Mulk
Мулк — моддий ва маънавий неъматларнинг муайян кишилар эгалигида бўлиши ва улар томонидан ўзлаштирилиши; мулкка эгалик ҳуқуқи ҳамда мулк объектларига эгалик, уларни бўлиш, тақсимлаш бўйича кишилар ўртасида юзага келадиган иқтисодий муносабатлар. Мулк объекти ер ва ер ости бойликлари, корхона, бино, иншоотлар, машина ва ускуналар, тайёр маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар, санъат ва адабиёт асарлари, илмий ва техникавий ишланмалар ва бошқалар бўлиши мумкин. Моддий ва маънавий неъматларни амалда ўзлаштирувчилар мулк субъектлари, яъни эгалари ҳисобланади. Буларга айрим кишилар, оилалар, жамоалар ва, ниҳоят, давлат киради. Мулкдан амалда фойдаланиб, бундан наф кўриш мулкни иқтисодий тасарруф қилиш ҳисобланади.
Мулкнинг келиб чиқиши
Кишиларнинг моддий неъматларни яратишдаги, уларни тақсимлаш ва истеъмол этишдаги ўрни, сиёсий ҳаётда тутган мавқеи, асосан, ишлаб чиқариш воситаларига эгалик қилишларига боғлиқ. Жамият тараққиёти тарихида эгалик қилиш шаклига кўра мулкнинг бир неча тури бор: ибтидоий жамоа тузумида ишлаб чиқарувчи кучлар ғоят паст ривожланганидан кишилар бирга, гуруҳ-гуруҳ бўлиб меҳнат қилишган. Шубҳасиз, шундай шароитда меҳнат қуроллари ва маҳсулотлари жамоанинг умумий мулки бўлган. Меҳнат қуроллари ва меҳнат малакаси юксалгач, кишилар якка ҳолда меҳнат қила оладиган бўлди. Бу ўзгариш туфайли жамоа мулки парчаланиб, хусусий мулкка айланган.
Мулк турлари
- Хусусий мулк — бу мулкни ўзлаштиришнинг хусусий усулига асосланган шакли. У 2 хил бўлади: 1) индивидуал — якка хусусий мулк, яъни айрим шахслар ёки оилаларга тегишли мулк; 2) корпоратив хусусий мулк, бу ҳам айрим кишиларга қарашли, лекин аксиядорлар жамиятидаги умумий мулкнинг бир қисми сифатида мавжуд бўлган мулк. Корпоратив мулк дивиденд келтирувчи мулкдир.
- Жамоа мулки — бу жамоага ихтиёрий равишда бирлашган кишиларнинг умумий мулки бўлиб, бу мулкнинг эгалари шу жамоада меҳнат қилиши шарт. Бу ерда мулк эгаси айни бир вақтда шу мулкни амалда ишлатувчи ҳам ҳисобланади.
- Давлат мулки — давлат ихтиёрида бўлган мулк, давлат ҳокимияти органлари томонидан тасарруф этиладиган монополлашган мулкдир. Бундай мулк объекти — ер, табиат ресурслари, асосий воситалар, бинолар, молия, моддий ресурслар, ахборот, моддий ва маънавий бойликлар бўлиши мумкин. Бу мулк ижтимоий неъматларни яратишга хизмат қилади.
Давлат бор ерда унинг мулки мавжуд, лекин ушбу мулкнинг миллий иқтисодиётдаги улуши турли мамлакатларда фарқланади ва мамлакат иқтисодиётининг моделига боғлиқ. Фуқаролик жамияти доирасида давлат мулки тобора ижтимоий йўналиш олмоқда, яъни умуммиллий манфаатларни ҳимоя қилишга йўналтирилган. Ижтимоий мулк — тарихан собиқ социалистик мамлакатларда мавжуд бўлган. Бунда кишилар мулк эгаси сифатида тенг бўлади, шунинг учун ҳар бир кишининг жамиятдаги мавқеи, турмуш даражаси унинг меҳнати билан белгиланган.
Мулкчилик муносабатлари
Мулкка эгалик ва уни тасарруф этиш муайян иқтисодий муносабатларни пайдо этади ва у мулкчилик муносабатлари деб аталади. Мулк пайдо бўлиши учун мулкка айланадиган нарсалар наф келтира олиши зарур. Мулкчилик муносабатлари мулкни кишиларнинг ўзиники ёки ўзганики эканлигини билдиради. Бундай муносабатларнинг 3 жиҳати бор:
- Мулкка эгалик қилиш, я'ни мулкдорлик ҳуқуқининг мулк эгасида сақланиб туриши;
- Мулкдан фойдаланиш ва уни амалда ишлатиш. Мулкдан фойдаланилганда шахсий эҳтиёжларни қондириш ёки даромад топиш юз беради. Мулкдор ўз мулкини ишлатганда эгалик қилиш ва мулкдан фойдаланиш бир қўлда тўпланади, мулк келтирган нафни унинг эгаси танҳо ўзлаштиради. Мулк ўзгалар қўлида ишлатилганда бундан олинган даромадни мулкдор мулкни амалда ишлатувчи билан баҳам кўради;
- Мулкни тасарруф этиш — бу мулк тақдирини мустақил ҳал қилиш, яъни мулкни сотиш, меросга қолдириш, ҳадя этиш, гаровга қўйиш каби хатти-ҳаракатларни эркин амалга оширилишидир.
Мулкий муносабатларда мулкни ижарага бериш муҳим ўрин тутади. Ер, сув ҳавзалари, бино ва иншоот каби кўчмас мулклар оддий ижарага берилади. Қимматбаҳо машина ва ускуналар (трактор, комбайн, самолёт, тепловоз, пароход, юк автомашиналари ва вагонлар) ижараси лизинг шаклида амалга оширилади. Мулк бўлган пул маблағларни ўз эгаси томонидан, ўзгаларга фойдаланиб туриш учун бериш кредит шаклига киради. Мулк миллий бойликни ҳосил этади.[1]
Манбалар
- ↑ «Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент, 2000-йил»
Адабиётлар
- Шодмонов Ш., Алимов Р., Жўраев Т. Иқтисодиёт назарияси, Т., 2002.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Мулкга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |