Naqsh

Нақш (араб. — тасвир, гул) — қисмлари (тақсимлари) муайян тартибда бир маромда такрорланишидан ҳосил бўладиган ҳандасий шакллар, ўсимлик, қуш, ҳайвон ва бошқаларнинг услублаштирилган тасвирларидан таркиб топган безак (гул). Турли нарсалар (ашёлар, қурол, мато, мебел, китоб ва т.к.), меъморий иншоотлар (ҳам ички, ҳам ташқи безаклар), нафис санъат (асосан, амалий санъат) асарларида кенг қўлланади, айрим халқларда, шунингдек, одам танасини безашга (татуировка, безашга) мўлжалланади. Нарсанинг сиртини безаётган нақш унинг тузилишини юзага чиқаради ва унинг бадиий сифатини оширади. Нақш ё мавҳум шакллардан тузилади, ё аниқ мавзулардан услублаштирилади. Ишланаётган хом ашёсига кўра, нақш ишлашнинг турли-туман услуб ва усуллари мавжуд: ўйма (ганч, ёғоч, мис, тош, мармар ва бошқалар), бўяма (қоғоз, мато, ганч, ёғоч, сопол ва бошқалар), чок ёрдамида тикма (каштадўзлик, зардўзлик ва бошқалар), зарб қилиб, қуйиб (заргарлик, мискарлик ва бошқалар), тўқима (гиламчилик, тўқимачилик ва бошқалар), қадама (инкрустация, панжарасозлик ва бошқалар) ва бошқалар.
Нақшнинг пайдо бўлиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Нақш тарихи инсониятнинг бадиий маданияти каби қадимийдир. Археологик материаллар нақшнинг жаҳондаги барча халқларда қадимдан мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Металл, сопол буюм, идиш, қуроллар палеолит, неолит даврларида оддий ҳандасий шакллар қаторида ўсимликсимон нақшлар билан ҳам безатилган. Нақш турли ўлкалар, турли халқларда географик муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, маданияти таъсирида турлича ривож топган. Масалан, Шимол ўлкалари нақшларида арча, чорвадорларда мол шохи, дехдонларда узум барги ва ғужуми, ўтроқ аҳолида гул, анор, бодом, қалампир тасвирлари кўп учрайди. Европада турли даврларда хукмрон бўлган бадиий услублар (барокко, готика, классицизм ва бошқалар) нақшга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Уйғониш даврида, айниқса, юксак жозибадорликка эришган. ХИХ асрнинг охиридан бошлаб шу даврда вужудга келган турли окимлар нақшни атайин кам ишлатди, ҳатто ундан бутунлай воз кечишгача борди.
Марказий Осиёда
Нақш санъати Марказий Осиё маданияти тарихида жуда қадимдан бўлиб, ўзига хос намуналари билан ажралиб туради. Археологик топилмалар нақшнинг хилма-хил ва ранг-баранг намуналаридан дарак беради. Меъморий ёдгорликларда нақшнинг анча мукаммал, ўзига хос ва юксак санъаткорлик билан яратилган нусхаларини учратиш мумкин. Халқ амалий санъатининг ҳар бир турида (хусусан, каштадўзлик, гиламчилик, ўймакорлик, ганчкорлик, наққошлик каби) нақшнинг шаклий имкониятлари нақадар кенг ва бой эканлиги яққол кузатилади. Ўрта Осиёда нақшлар кенг тарқалган бўлиб, улар, асосан, 2 турга бўлина-ди: ҳандасий шакл ва чизиқлардан иборат энг мураккаб нақш тури — гириҳ, кенг тарқалган ўсимликсимон нақш — ислимий. Ҳар бир нақшнинг ўз қонун-қоидалари бор: тақсим ва бўлаклар аниқ ўлчамда, уйғун бўлиши, ранглар дид билан танланган, ўзаро мутаносиб бўлиши лозим. Бу наққош устадан катта махорат, малака талаб қилади. Ўрта Осиёда энг қадимий нақш намуналар, асосан, меъморий иншоотларда сақланган; нақшнинг ажойиб намуналари ганч, ёғоч ва тошни ўйиб, баъзан бўяб ишланган.
Нақш ҳисобига кенг тараққий этди, наққошлик жадал ривожланди. Бино, буюм, идиш, кийим, қуроллар аксарият нақш билан безатилди; масжид, мадраса, мақбараларни хашамдор қилишда нақш муқим ўрин эгаллади. Шу даврда меъморликда ғиштни турлича қалаб нақш ҳосил қилиш санъати юксак даражага кўтарилди. Биноларнинг ёғин тушмайдиган жойлари ганч ва ёғоч ўймакорлиги, бўяма нақшлар билан безатилди. Жумладан, меъморий ёдгорликлардан Ўзгандаги мақбаралар (интерер, девор, пештоқ, равоқлар) ғиштин нафис нақшланган. ХИВ—ХВ-асрларда кошинкорий нақшлар яратилди (Кўҳна Урганчдаги Тўрабекхоним кўшки, Самарқанддаги Шоҳизинда ансамбли, Дилкушо кўшки — Ишратхона ва бошқалар). Хива, Бухоро, Қўқон хонликлари даврида халқ усталари санъати айниқса шаҳарларда ўсди, нақш, наққошлик ҳам янада ривожланди. Худоёрхон ўрдаси (Қўқон), Ситораи Моҳи Хоса (Бухоро), Тошҳовли (Хива) ва бошқа бинолар моҳир усталар томонидан нафис нақшлар билан безатилди. Бу эса Ўрта Осиёда нақшнинг ўзига хос услублари вужудга келганлигини кўрсатади.
Бухоро нақши энг мураккаб, мукаммал ва жозибадор бўлиб, кўп асрлик ижодий меҳнат анъаналари самарасидир; Нақш безак бўлиш билан бирга бинокорликнинг ажралмас қисмига айланган. Жуда мураккаб гириҳлар пухта ўлчам билан ишланган, гул нақшлари ўзига хослиги билан (гул нақшда ваза, коса, гулдонлар услублаштирилиб, уларда гул буталари акс эттирилган, япроқ, мевалар тасвирлари бир маромда берилишига алоҳида эътибори билан) ажралиб туради. Хива нақши (юлдузлар ҳосил қилувчи гириҳлар орасида ўсимликсимон гулларни маҳорат билан жойлаштирилиши, барг шаклидаги безакларнинг кўплиги, ўсимликсимон тасвирлар зич, кўп ва турли-туманлиги билан машҳур. Фарғона нақши Марғилон, Хўжанд, Қўқон, Фарғона, Наманган ва бошқа шаҳарларда вужудга келган услублардан иборат. Меъморий ёдгорликлар (Қўқондаги Модарихон дахмаси ва Дахмаи шоҳон), ХИХ асрда яратилган нақшларда содда ранг-баранглик (сариқ, қизил, яшил, қора, оқ, кўк, пуштиранг), нақш қисмларининг анча жўнлиги кўзга ташланади. Фарғона нақшининг ўзига хос жиҳатлари: бино деворларига меҳроби намоёнлар ишланиб, улар ҳошия нақш билан бир-биридан ажратилади, ҳошиялар орасига гириҳ, қолган қисмларга ўсимликсимон гуллар ишланади. Уларда Бухоро, Хива нақшларининг таъсири сезилади. ХИХ аср охири — ХХ аср бошларидаги нақшларда европа нақшларининг ҳам таъсири бор.
Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудида яратилган рўзғор буюмлари, асбоб ва қуроллар, уй ва иншоотларни нақшсиз (безаксиз) тасаввур қилиш қийин. Ўрта Осиёда ишланган безакли буюмлар, матолар халқаро бозорларда ҳам қадрланган. Турли ўлкалар билан маданий-иқтисодий алоқалар нақшнинг ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.
ХХ аср бошқа соҳалар қаторида амалий санъат анъаналарининг янги ривожланиш даври бўлди. 1930-йиллардан йирик жамоат ва маъмурий бинолар қурилиши ривожланди, бадиий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Алишер Навоий театри, Муқимий театри, Ўзбекистон тарихи музейи, Халқлар дўстлиги саройи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Хотира майдони, Имом Бухорий мажмуаси, Олий Мажлис, Ўзбек миллий драма театри, Ўзбекистон консерваторияси биноларининг турли техника, усуллар билан ишланган нақшлар ҳисобига кўркам қилингани қадимий анъаналарнинг тикланганлиги, янги мазмун билан бойиб бораётганлигига ёрқин далилдир. Халқ усталари Уста Ширин Муродов, Ю. Мусаев, Т. Арслонкулов, Қ. Жалилов, Ш. Ғафуров, С. Хўжаев, Н. Иброҳимов, М. Қосимов, У. Зуфаров, Қ. Ҳайдаров, У. Аҳмедов, О. Полвонов, Т. Тўхтахўжаев, О. Қосимжонов, Ж. Ҳакимов, Ё. Рауфов, А. Болтаев, ака-ука Жалиловлар, С. Худойберганов, Ҳ. Раҳимов ва бошқа яратган асарлар ХХ аср ўзбек миллий наққошлигининг ёрқин намуналарига айланди.
Кулоллик, зардўзлик, каштадўзлик, гиламчилик, заргарлик, кандакорлик ва бошқа соҳаларда нақш билан безатилган бадиий буюмлар турмушга файз киритади. Усталар янги усулларни қўллаб, янги мазмун билан бойитилаётган нақшлар яратмоқда. Бу жараёнда наққошлардан М. Тўраев, А. Илҳомов, С Маҳмудов, Қ. Шоисломов, Ҳ. Нуралиев, А. Асқаров, О. Файзуллаев, С. Шукуров ва бошқа йирик усталар шогирдлари билан қатнашдилар. Улар яратган безакларда кундал, меҳроби, бодом, бута, чоргул, шобарг, ойгул, занжира нақш турлари кўп учрайди. Ушбулардан кўринадики, Ўзбекистон мустақиллигидан кейин барча санъатлар қаторида амалий санъат турлари, шулардан нақш, наққошлик, ёғоч ва ганч ўймакорлиги ҳам жадал ривожланмоқда, уларда қадимий унутилаётган анъаналар қайта тикланаётгани, нақш турлари кенгаётгани ва ислимий нақшнинг бир неча турлари уйғунлашаётгани кузатилади. Наққошлар ҳам 1995-йилдан Тошкент шаҳрида ЙУНЕСКО ташкил этган халқ ҳунармандлиги ярмаркаси, Париж шаҳрида ўтказилган Амир Темурнинг 660 йиллиги тантаналари кўргазмаси ва бошқаларда қатнашиб касбий махоратларини намойиш этдилар[1].
Манбалар
Адабиётлар
- Народное декоративное искусство Ўзбекистана, Албом, М., 1955; Ремпел Л. И.;
- Архитектурний орнамент Ўзбекистана, Т., 1967;
- Рауфов Ё. Наққошлик, Т., 1973;
- Зоҳидов П., Меъмор олами, Т., 1996;
- Ўзбекистон санъати, Т., 2001.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |