Огаҳий (тахаллуси; тўлиқ исми: Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли) (1809-йил 17-декабр, Хива яқинидаги Қиёт қишлоғи[1] – 1874-йил 14-декабр) – ўзбек шоири, тарихчи,таржимон.

Огаҳий
Асл исми чиғатойча: محمد رضا آگهی‎‎
Таваллуди
Қиёт қишлоғи, Хива яқинида, Хива хонлиги
Вафоти номаълум, эҳтимол Хива
Фуқаролиги Хива хонлиги
Фаолият йиллари 1857—1874
Жанр шоир, тарихчи, таржимон

Мироб оиласида туғилган. Хива мадрасаларида таҳсил кўрган. Араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган. Шарқ классик асарлари, айниқса, Навоий ижодини қунт билан ўрганган.

1829-йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон уни Мунисни о’рнига мироб этиб тайинлайди. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтда отдан йиқилиб, оёғи „шакарланг“ (шол) бўлиб қолган (1845). 1857-йилдан мироблик вазифасидан истеъфо берган. Умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечирган.

Оиласи

Отасидан эрта айрилган Муҳаммад Ризо амакиси, машҳур тарихчи ва шоир Мунис лақабли Шир Муҳаммад ибн Амир Иваз-бий мироб қўлида тарбияланиб, унга ўқиш ва ёзишни ўргатган. Кейинчалик Хива хонлиги пойтахтидаги мадрасалардан бирида ўқишни давом эттириб, араб ва форс тилларини ўрганишга бор куч-ғайратини сарфлади.

Шарқ халқлари мумтозлари Навоий, Фузулий, Бедил ва бошқалар ижодини катта муҳаббат билан ўрганди.

Хонга мироблик қилган амакисининг вафотидан кейин Огаҳий бу лавозимни эгаллайди. Қишлоқ хўжалиги сунъий суғоришга асосланган ҳудудда миробнинг мавқеи анча мураккаб ва масъулиятли эди. Бироқ, Огаҳий ҳали ҳам илмий ва адабий изланишлар учун вақт топди.

Фаолияти

Огаҳий 52-55 ёшларида „Ошиқлар тумори“ девонини тузиб, унга баёз тўпламларидан шеърлар киритиб, дастлабки асарларини пухталик билан таҳрир қилган. Шоир қаламига мансуб ғазаллар жуда хилма-хилдир. Баъзиларида соф ишқ, бошқаларда сўфийлик ғоялари, бошқаларда шахсий кечинмалар улуғланади.

„Риёз уд-давла“, „Зубдат ут-таворих“, „Жоми ул-вакиати султоний“, „Гулшани давлат“[2] ва „Шаҳид ул-икбол“ тарихий асарлар муаллифи. „Риёз уд-давла“ асари Хоразмнинг 1825—1842-йиллари тарихидан ҳикоя қилади. „Зубдат ут-таворих“да ҳам Хоразмнинг 1843—1846-йиллардаги тарихи тасвирланган. „Жоми ул-вакиати султоний“ Хоразмнинг 1846—1855-йиллар тарихига бағишланган. „Гулшани Давлат“ 1856—1865-йиллардаги тарихни қамраб олади. Огаҳайнинг сўнгги асари „Шаҳид ул-иқбол“ 1865—1872-йилларга бағишланган.

Унинг ўзбек ва тожик тилларидаги шеърларида фуқаролик мотивлари – воқеликдан норозилик, иккиюзламачиликни қоралаш жаранглайди.

Огаҳий Низомий, Амир Хусраф Деҳлавий, Саъдий, Жомий, Ҳилолий ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига шеърий таржималари билан машҳур бўлди. Таржима соҳасида Огаҳий чинакам новатор эди.

Таржималар анъанаси адабиётларнинг ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро таъсирининг мураккаб жараёнининг жиҳатлари ҳисобланади.

„Таъвиз ул-ошиқин“ девони

Огаҳий халқ орасида кўпроқ лирик шоир сифатида машҳур. Умрининг охирги йилларида тузган лирик куллиёти – „Таъвиз ул-ошиқин“ („Ошиқлар тумори“, 1872) бизгача тўла етиб келган. Девон анъанавий тартибда тузилган, 470 ғазал, 3 мустазод, 89 муҳаммас, 5 мусаддас, 2 мурабба, 4 мусамман, 4 таржеъбанд, 7 қитъа, 80 рубоий, 10 туюқ, 1 муламма, 4 чистон, 2 муаммо, 4 маснавий, 1 баҳри тавил, 1 муножот, 1 ошиқ ва маъшуқ савол-жавоби, 20 таърих, 19 қасида – жами 18000 мисрадан иборат. Девонга „Ашъори форсий“ номи билан Огаҳийнинг форс тилидаги 1300 мисра шеъри ҳам киритилган. Девондаги асарлар мазмун-мундарижаси марказида ишқ мавзуси туради.

Огаҳий ижодининг мавзу доираси кенг. Аммо у қайси мавзуга мурожаат қилмасин, ишқни четлаб ўтолмайди. Ишқ унинг қаламида мавзуни ёритишда, ғояни илгари суришда асосий бадиий восита; шеъриятида ишқ – иймон, эътиқод, ватан, заковат тимсоли каби лирик қаҳрамоннинг ўй-кечинмалари, фаолияти, дунёқарашини ҳаракатлантирувчи куч. Огаҳий девонида замон ва замондошлари тасвири ҳам катта ўрин эгаллаган. Шоир ўзи яшаб ижод этган мураккаб даврни маҳорат билан бадиий умумлаштирганда, замон ва унинг аҳлига муносабат билдирганда, баҳо берганда, инсонпарварлик, халқпарварлик нуқтаи назаридан ёндашган. Огаҳий жанр имкониятларига ижодий ёндашиб, уларни такомиллаштирган: ўзигача бўлган 7—8, 10—12 байтли ғазал ёзиш тартибини 23 байтгача етказган, мустазод жанрининг қўш орттирма мисрали янги шаклини кашф этган: Эй ёр, санго ушбу жаҳон боғи аро гул бир ошиқи ҳайрон, дийдорига шайдо,Бир шуйфтадур кокили мушкулинга сумбул ҳам ҳоли паришон, ҳам бошида савдо.

Шоир арузнинг жуда кўп баҳрларидан фойдаланган. Унинг ғазаллари „Шашмақом“нинг ҳамма куйларига тушади, Хоразм халқ оҳангларига мос келади.

Тарихий асарлари

Огаҳий „Риёз уддавла“ („Салтанат боғлари“, 1842), „Зубдат уттаворих“ („Тарихлар қаймоғи“, 1843—1846), „Жомеъ ул-воқеоти султоний“ („Султонлик воқеаларини жамловчи“, 1855), „Гулшани давлат“ („Давлат гул-шани“, 1865), „Шоҳиди иқбол“ („Иқбол гувоҳи“, 1872) ва бошқа тарихий асарларида Оллоқулихон, Раҳимқулихон(1843—1846), Муҳаммад Аминхон (1846 – 1855), Сайид Муҳаммадхон (1856—1864), Муҳаммад Раҳим ИИ (1864—1910) ҳукмронлиги даврида Хоразмда яшаган ўзбеклар, туркманлар|туркман, қорақалпоқлар|қорақалпоқ, қозоқлар|қозоқ халқларининг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти, Хива хонлигининг бошқа хонликлар билан муносабати ва бошқа тарихий воқеалар акс этган.

Тарихий шахсларга бағишланган асарлари

Огаҳийнинг юксак инсонпарварлик руҳи билан суғорилган ғоялари хон ва шоир Ферузнинг сиёсий-маърифий тарбиясига таъсир қилган. У тарихчи олим сифатида Хива хонларига, йирик тарихий шахсларга бағишлаб қасидалар ёзган. Огаҳийнинг „Қасидаи насиҳат“ асари Ферузга бағишланган. У ўз насиҳатларида салтанатни бошқаришнинг йўл-йўриқларини кўрсатади, мамлакат ва халқни адолат билан идора этиш йўлларини белгилаб беради. Қасида маснавий жанрида ёзилган бўлиб, унда шоирнинг сиёсий-маърифий қарашлари ёрқин акс этган. Огаҳий фикрича, ҳар қандай давлат бошлиғи ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча ижобий фазилатларга эга бўлиши лозим. Подшоҳ ҳимматли, шижоатли, адолатли, ғайратли, саховатли, ҳаёли, соф ниятли, маданиятли, ҳамиятли, камбағалпарвар бўлиши зарур. Ҳукмдор шу фазилатларга эга бўлса, унинг ҳокимияти камол топади, мамлакати фаровон бўлади, деган фикрни илгари суради. Огаҳий давлатни бошқаришнинг йўлларини ҳам кўрсатиб ўтган. Шоирнинг фикрича, шоҳ шариат аҳкомларига қаттиқ амал қилмоғи лозим. У айш-ишратдан, фитна ва ғийбатдан, ғафлатдан, ялқовликдан, зулм-разолатдан, чақимчиликдан, молпарастликдан узоқ бўли-ши керак. Феруз Огаҳийнинг давлатни бошқариш тўғрисидаги маслаҳатларига қулоқ тутган, унинг ҳикматли байтларини мармар тошларга ёздириб, арзхоналарга қўйдирган, кўп эзгу ишларни амалга оширган. Шу боис ҳам Огаҳий тарихий асарлари бадиий наср сифатида ҳамда ХИХ аср Хоразм воқелигини ҳаққоний акс эттирувчи нодир тарихий ҳужжатлар сифатида қимматлидир.

Таржима асарлари

Огаҳий „Равзат ус-сафо“ (Мирхонд), „Тарихи жаҳонкушойи Нодирий“ (Муҳаммад Махдий Астрободий), „Бадоеъ ул-вақоеъ“ (3. Восифий), „Мифтоҳ ут-толибин“ (Маҳмуд бинни Шайх Али Ғиждувоний), „Табақоти Акбаршоҳий“ (Муҳаммад Муқим Ҳиротий), „Тазкираи Муқимхоний“ (Муҳаммад Юсуф Мунший), „Равзат ус-сафойи Носирий“ (Ризоқулихон Ҳидоят), „Ахлоқи Муҳсиний“ (Кошифип), „Қобуснома“, „Зубдат ул-ҳикоёт“, „Шарҳи далоил улҳайрат“ (Муҳаммад Ворис), „Гулистон“ (Саъдий), „Юсуф ва Зулайҳо“ (Жомий), „Шоҳ ва гадо“ (Ҳилолий), „Ҳафт пайкар“ (Низомий) ва бошқа тарихий-бадиий асарларни форс тилидан ўзбекчага таржима қилган. Огаҳий „Ҳафт пайкар“ни насрий йўл билан, „Гулистон“ни қисқартириб, кенг китобхонларга тушунарли қилиб таржима этган. „Юсуф ва Зулайҳо“ ҳамда „Шоҳ ва гадо“ достонларини эса байтма-байт таржима қилиб (кириш қисмидан ташқари), аниқ ижодий таржима намунасини яратган. „Мифтоҳ ут-толибин“ (инв. № 8473), „Равзат ус-сафойи Носирий“ (Д-125), „Табақоти Акбаршоҳий“ (ТНС—106), „Тазкираи Муқимхоний“ (ТНС—105), „Фирдавс ул-иқбол“ (С—571), „Шоҳи-ди иқбол“ (С—572), „Юсуф ва Зулайҳо“ (ТНС—117), „Таъвиз улоши-қин“ асарларининг қўлёзма нусхалари Тошкент, Душанба ва Санкт-Петербургда сақланади. „Зафарнома“ (Али Яз-дий), „Саломон ва Ибсол“ (Жомий), „Ҳашт беҳишт“ (Хус-рав Дехлавий) асарларининг Огаҳий таржимаси ҳанузгача топилмаган.

Вафоти

Огаҳий 1874-йили Хивада вафот этган.

Хотира

„Таъвиз ул-ошиқин“ Хивада тошбосмада нашр этилган (1905—1909). Ўзбекистонда кўчалар, мактаблар, Хоразм вилояти мусиқали драма ва комедия театри, истироҳат боғи ва бошқа муассасаларга Огаҳий номи берилган. Қиёт қишлоғида Огаҳий боғи ташкил этилиб, шоирнинг уй музейи очилган. Шунингдек, 2019-йилдан буён ушбу муҳташам боғда Огаҳий номидаги ижод мактаби фаолият юритиб келмоқда. Мактаб олдига Огаҳий ҳайкали ўрнатилган.

Нашр қилинган асарлари

  • Огаҳий. Таъвизул-ошиқин. -Т.: 1960;
  • Огаҳий. Асарлар (нашрга тайёрл. Ғ.Каримов ва С.Долимов). Олти жилдлик -Т.: 1971;
  • Огаҳий. Ишқ аҳлининг тумори (нашрга тайёрл. Ф.Ғанихўжаэв в.б.). – Т.: 1999.

Адабиётлар

  • Р.Мажидий. Огаҳий лирикаси. – Т.: 1961;
  • С.Долимов. Огаҳийнинг ҳаёти ва ижоди. -Т.: 1963;
  • Қ.Муниров. Мунис, Огаҳий ва Баёнийнинг тарихий асарлари. – Т.: 1961;
  • Н.Комилов. Огаҳийнинг таржимонлик маҳорати. – Т.: 1970;
  • М.Сафарбоэв. Огаҳийнинг ижтимоий-сиёсий ва эстетик қарашлари. – Т.: 1993;
  • Н.Жумахўжа, И.Адизова. Сўздин бақолироғ ёдгор йўқдур. – Т.: 1995;
  • Примқулов А. Огаҳий маснавийлари. – Т.: 1998;
  • Атоқли шоир, тарихнавис, таржимон. Мақолалар. – Т.: 1999.
  • А.Абдуғафуров. Муҳаммад Ризо Огаҳий. -Т.: Мерос, 1999;
  • М.Матёқубова. Огаҳий ижодида кичик шеърий жанрлар. – Т.: 2000;
  • Қ.Султонова. Огаҳийнинг „Гулшани давлат“ асари адабий манба сифатида. -Т.:2000;
  • Т.Матёқубова. Огаҳий шеъриятида анъанавий образлар талқини. -Т.: 2001.

Манбалар

  1. ↑ „Агахи Мухаммад Риза (1809-1874)“. зиёуз.уз (2012-йил 3-сентябр). Қаралди: 2023-йил 25-октябр.
  2. ↑ „Мухаммад Риза Агахи — о поэте“. ливелиб.ру. Қаралди: 2023-йил 25-октябр.

Ҳаволалар