Oʻn ikki maqom
Ўн икки мақом, Ўн икки мақом тизими — ХИИИ—ХВИИ асрларда Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари касбий мусиқа амалиётида қўлланган назарий-амалий тизим. Устоз мусиқачи ва олимларнинг бастакорлик ва халқ ижодиёти намуналарини муайян таълимот (тасаввуф) асосида маънавий ва бадиий яхлит ҳолга келтириш устида олиб борган изланишлари натижасида юзага келган. Дастлаб Сафиюддин Урмавий ва Қутбиддин Шерозийларнинг мусиқага доир асарларида илмий жиҳатдан ишлаб чиқилган ва кейинги асрларда Хожа Абдулқодир Мароғий, Абдураҳмон Жомий, Зайнулобидин Ҳусайний, Нажмиддин Кавкабий, Дарвишали Чангий ва бошқалар томонидан ижодий давом эттирилган. Ушбу илмий анъанага кўра, тизимнинг таркиби муайян даражали пардалар уюшмалари — 12 мақом, 6 овоза, 24 шўба, 3 ранг ва 24 мураккабот каби гуруҳларни ўз ичига олган. Ноиний Бокияйи, Дарвишали Чангий ва бошқалар муаллифлар кўрсатишича, 12 мақом гуруҳи пайғамбарлар (Одам Ато, Нуҳ, Яъқуб, Айюб, Довуд, Сулаймон, Мусо, Муҳаммад (ас))дан қолган маънавий мерос асосида аниқлаб олинган ҳисобланади. 12 мақомнинг сержиҳат (зоҳирий-ботиний) маънолар билан йўғрилган умумий ва хусусий номлари бўлган. Умумий номлари „доира“, „ҳалқа“, „жамъ“ каби аталиб, уларнинг мукаммаллик даражасига ва, айни пайтда, чексиз самода мавжуд барча ҳаракатдаги оламларнинг ўзаро боғликдиги ва бирлиги ғоясига ишора этган. Жумладан, мусиқий рисолаларда Ўн икки мақом пардалари турли (катта-кичик) ҳажмдаги доиралар шаклида устма-уст акс эттирилган бўлиб, бир (илк) доирадан кейинги доираларгача изчил (навбатма-навбат) ўтилганда уларнинг бошланғич (таянч) пардалари мунтазам равишда бир босқичга юксалиб борган. Натижада юксалиб борувчи айланма ҳаракат юзага келган ва у энг кичик доира билан ниҳоясига етган.
Ўн икки мақомнинг хусусий номлари занжирида ҳам тариқат мақомларига боғлиқ маънавий юксалиш ғояси ўзига хос тарзда инъикосини топган. Бунда дастлабки учта мақом қуйидагини англатади:
- Ушшоқ мақоми — йўл (тариқат)га талабгор даврасини;
- Наво — уларнинг ишқ қуйини (наво чекишни);
- Бусалик (Абу Салик — Аҳд отасига ишора) — ошиқнинг тариқат йўлига киришга аҳд боғланиши.
Кейинги 7 мақом номларида ошиқларнинг „йўл“ сайрлари ва манзиллари улуғ ҳаж сафарига қиёс этилган. Шунга кўра,
- Рост — тўғри (тариқат) йўлини;
- Ҳусайний — пирумуршид (йўл бошчи)ни;
- Ҳижоз — Маккайи Мукаррама ва Мадинайи Мунаввара шаҳарлари жойлашган сарҳадйўлнинг асосий мақсад тимсолини;
- Роҳавий — йўл (сулук)ни;
- Зангула (туя бўйнига илинадиган қўнғироқ) — йўлдаги карвон тимсолини;
- Ироқ;
- Исфаҳон — мақсадга яқин келишлик маъноларида келади. Зеро ҳаж (Ҳижоз) йўлида Ироқ мамлакатининг бепоён чўлларидан ўтилган, Исфаҳон эса ана шу мақсадга яқин келишликни рамз этади.
Сўнгги икки мақом:
- Зирафканд (тўшак, ётиш пайти)
- Бузург (улуғ, буюк) номларида сафарбарлик ҳаракати поёнига етганлиги англашилади.
Зирафканднинг яна бир қўшимча номи — „Кўчак“ (кичик) бўлиб, у ўзидан сўнг келган „Бузург“ (катта) билан ўзаро нисбатда сўфийларнинг кичик (инсон) ва катта оламнинг ўзаро бирлиги, уйғунлиги ҳақидаги сўфиёна қарашларга ишора этилган. Ўн икки мақом номлари тасаввуф адабиётида ҳам асосан улуғ йўл сафарини ифодалаш учун қўлланиб келинган: Гар Сифоҳонда Наво топмасанг, эй ёри Бузург, Қилғасан азми Ироқ, айлаб оҳанги Ҳижоз.
Ўн икки мақом тизимидан ўрин олган овоза ва шўба гуруҳлари пардаларининг сифат тузилиши нуқтаи назаридан 12 мақомдан кейинги даражаларни ташкил этади. Жумладан, шўбалар гуруҳида Шарқ халқлари (турк, эрон, араб ва бошқалар) қадимий куй-ашулаларининг оҳанглари товуш-қаторлар тарзида тасниф этилган. Улар касбий мусиқа кесимида мустақил бадиий қийматга эга бўлмаган кўринади. Чунки улар, асосан, икки (Дугоҳ, Мубарқаъ), уч (Сегоҳ, Ракб, Зобулий) тўрт (Чоргоҳ) каби таркиби кам сонли номукаммал товушлар уюшмасидан иборат бўлган. Уларни талаб (комиллик) даражасига қадар ривожлантириш мақсадида 12 мақомнинг ҳар бирига иккитадан шўба бириктирилган. Бунда Ўн икки мақомнинг мукаммал пардалари мусиқий йўл (сулук) ўрнида намоён бўлиб, шўба куй тузилмалари эса муайян мақомнинг парда босқичларига таянган ҳолда ривожлантирилган. Масалан, икки поғонали Дугоҳ шўбаси Ҳусайний мақомига, уч поғонали Сегоҳ шўбаси Ҳижоз мақомига, тўрт поғонали Чоргоҳ шўбаси Зангула мақоми пардаларига боғланган. Ўн икки мақом тизимининг Ўрта Осиёда узил-кесил шаклланиши ва унинг мумтоз кўринишлари қарор топиши Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келади. Мазкур тизимнинг тарихий ривожланиши пировардида Шашмақом, Хоразм мақомлари ҳамда Фарғона-Тошкент мақом йўллари юзага келган.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Мусиқа ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |