Муҳаммад Очил (1953-йил 24-август Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Совуқбулоқ қишлоғи) — ўзбек адабиётининг истеъдодли ёзувчиси[1].

Муҳаммад Очил
Таваллуди 24-август 1953-йил
Қашқадарё вилояти, Яккабоғ, Совуқбулоқ қишлоғи
Вафоти 2017-йил
Касби ёзувчи
Ижод қилган тиллари ўзбек тили
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Таълими ЎзМУ
Жанр драматургия

Таржимаи ҳоли

Муҳаммад Очил 1953-йил 24-август куни Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани Совуқбулоқ қишлоғида хизматчи оиласида дунёга келган. 1978-йилда Ўзбекистон Миллий университетининг биология-тупроқшунослик факултетида таҳсил олган. Унинг ижодга бўлган иштиёқи талабалик давридан бошлаб шаклланган. 1978-йилда унинг бирданига иккита ҳикояси нуфузли нашрлар, „Шарқ юлдузи“ ва „Муштум“ журналларида чоп этилган. Йил охирида „Шарқ юлдузи“да берилган ҳикояси бу журнал бош муҳаррири халқ ёзувчиси Мирмуҳсиннинг тавсияси билан қўшни Тожикистоннинг адабий нашри — „Садои шарқ“ журналида тожик тилида нашр этилди. 2017-йил вафот этган[2].

Фаолияти

Муҳаммад Очил 1981-йилдан „Қашқадарё ҳақиқати“ газетасида адабий ходим, бўлим мудири сифатида фаолият юритди. 1983-йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига ишга кирди. 1982—1984-йилларда уюшма вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, 1984—2001-йилларда бу бўлинманинг вилоят бўлими масъул котиби лавозимида фаолият олиб борди.

Асарлари

Муҳаммад Очилнинг дастлаб „Ҳажв гулдастаси“ (1980), „Қуллуқ“ (1981) деб номланган илк ҳажвий тўпламлари чоп этилди. Шундан сўнг муаллифнинг „Нишонга теккан ўқ“, „Шайтон операцияси“, „Бермурд учбурчаги“ , „Шапалоқ“, „Шайтон шотирлари“, „Арвоҳ ови“, „Қалам аҳли қаҳқаҳаси“ номли ўндан ортиқ ҳажвий-юмористик асарлари бирин кетин дунё юзини кўрди[3]. Унинг асарлари ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов шундай деган: „Мен Муҳаммад Очилнинг ижодини анчадан бери кузатиб келаётганим учун бемалол ҳажвда иқтидорли ва қобилиятли ёзувчилардан деб айта оламан. „Адабиёт ва санъат“, „Китоб дунёси“ ҳафтанома газеталари, „Шарқ юлдузи“, „Ёшлик“ журналларида адибнинг ёзганларини ўқиб ҳузурланаман“.

Манбалар