Муқанна исёни – Мовароуннаҳрда Араб халифалигига қарши кўтарилган халқ озодлик ҳаракати (ВИИИ асрнинг 769–783-йиллари), Муқанна раҳбарлик қилган. Қўзғолончилар оқ кийим кийганлари учун „оқ кийимликлар қўзғолони“ номи билан ҳам машҳур. Исёнонда деҳқонлар, қишлоқ ҳунармандлари ва маҳаллий зодагонларнинг 1 қисми қатнашган. Муқанна Маздак таълимотининг давомчиси сифатида ижтимоий тенгликни кенг тарғиб қилганлиги таъсирида қўзғолончилар иқтисодий тенгсизлик ва ўлкада араблар ҳукмронлигига қарши кураш бошлаганлар. Муқанна ўзига қароргоҳ қилиб Сом тоғидаги қалъани (Шаҳрисабз шаҳри яқинида) танлади. Самарқанд, Бухоро, Кеш, Наршах шаҳарлари қўзғолон марказига айланган. Халифа Мансур 775-йилда Жаброил ибн Яҳёни Озарбайжондан катта ҳарбий куч билан Мовароуннаҳрга юборган. Аммо Жаброил қўзғолончилардан енгилган. 10000 аскар билан Жаброилга ёрдамга юборилган Уқаба ибн Салим 1-марта Кеш ва Самарқандда Ғарича бошлиқ, 2-марта 14000 аскар билан Термиз яқинида Сарҳама ва Кайёки Ғузий бошлиқ қўзғолончилар томонидан тор-мор келтирилди. Натижада Нахшаб ва Чағониён вилоятлари қўзғолончилар қўлига ўтди. Исён 776-йилдан Бухоро воҳасида кучайиб кетди. Наршах қалъаси қўзғолончиларнинг қўрғонига айлантирилган. Бунда „оқ кийимликлар“нинг катта қисми тўпланган. Шу йили Наршах қалъаси яқинида „оқ кийимликлар“ билан араблардан Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз ва Самарқанд ноиби Жаброилнинг бирлашган қўшинлари ўртасида 4 ой мобайнида жанг бўлди. Жангда „оқ кийимликлар“нинг қўли баланд келди, аммо сон жиҳатидан кўп бўлган араб қўшинлари Наршах қалъаси девори остидан узунасига 50 газ лаҳим кавлаб, уни қулатгач, қалъага бостириб кирганлар. Қалъа ичида давом этган шиддатли жангларда қўзғолончилар енгилган. Исён раҳбарларидан Ҳаким ибн Аҳмад ва Ҳашвийлар ўлдирилган. Наршахдаги қўзғолон бостирилгач, араблар асосий кучни Муқанна қўзғолонининг маркази бўлган Самарқанд ва Кешга ташладилар. Халифа Маҳдий 777-йилда Муқанна қўзғолонига зарба бериш учун Нишопурга келди. Хуросон ноиби Маоз ва Ҳирот амири Сайд Ҳараший бошлиқ катта қўшин Самарқандга юборилди. Исёнкорлар билан бўлган жангда араб қўшинлари мағлубиятга учради. Натижада Маоз Хуросон ноиблигидан истеъфога чиқди. 2 йиллик тўқнашувлардан сўнг Самарқанд таслим бўлди. Сўнгра арабларнинг бирлашган қўшинлари Муқаннага қарши ташланди. Наршах ва Самарқандда „оқ кийимлилар“ енгилгач, маҳаллий бойлар сотқинлик қилиб, арабларга ёрдам бера бошладилар. Улар араблар билан бирга Муқаннанинг Сом тоғидаги истеҳкомини қамал қилишда қатнашдилар. Узоқ давом этган қамалдан сўнг тинкаси қуриган муқанначилар таслим бўлдилар. Муқаннанинг укаси Қабзам 3000, Сом қўрғони мудофаасига қўмондонлик қилаётган Сарҳама 3300 кишилик қўшини билан Сайд Ҳарашийга таслим бўлдилар. Аммо, арабларга таслим бўлишни истамаган Муқанна ўзини ёниб турган тандирга ташлаб ҳалок бўлди

Адабиёт

  • Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1991; Ўзбекистон тарихи, Т., 1997; Каримов Ш., Шамсутдинов Р., Ватан тарихи, Т., 1997.

Манбалар