Muhammadbiy
Муҳаммадбий (1808-йил, Машҳад, Форс — 1889-йил, Бухоро, Бухоро амирлиги) — Бухоро амирлигининг ҳарбий ва давлат арбоби, 1870—1889-йилларда амирлик қўшбегиси. Қўшбеги амир Музаффарнинг ишончли амалдори, қулдан то Бухоро амирлиги ҳукумати раҳбари даражасигача кўтарилган[1].
| Муҳаммадбий | |
|---|---|
|
| |
|
Мансаб даври 1870 – 1889 | |
| Ҳукмдор | Амир Абдулаҳадхон |
| Ўтмишдоши | Муҳаммад Ёқуббий |
| Вориси | Остонақул қўшбеги |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1808-йил Машҳад |
| Вафоти |
1889-йил Бухоро |
| Фуқаролиги |
|
| Миллати | форс |
| Турмуш ўртоғи | Амир Насруллоҳнинг собиқ чўриси |
| Болалари | Муҳаммад Шариф |
Таржимайи ҳоли
Муҳаммадбий асли форслик бўлиб[2], Машҳад яқинидаги Карай ҳудудидан бўлган. 10—12 ёшида қўшбеги туркманлар қўлига асир тушади ва 1820-йилда улар томонидан Бухорога сотиш учун олиб келинади. Бу ерда Муҳаммадбий Бухоро амирлиги қўшбегиси Муҳаммад Ҳакимбийга сотилади. 1840-йилда Муҳаммад Ҳакимбий амир Насруллоҳнинг буйруғи билан қатл этилади ва Муҳаммадбий Муҳаммад Ҳакимбийнинг бошқа қуллари билан бирга тахт вориси Музаффарга берилади. 1886-йилда Муҳаммадбий ўзининг оиласи ва бошқа қуллар билан биргаликда амир Саид Абдулаҳадхон томонидан қулликдан озод қилинган[2]. Бироқ, бу нотўғри маълумот бўлиши мумкин, чунки қўшбеги бу ҳодисага қадар узоқ вақт давомида амирликда турли давлат лавозимларида ишлаб келган. Қўшбеги 1889-йил 10-ноябрда 81 ёшида вафот этади[2].
Сиёсий ва ҳарбий фаолияти
1840-йилдан Муҳаммадбий амир Насруллоҳнинг ўғли Музаффарнинг хизматкорлари таркибида бўлган. 1860-йилда Музаффар тахтга ўтириш даврида Муҳаммадбий дастлаб миршаб[3], сўнгра мироб ва саркарда[2] лавозимларига тайинланади. Саркарда сифатида Жиззах, Самарқанд ва Зирабулоқда рус қўшинларига қарши жангларда қатнашган. Тарихчи Аҳмад Дониш қўшбегига қуйидагича таъриф берган[4]:
Бухорони бошқариш Муҳаммадшоҳ қўшбеги измида бўлган. У бепарво, ўқимаган ва ақлсиз одам бўлиб, шу билан бирга, доимо касал бўлар ва ҳатто подшоҳга кичик нарсалар ҳақида рост сўзлашга ҳам журъат этолмасди. Давлатга нима фойда келтиришини айтишга бошқаларнинг ҳадди сиғмасди. Давлат ва дин ишлари бутунлай таназзулга юз тутди. Қўшин ва камбағалларнинг тинчлиги йўқолди. Гап шундаки, давлатнинг гуллаб-яшнаши вазирнинг фаросатига, феъл-атворининг қатъийлигига, фикрларига боғлиқ. Агар вазир бепарво бўлса, унда бундай давлат мотам тутишга тўғри келади.
1870-йилда амир Муҳаммадбийни қўшбеги лавозимига тайинлайди. Аҳмад Дониш Муҳаммадбийнинг фаолияти Бухоронинг таназзулга юз тутишига олиб келди, деб ҳисоблаган: „Давлатнинг умумий таназзулига аниқ бир сабаб сабаб бўлган ва бу (сабаб) Муҳаммадшоҳ қўшбегидир“[5]. Қўшбеги охирги соатгача вафот этаётган амир Музаффарнинг ёнида бўлган ва амир Саид Абдулаҳадхоннинг оқ кигизга ўтқазилиб, тахтга чиқарилиш маросимида ҳам иштирок этган. Муҳаммадбий умрининг охиригача Саид Абдулаҳадхон ҳукмронлиги остида қўшбеги лавозимини эгаллаб турди[1].
Оиласи
Муҳаммадбийнинг рафиқаси амир Насруллоҳнинг собиқ чўриси бўлган. Қўшбегининг ўғли Муҳаммад Шариф амир Музаффар даврида бош закотчи — молия вазири ва Бухоро ҳокими лавозимларида ишлаган. Набираси Остонақулбий эса 1888-йилда отаси Муҳаммад Шариф ўлдирилгандан кейин амир Саид Абдулаҳадхондан иноқ[2] унвонини ва бош закотчи лавозимини олади. Иноқ ҳам худди отаси каби Бухоро амирлиги ҳукумати томонидан Россия сиёсий агентлиги билан ўзаро алоқалар олиб борган, амир номидан турли расмий баённомалар, битимлар имзолаш, музокарлар олиб боришда иштирок этган. Бир вақтнинг ўзида бош закотчи ва қўшбеги лавозимларида фаолият юритган.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 Андрей Недвецкий. „Правители Бухари“ (рус тилида) (2018-йил 21-декабр). 2022-йил 19-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 2-ноябр.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 „Недавняя трагедия в Бухаре“ (рус тилида). Исторический вестник, № 5. (1892). 2020-йил 13-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 2-ноябр.
- ↑ Мирза Салимбек. „Тарихи Салимий“ (рус тилида). Тошкент. Академия (2009). 2021-йил 28-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 2-ноябр.
- ↑ Аҳмад Дониш. „Тарихи салтанати хонадони манғития“ (рус тилида) 42—43-саҳифалар. Душанбе. Дониш (1967). 2022-йил 2-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 2-ноябр.
- ↑ Аҳмад Дониш. „Тарихи салтанати хонадони манғития“ (рус тилида) 62—63-саҳифалар. Душанбе. Дониш (1967). 2022-йил 2-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 2-ноябр.