртемир тасвир имкониятлари нечоғлик кенг эканини кўрсатади.
Достонлари
30-йиллар ўзбек шеъриятида достон жанри катта мавқе касб этади. Миртемир ҳам шу даврда „Барот“ (1930), „Хидир“ (1932), „Дилкушо“, „Сув қизи“ (1937), „Ойсанамнинг тўйида“ (1938), „Қўзи“ (1939) каби достонларни ёзади ва уларнинг аксарида оддий меҳнат ахли вакиллари образини яратади. Умуман, Миртемирнинг шеър ва достонларига хос хусусият шундаки, у оддий кишилар ҳаёти ва меҳнатида „шеъриятбоп“ жиҳатларни, улар руҳий оламидаги гўзаллик жилваларини ўзига хос нозиклик ва закийлик билан кўради ва акс эттиради. Бу миртемирона фазилат шоир ижодининг урушдан кейинги даврида, айниқса, ёрқин кўринади.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллардаги адабий сиёсат натижасида Миртемирга ижод этиш ва ёзган асарларини эълон қилиш имкони берилмаган. Натижада у таржима ва таҳрир ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлган. Қорақалпоқ шеъриятидан қилган таржималари ва „Қарақалпоқ дафтари“ (1959) шеърий туркумининг катта муваффақият қозиниши Миртемирнинг „эркин“ ижодкорлар сафига қайтиши ва ижодий яшаришига сабабчи бўлди. „Қорақалпоқ дафтари“да (1957) намоён бўлган халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари шоирнинг қозоқ, қирғиз ва туркман диёрларига қилган сафарлари таъсирида ёзилган шеърларида катта маҳорат билан давом эттирилди. Миртемирнинг „Қорақалпоқ дафтари“ туркумидан ўрин олган „Сурат“ лирик қиссаси эса 60–70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган.
Шеʻрлари
Миртемирнинг 60–70-йилларда яратган аксар шеърлари 20–аср ўзбек шеъриятининг том маънодаги дурдоналаридир. У шу даврда шеърий техникани мукаммал эгаллаган шоир сифатидагина эмас, балки тарих ва Ватан туйғулари билан яшаган, шу муқаддас туйғуларни ёнар сўз билан ифодалаган шоир сифатида ҳам шуҳрат қозонди. Миртемир оддий меҳнат ахлига руҳан яқин, унинг табиатини, маиший хаётини, тилининг камалак рангларини, дилидаги орзу ва армонларини яхши билган, инсон қалбидаги руҳий коллизияларни теран ҳис қилган ва тасвирлаган шоирдир. Миртемирнинг чин маънода халқ шоири, миллий шоир бўлганлиги унинг, айниқса, „Бетоблигимда“, „Битта ўзим биламан“, „Тошбу“, „Булут“, „Онагинам“, „Шудринг“, „Барқут“, „Яли–яли“, „Ратти“, „Армон“, „Чирилдоқ“, „Сутдек ойдин“, „Мен келгум“, „Ҳайда“, „Она юртим“, „Она тилим“, „Кўкламда“, „Паттининг ҳасратлари“ сингари ўзбек аёлларига хос меҳр–муҳаббат, ор–номус, малоҳат, сабр-тоқат ва меҳнацеварлик фазилатлари куйланган шеърларида ўз тажассумини топган. Миртемир бу ва бошқа шеърлари билан ўзбек шеъриятига хос халқчиллик руҳини беҳад даражада оширди. Айни пайтда Миртемир шеърлари сюжетлилиги, тасвир этилаётган замон ва маконнинг аниқлиги, лирик қаҳрамон руҳий оламининг ёрқинлиги ва бокиралиги билан ажралиб туради.
Қўшиқлари
Миртемир шеърий ижодининг муҳим бир қисмини қўшиқлар ташкил этади. Шоир Катта Фарғона канали қурилишига бағишланган „Яли–яли“, шунингдек, „Боғ кўча“, „Бир гўзал“, „Қаро кўзли“, „Ўйнасин“, „Боқиши“, „Устина“ сингари қўшиқлар билан ўзбек қўшиқчилик санъати равнақига бебаҳо ҳисса қўшди. Шу билан бирга, Миртемир бир қанча публицистик ва адабий-танқидий мақолалар муаллифи. Миртемир ўтган асрнинг 60–йилларида ўзбек шеъриятига кириб келган талайгина ёшларга устозлик қилиб, ўзининг адабий мактабини яратди.
Ялтирар суйри тепа, ялтирар қир узунчоқ,
Келинлар тақинчоғи, узук кўзларими ё?
Чор атроф сабзаларда жимир–жимир кўзмунчоқ,
Бўй–бўй дилраболарнинг сузук кўзларими ё?
Йўқ бу гирён кўзларнинг ярқиро
Таржималари
Бадиий таржима Миртемирнинг ижодий фаолиятида катта ўрин эгаллайди. У Абай, Маҳтумқули, Бердақ шеърларидан ташқари, қирғиз халқининг „Манас“ эпосини (ҳамкорликда), Шота Руставелининг „Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон“ (ҳамкорликда), Александр Пушкиннинг „Руслан ва Людмила“, „Ойимқиз қишлоқи қиз“, М. Лермонтовнинг „Исмоилбек“, „Савдогар Калашников ҳақида қисса“, Н.А.Некрасовнинг „Русияда ким яхши яшайди“ каби достон, қисса ва эртакларини, Г. Гейне, А. М. Горкий, Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат, Самад Вурғун ва бошқаларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. „Кармен“ ва „Улуғбек“ опералари, „Наталка–полтавка“, „Баядера“, „Кето ва Коте“ сингари мусиқали драмалар Миртемир таржимасида ўзбек тилида саҳналаштирилган.
Мукофотлари
Миртемир Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. „Буюк хизматлари учун“ ордени билан мукофотланган (2002). Тошкентдаги кўча ва Андижон вилояти, Бўз туманидаги мактаблардан бири Миртемир номи билан аталган. Шоир туғилган Эски Иқон қишлоғида Миртемир уй–музейи барпо этилган.
- Наим Каримов.[1]
Асарлари
- 4 жилдлик. Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980–1983.
Адабиёт
- Мирвалиэв С. Ўзбек адиблари. –Т.: „Ёзувчи“, 2000.
- Каримов Н. ва бошқалар 20 аср ўзбек адабиёти тарихи. –Т.: „Ўқитувчи“, 1999.
- Азизов Қ. Миртемир. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Ўдабиёт ва санъат нашриёти, 1969.
- Ҳалилов Т. Миртемир маҳорати. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1980.
- Ғафуров И. Она юрт куйчиси. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1970.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
- 30-mayda tugʻilganlar
- 1910-yilda tugʻilganlar
- Turkistonda tugʻilganlar
- 1978-yilda vafot etganlar
- 25-yanvarda vafot etganlar
- Toshkentda vafot etganlar
- Oʻzbekiston xalq shoirlari
- Buyuk xizmatlari uchun ordeni sohiblari
- Oʻzbekistonlik yozuvchilar
- Qozogʻistonlik oʻzbeklar
- Berdaq nomidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Davlat mukofoti laureatlari
- Oʻzbekistonlik tarjimonlar
- Oʻzbekiston SSR xalq shoirlari