Насруллоҳ (Насрулла, Насруллахон, Амир Насруллоҳ, Амир Саййид Насруллоҳ, Амир Саййид Насруллоҳ Баҳодирхон) (1806-йил 1-июн, Бухоро, Бухоро амирлиги — 1860-йил 21-сентябр, Бухоро, Бухоро амирлиги) — Бухоро амирлиги ҳукмдори (1827—1860). Давлат арбоби ва саркарда. Манғитлар ўзбек сулоласининг 7-ҳукмдори ва ушбу сулоланинг 5-амири. Қарши вилоятининг ҳокими бўлган (1821—1827). Бухоро амирлигининг энг кучли амирларидан бири бўлган. Айнан ушбу ҳукмдор фармони билан Макнуна тахаллуси билан ижод қилган Нодирабегим (Нодира) ва амир оиласига тааллуқли бошқа шахслар (1842-йил) қатл этилган.

Амир Насруллоҳ
Насруллоҳ

Амир Насруллоҳнинг портрети. Бухоро амирлиги ҳукмдорларининг мусаввир томонидан чизилган дастлабки сурати.
 Бухоро амирлиги ҳукмдори
Мансаб даври
1827-йил 22-март – 1860-йил 21-сентябр
Ўтмишдоши Амир Умар
Вориси Амир Музаффар
 Қарши вилояти ҳокими
Мансаб даври
1821-йил – 1827-йил 22-март
Монарх Амир Ҳайдар
Амир Ҳусайн
Амир Умар
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1806-йил 1-июн
Бухоро, Бухоро амирлиги
Вафоти 21-сентябр 1860-йил(1860-09-21)
(54 ёшда)
Бухоро, Бухоро амирлиги
Фуқаролиги Бухоро амирлиги
Турмуш ўртоғи Кенагас ойим
Подшоҳхон ойим
Болалари Амир Музаффар
Отаси Амир Ҳайдар

Келиб чиқиши

Насруллоҳ Амир Ҳайдар хонадонида 1806-йил 1-июнда Бухоро шаҳрида туғилган. У оилада 2-ўғил фарзанд эди. Бу даврда унинг отаси Бухоро амирлиги ҳукмдори бўлган[1].

Насруллоҳнинг ота томонидан шажараси қуйидагича эди: Амир Насруллоҳ — Амир Ҳайдар — Амир Муҳаммад Шоҳмурод — Муҳаммад Дониёлбий оталиқ — Худоёрбий оталиқ — Худойқулибий — Келдиёрбий — Човушбой — Бекбердибий — Хо'жамбердибий — Давлат Мирза — Жонибий — Мусобий — Абдуқутлуқбий — Но'монбий. Унинг бобокалони Човушбой ўз даврида ўзбек қавмлари орасида манғит уруғининг жуда бой-бадавлат кишиси бўлган[2], шажара бошидаги бобоси Но'монбий эса Дашти Қипчоқ О'збеклари манг'итлар уруг'ининг сардори бо'лган.

Унинг ота бувиси Аштархонийлар ўзбек сулоласининг вакили ва Бухоро хонлиги ҳукмдори Абулфайзхоннинг (1711—1747) қизи Юлдуз бегим (Шамсиябону) эди. Унинг ота бувиси томонидан насаби 2 тармоқ бўйлаб Чингизхонга ва бошқа 2 тармоқ бўйлаб Муҳаммад пайғамбарнинг авлодлари саййидларга етади[2].

Ёшлик йиллари. Сиёсий ва ҳарбий фаолиятининг бошланиши

Амир Ҳайдар ҳукмронлиги даврида

Амир Ҳайдар (1800—1826) ўғли Насруллоҳни 15 ёшлигидан давлат бошқарувида жалб қилган[3]. У 1821-йилдан отаси ҳамда биродарлари Амир Ҳусайн (1826) ва Амир Умарлар (1826—1827) ҳукмронлиги даврида Қарши вилоятида ҳокимлик қилган[4].

Амир Насруллоҳ ниҳоятда қатъиятли шахс бўлганлиги боис, отаси уни барча урушларга ўзи билан олиб борган. Баъзи ҳолларда унинг ўзини юборган. У ёшлигиданоқ отасининг сирлари маҳрами бўлган. Амир Ҳайдар бошқа ўғилларига нисбатан ҳамиша уни ўзига яқин тутган экан[5].

Насруллоҳнинг маънавий камолотга эришувида Бухорода алоҳида нуфузга эга бўлган машҳур шайх Муҳаммад Ҳусайн ал-Аълавий ал–Бухорий катта рол ўйнаган. Амир Насруллоҳ ўзининг пири ҳисоблаган бу шайхни кейинчалик Ромитан туманидаги Қори Камол қишлоғидан Бухоро шаҳрига кўчиши учун розилигини олиб, унга Шайх Ҳабибуллоҳ хонақосидан махсус ҳужра ажратиб берган ва нафақа тайинлаган[1][4].

Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Ҳайдар 1826-йил 6-октябрда 48 ёшида Бухоро шаҳрида тўсатдан вафот этгач, сулола вакиллари ўртасида ҳокимият учун кескин кураш бошланади. Амир Ҳайдар Қарши вилояти ҳокими бўлган ўғли Насруллоҳ ҳузурида бўлиб, Бухорога қайтаётганда бедаво бир дардга чалинган ва пойтахтга етиб келгач, оламдан ўтган эди. Марҳум амирдан 7 ўғил ва 8 қизнинг қолганлиги вазиятни янада мураккаблаштирганди. Бухородаги сарой аъёнлари ва акобирлар, уруғ бошлиқлари ва ҳарбий саркардаларнинг манғит шаҳзодаларнинг муайян биттасига тарафкашлик қилиши, шаҳзодаларни бир-бирига қарши гиж-гижлаши ва қайраб солиши бу курашни яна ҳам авж олдирган ва кескинлаштирган эди[6].

Амир Ҳайдар бетоб бўлиб тўшакда ётганида сарой аҳлини ҳузурига чақириб, бир маълумотга кўра энг катта ўғли Ҳусайн тўрани[6], бошқасига кўра — 2-ўғли Насруллоҳни[5] ўзининг валиаҳди деб эълон қилган.

Миёнқол қўзғолони

Амир Ҳусайн ҳукмронлиги даврида

Амир Ҳайдар вафот этгандан сўнг дастлаб Бухоро амирлиги тахтига тўнғич фарзанд ва валиаҳд сифатида, васиятга биноан ёки ўзининг тарафдорлари кўмагида[5], Ҳусайн тўра кўтарилган ва у Амир Ҳусайн номи билан 78 кун амирлик қилган. Унинг амирлик даври 1826-йил 9-октябрдан (10-октябрдан[7]) ўша йилнинг 22-декабригача (20-декабригача[7]) давом этган[8].

Амир Ҳусайннинг қўли очиқ, саҳоватпеша бўлгани саройдаги айрим нуфузли амалдорларга ёқмаган. Авваллари унинг шу фазилатини деб отаси ўртасида келишмовчиликлар юз бериб турган[5]. Амалдорлар бошидан Амир Ҳусайнни тахтга кўтарилишини хоҳлашмаган. Хусусан, Амир Ҳайдар давридан буён Бухоро қўшбегиси лавозимини эгаллаб турган Ҳакимбий қўшбеги ўша пайтда Қарши вилоятида ҳокимлик қилаётган Насруллоҳга махфий тарзда одам юбориб, амирлик тахтига энг лойиқ одам у эканлигини шаҳзодага билдирган ва тахтни эгаллашга даъват қилган. Насруллоҳ Қаршидан Бухорога қараб катта қўшин билан йўлга чиққан. Бироқ, кейин Насруллоҳ акаси Амир Ҳусайнга муқовамат қилмай, сиёсий вазият ўзгаришини пойлаб туришни ўзига маъъқул деб топган[9].

Амир Ҳусайн тўсатдан хасталаниб қолгач, 1826-йилнинг кеч кузида Кармана вилоятида ҳокимлик қилаётган укаси Умарни ўз ўрнига амир этиб кўтарилишини васият қилиб жон берган. Бу орада амирликда ҳокимият учун кураш яна авжига жиққан[10].

Амир Умар ҳукмронлиги даврида

Амир Ҳусайн вафотидан сўнг, васиятга кўра ва баъзи сарой аъёнлари, қўшин саркардаларининг ёрдами билан 17 ёшли Умар 1826-йил 23-декабрда Бухоро амирлиги тахтига кўтарилган[10].

Насруллоҳ акасининг вафотини эшитиб Қаршидан Бухоро томобга йўлга чиққан ва Қоровул қишлоғига етганида укаси Умарнинг тахтни эгаллагани ҳақида хабар келган. У пойтахт Бухорога бориш-бормаслигини билолмай тараддудланиб қолган ва изига қайтиб кетган. Насруллоҳ анъанага мувофиқ амирлик тахти ўзига тегишли деб билган[5]

Амир Умар атиги 4 ойга яқин ҳукмронлик қилган. У халқ ўртасида унчалик обрўга эга бўлмай, ҳукмронлиги даврида айш-ишрат ва маишатга берилган эди. Бу пайтда Бухоро амирлигида давлат бошқарувини ўз манфаатларини ўйлайдиган Тоғай қозоқ ва Исматуллоҳбий қалмоқ каби сарой акобирлари ўз тизгинига олишган[5]. Бу ҳолдан ташвишга тушган сарой аъёнлари ва амалдорларининг кўпчилиги Амир Умархоннинг акаси ва Қарши вилояти ҳокими Насруллоҳга мактуб юбориб, унинг Бухоро амирлиги тахтини эгаллашига такроран даъват этишган[10].

Насруллоҳ барча имкониятларини ишга солиб ҳокимият учун курашни бошлаб юборган[5]. У Қаршидан Бухорога келган. Лекин укаси Амир Умар Бухоро дарвозаларини акаси учун беркитиб қўйган. Насруллоҳ Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига қайтиб, Самарқанд томонга юзланган. Самарқанд аҳли Насруллоҳни яхши кутиб олган. Темурийлар давридан қолган анъанага асосан, Насруллоҳ машҳур Кўктош тахтига амир этиб кўтарилган. Сўнгра, Зарафшон воҳаси (Самарқанд, Миёнқол, Каттақўрғон ва Кармана вилоятлари) аҳолисининг мададига таяниб пойтахт Бухоро устига ҳарбий юриш қилишга киришган[11].

Насруллоҳ Самарқанддан Бухорога қўшин тортиб келиб, Амир Умархон ҳам ўз лашкари билан унга қарши чиққанида, Кармана вилоятида ҳар икки қўшин ўзаро юзма-юз бўлган. Бироқ жанг арафасида Амир Умархоннинг қўшини парокандаликка учраб, тарқалиб кетган. Икки шаҳзоданинг кичик укалари Зобир, Ҳамза ва Сафарлар акалари Амир Умархондан юз ўгириб, катта акалари Насруллоҳ томонига ўтишган. Насруллоҳ уларни шафқат ва марҳамат билан қаъбул қилган[12].

Насруллоҳ 50 кунлик (70 кунлик; 1,5 ойлик[5]) қамалдан сўнг Ҳакимбий қўшбеги, Ражаббек парвоначи ва Аёзбий тўпчибошиларнинг[13] шаҳар ичидан туриб қилган тадбирлари натижасида пойтахт Бухорони жангсиз қўлга киритган[14]. Амир Умархондан тахтни тортиб олган[7][15][16]. Амир Ҳайдар вафотидан ушбу давргача (1826—1827) бўлиб ўтган воқеалар, баъзи бир маҳаллий тарихчи олимларга, сарой аъёнлари Насруллоҳни тахтга яқинлаштирмасликка интилишгандек туюлган[5].

Бухоро амирлиги ҳукмдори

Насруллоҳ Амир Ҳайдар вафотидан кейин 6 ой ўтгандан сўнг[17], ҳокимият учун кечган кескин курашларда акаси амир Амир Ҳусайн (1826) ва укаси Амир Умарлардан (1826—1827) сўнг, 1827-йил апрел ойининг бошларида (18-мартда; 24-мартда) 21 ёшида Бухоро амирлиги тахтига амир этиб кўтарилган[18][4]. Унинг ҳукмронлиги даври етарлича илмий тадқиқ этилмаган[5].

Амир Насруллоҳ ўз ҳукмронлиги даврида ислом шариати кўрсатмаларига қатъий амал қилган[3][19][4]. Жасур ва довюрак киши бўлганлиги боис унга „баҳодир“, „ботир“ унвонлари берилган[3][19][4].

Вақт ўтиши билан, Амир Насруллоҳнинг сиёсат юритишда маслаҳатчилари тобора камайиб борган ва ҳукмронлигининг сўнгги даврларида ёлғизланиб қолган[7].

Ички сиёсати

1839—1840-йиллардан бошлаб Амир Насруллоҳ ўз ички сиёсатида қаттиққўллик билан давлатда тартиб ўрнатишга интилган. Унинг кескин сиёсатига қарши чиққан мансабдорларни эса аёвсиз жазолаган[20]. Ҳукмдор сифатида давлатнинг ички ва ташқи душманларига зарба берган[17][3].

Амир Насруллоҳ марказлаштириш сиёсатини олиб борган: марказий ҳокимиятга бўйсунишни истамаган Шаҳрисабз ва Китоб бекларининг қаршилигини синдириб, сепаратистик (ажралиш ва таслимчилик) кайфиятларига барҳам берган. Амир бутун Мовароуннаҳр ва Хоразмни ягона давлат остига бирлаштиришга интилган. У бу режасини тўлиқ амалга ошира олмаган бўлса ҳам, қисқа муддат давомида бутун Мовароуннаҳрни ягона давлат сифатида бошқарган[21]. Қўқон хонлиги ҳудудининг Бухоро амирлиги таркибига қўшиб олиниши минтақадаги икки ўзбек давлатчилигини ўзаро бирлаштириш эди[4].

Амир Насруллоҳ ўзининг фаол сиёсатида қатор ютуқларга эришиб, Бухоро давлатининг яхлит қисми ҳисобланган Балх, Марв (1843[21]) ва бошқа вилоятлар ҳудудларини амирлик ихтиёрига яна қайтарган. Бироқ бу ҳудудлар кейинчалик турли сабаблар натижасида Бухоро амирлиги таркибидан чиқиб кетган[4].

Шу билан бирга Амир Насруллоҳ ўз фаолиятида бир қатор жиддий сиёсий хатоларга ҳам йўл қўйган. Бунинг устига Амир Насруллоҳ амри билан Нодирабегимнинг ўлдирилиши унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатган[4].

Амир Насруллоҳ томонидан Бухоро амирлигида ўтказилган турли ислоҳотлар натижасида давлатнинг иқтисодий ва ҳарбий қудрати мустаҳкамлана борган[17][4].

Маъмурий ва сиёсий соҳалардаги ислоҳотлари

Амир Насруллоҳнинг маъмурий ва сиёсий соҳадаги ислоҳотлари оқибатида давлат бошқарувига халқнинг турли табақалари орасидан чиққан кишилар келиб қўшилган. Амир Насруллоҳ ўзининг 33,5 (34[5], 35[21]) йиллик Бухоро амирлигидаги ҳукмронлиги даврида давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида уруғ ва қавм бошлиқлари бўлган кўплаб амалдорларни қуйи табақалардан чиққан ёш ва ғайратли кишилар билан алмаштирган[3]. У кўпроқ тожиклар ва ажнабийларни энг муҳим лавозимлар ва мансабларга тайинлаган. Ўз манфаатини давлат ва халқ манфаатидан устун қўйган сарой амалдорлари ва акобирларни эгаллаб турган лавозимларидан четлаштирган, уларга нисбатан қатъий жазо чораларини кўрган[22][4]. Насруллоҳ даврида унинг тахтга ўтиришига кўмаклашган Муҳаммад Ҳакимбий қўшбегининг таъсир доираси ўсиб боради. 1831—1833-йилларда Бухорога саёҳат қилган А.Бёрнс қўшбегининг икки биродари икки катта вилоятга, 13 ўғли турли вилоят ва туманларга ҳоким бўлгани, ўғилларидан бири келажакда ўз ўрнига эга чиқиши, қўшбеги лавозимини эгаллашини ёзиб қолдирган. Бухорога келган Ҳ.Вамбери (Буюк Британия империяси жосуси) ҳам Ҳакимбийнинг катта миқдордаги мол-мулкида минглаб қуллар хизмат қилганини ёзиб қолдрган. Кейинчалик амир Насруллоҳхон буйруғига кўра Ҳакимбий қўшбеги шариат суди (қозихона) га топширилади. У давлат ғазнасини ўзлаштирганлик ва халққа жабр-зулм қилганликда айбланиб, лавозимидан озод қилинади. Аввал Қарши, сўнг Нуротага сургун қилинади. 1840-йилда қатл эттирилади. Лекин Насруллоҳхон унинг оила аъзоларини жазоламаган.

Унинг давлат миқёсидаги энг муҳим лавозимларга туркий ўзбек қавмларидан ташқари ажнабийларни тайинлаши, давлат бошқарувида эроний қуллар бўлган шиаларнинг таъсири ошиши, Манғитлар ўзбек сулоласининг форслашиш жараёни, ўзбек тилининг мавқеи пасайиши ва бошқалар Амир Насруллоҳ йўл қўйган жиддий хатолардан ҳисобланади[4].

Амир Насруллоҳ давлатдаги оталиқ лавозимини бекор қилиб, қўшбеги лавозимини эгаллаган шахсга мамлакатнинг бош вазири ихтиёридаги ваколатларни топширган. Амир Насруллоҳ давридан бошлаб қўшбеги Бухоро амирлигида амирдан кейин иккинчи шахс ҳисобланган[23].

Ҳарбий соҳадаги ислоҳотлари

Амир Насруллоҳ маъмурий ва сиёсий соҳаларда ислоҳотлар ўтказишдан ташқари, ҳарбий ислоҳотларга ҳам эътибор қаратган. Ҳарбий соҳада ислоҳотлар ўтказилишидан олдин, яъни 1830—1832-йилларда пойтахт Бухорода 20 минг кишилик отлиқ қўшин, 400 кишилик пиёда қўшин бўлиб, уларнинг ихтиёрида 41 та артиллерия тўпи бўлган. Бироқ, бундан ташқари, бу пайтда давлатнинг турли ҳудудларида 50 минг кишилик отлиқ қўшин (улардан 10 минг киши Балхда ва Амударёдан жанубдаги ҳудудларда) ҳам мавжуд эди. Манбаларда келтирилишича бу қўшин элжари (ҳозирги милиция) шаклидаги қўшин тури бўлиб, давлат ичидаги ички хавфсизликни таъминлашга хизмат қилган эди[4].

1837-йили Амир Насруллоҳ ўтказган ҳарбий ислоҳотлар натижасида Бухоро амирлиги қўшинининг жанговар ҳолати яхшиланган. Ҳар бири 800 кишидан иборат 50 та сарбозлар бўлуклари ва 250 кишилик тўпчилар гуруҳи ташкил қилинган[21]. Хориждан ҳарбий мутахассислар жалб қилиниб, улардан замонавий қурол-яроғлар тайёрлаш ва фойдаланиш сирлари ўрганилган. 1834-йилда Эрондан келган Абдусамад Табризий европача усулдаги низомий аскарларга тартиб берган ва 1837-йилда махсус тўпчилар қўшинини тузган. Бухорода тўп ва замбараклар қуйиш учун махсус тўпхона қурилган. 200 кишидан иборат инглиз русумидаги махсус аскарий гуруҳ тузилиб, унга эроний қуллар киритилган. Ушбу гуруҳ Амир Насруллоҳнинг ўзига хос махсус гвардия отряди бўлиб, унга Абдусамад Табризий бошчилик қилган. Шунингдек, хориждан яна Шоҳруҳхон ва Иброҳимхон тўпчибоши ва бошқа ҳарбий мутахассислар олиб келинган. Бухоро амирлигининг ҳарбий қўшинида қизил куртка, оқ шалвар ва қалпоқдан иборат махсус ҳарбий кийим жорий этилган. Мунтазам пиёда қўшинининг сони 40 минг (ёки 2,5 минг) сарбоздан иборат (ёки ортиқ[21]) бўлган. Кейинчалик сарбозларнинг ҳар бири найзали милтиқ, қилич ва тўппонча билан қуроллантирилган. Амир сарбозларига эрон, турк зобитларидан ташқари айрим рус офицерлари ҳам таълим беришган[4].

Амир Насруллоҳ 1837-йил Марказий Осиёда ўқотар қурол билан қуролланган ва казармаларда жойлашган илк мунтазам қўшинни — Сарбозлар баталонини тузган. Насруллоҳ даврида қўшин тузилиши қуйидаги кўринишда бўлган: Ҳарбий асирлардан иборат 80 кишилик гуруҳ, 700 кишилик ҳарбий бўлинма, улар 7 дастага бўлиниб бошида эллик боши, бу гуруҳ ҳам ўнликларга бўлиниб, даҳбоши бошқарган ва юзбошига ёрдамчи ҳарбий мансабдор ҳисобланган. Насруллоҳдан олдин ҳам амирликда тўплар мавжуд бўлган. Насруллоҳ эса уларни алоҳида гуруҳ қилиб, Бухоронинг Ўғлон ва Талипоч дарвозалари олдида тўпчи казармаларини барпо этади. Ўша пайтда бу ҳудудлар „Сарбозхона“ номи билан машҳур бўлган. Сарбозхонада ҳарбийларнинг 800 уйдан иборат мунтазам яшаш манзили жойлашган эди. Амир Насруллоҳ ташкил этган тўпчилар таркибида 14 ноғарачи, 14 найчилардан иборат мусиқачилар гуруҳи мавжуд бўлиб. ҳар бир юзликда иккита турк наъмунасидаги барабанчи, 4 та сурнайчи, 6 та трубачи фаолият кўрсатган. Бундан ташқари, рус ҳарбий асирларидан татар Исмоил ва рус Трофим мураббийлигида пиёда сарбозлардан ташкил этилган ҳарбий мусиқачилар гуруҳи болобомчилар ҳам бўлган[24].

Айниқса, Амир Насруллоҳнинг ҳарбий соҳадаги ислоҳотларининг натижаси кейинчалик Россия империясининг тажовузи ва ҳужумига қарши курашда Бухоро амирлигининг учта ўзбек давлати ўртасида нисбатан энг кескин ва қаттиқ қаршилик кўрсатишига олиб келган. Россия империяси босқинига қарши курашда Бухоро амирлиги мағлубиятга учраган бўлса ҳам, мамлакат ҳудудларининг муайян қисми сақлаб қолинган[4].

Шарисабзни амирлик тасарруфига қайтарилиши

Амир Насруллоҳ Бухородаги марказий ҳокимиятга бўйсунишни истамаган ва унга қарши сепаратистик кайфиятда бўлган кенагаслар тасарруфидаги Шаҳрисабз ва Китоб бекликларига қарши қатъият билан кўп йиллар давомида муросасиз кураш олиб борган[25]. Уларга қарши кўп бора юришлар қилган[7].

Шаҳрисабз вилояти Бухоро хонлиги ҳукмдори Убайдуллахон ИИ замонидан эътиборан мустақиллик даъвосини қилиб келган, Амир Шоҳмурод ва Амир Ҳайдар даврида эса бунга деярли эришган эди[26]. Амир Насруллоҳнинг отаси Амир Ҳайдар ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Қўқон хонлиги билан бўлган урушда кўрсатган ёрдами учун Шаҳрисабз вилоятининг маҳаллий ҳокими Дониёр валлома Ниёзали ўғлига (Дониёл оталиққа) вилоятни мулк сифатида тақдим этган. Натижада, Шаҳрисабз воҳаси 1856-йилга қадар ярим мустақил бошқарувни ўз қўлида сақлаб қолган эди[27].

Амир Насруллоҳ Бухоро амирлиги тахтига чиққан даврда Шаҳрисабз Дониёл оталиқ бошчилигидаги анчагина кучли, нафақат ўзини ҳимоя қилишга қодир, балки амирликдаги сиёсий ҳаётга сезиларли таъсир кўрсата оладиган ўлкага айланган эди[25]. Амир Насруллоҳ тахтга чиққанининг иккинчи йилида Шаҳрисабз ва Китоб вилоятлари устига катта қўшин билан ҳарбий юриш қилган Амир Насруллоҳга қарши Дониёр валламий узоқ йиллар кураш олиб боради. Жангларда етган жароҳат унинг навқирон ёшида вафот этишига сабаб бўлади[26].

1836-йилда Дониёл оталиқ вафотидан сўнг унинг васиятига кўра Шаҳрисабзга катта ўғли Хўжақулбий, Китобга эса кичик ўғли Бобобек додхоҳ ҳоким қилиб таъйинланадилар. Кўп ўтмасдан ака-укалар ўртасида Шаҳрисабзда ўз таъсирини кучайтириш учун кураш бошланади. 1846-йилда Шаҳрисабзга 10 йил ҳокимлик қилгач, Хўжақулбий вафот этади. Унинг вафотидан кейин Шаҳрисабзга ўғли Аширқулибий, Китобга эса Дониёл оталиқнинг ўғли Искандарбий ҳоким бўлиб қолишади. Тез орада Искандарбий Шаҳрисабзни Аширқулибий қўлидан тортиб олади. Истандарбий ўз отаси сингари Бухоро амирлигига бўйсунмаслик сиёсатини олиб боради. Унинг бу сиёсатини сепаратистик кайфиятга мойил айрим ҳокимлар ва сарой амалдорлари қўллаб-қувватлайди. Сабаби Бухоро амирлигининг кучсизланиши уларнинг айни муддаоси эди. Бунинг устига, Шаҳрисабз ва Китобдаги марказий ҳокимиятга бўйсунмаслик майллари амирликнинг Ҳисор ва Балх вилоятларига ҳам тарқалиб улгурган эди[25].

Хуллас, Шаҳрисабз вилояти амирлик ҳудудидаги мухолифат марказига айланиб, вилоят ҳокими Искандар валламийнинг сепаратистик кайфияти Бухоро давлатини бирлаштириш ва марказлаштириш учун изчил сиёсат юритаётган Амир Насруллоҳнинг ниятларига тўғаноқ бўлган. Амир Насруллоҳнинг кенагасларга қарши олиб борган сиёсати натижасида шу уруққа мансуб бўлган аҳолининг бир қисми бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган[28]. Искандар валламийнинг сепаратистик ҳаракатларини ҳатто қўшни Қўқон хонлиги фаол қўллаб-қувватлаб турган. Қўқон хонлиги ҳукмдорлари Бухоро амирлиги кучсизланиб, у мустақил бир нечта мулкларга бўлиниб кетиши тарафдори бўлишган[25].

Искандар валламий ҳокимлик қилган йиллар ҳам Амир Насруллоҳнинг Шаҳрисабз устига кўплаб юришлари давом этиши билан характерланади. Амир Насруллоҳ 20 йил мобайнида Шаҳрисабз устига 32 марта ҳарбий юриш қилиб, ниҳоят, 1856-йили Шаҳрисабзни узил-кесил эгаллаган. Баъзи бир манбаларда, Амир Насруллоҳ Шаҳрисабзни эгаллашда ўзининг пири Шайх Муҳаммад Ҳусайн Алавий Бухорийнинг руҳи мададига таянган дейилади[25].

Шаҳрисабзга қилинган ҳарбий юришлар ичида 1827, 1844, 1856-юллардаги юришлар алоҳида ажралиб туради. Бу юришлар натижасида Шаҳрисабз 1856-йили узил-кесил Бухорога қайта бўйсундирилган[17]. Бухоро амирлигини Манғитлар ўзбек сулоласи расмий равишда бошқаришга киришгандан сўнг роппа-роса 100 йил ўтгач, Шаҳрисабз воҳаси амирлик ҳудудининг ажралмас қисми бўлиб қолган[25][4].

Шаҳрисабз марказий ҳокимиятга бўйсунгач, у сулҳ рамзи сифатида ва Шаҳрисабз кенагаслари ўртасида катта нуфузга эга валламийлар билан қариндошлик алоқаларини ўрнатиб, ушбу қариндошлик ришталарини Шаҳрисабзни ўз давлатининг ажралмас қисми сифатида ушлаб туриш мақсадида маҳаллий ҳоким Искандар Валломанинг (валинеъматнинг) Ёқуббийга турмушга чиққан синглиси Кенагас ойимга уйланган[21][4]. Бироқ Амир Насруллоҳнинг бу таваккалчилиги кейинчалик ўзига қимматга тушган. Пировардида у ўзининг янги қариндошлари фитнаси натижасида ҳалок бўлган[25].

Амир Насруллоҳ энди қайноғаси бўлмиш Искандар валламийнни бутун оиласи аъзолари ва яқинлари билан бирга Бухорога жўнатган. Искандар валламийнга Бухоро шаҳрида каттакон ҳовли ва икки боғ тортиқ қилган ҳамда уни Қоракўл туманига ҳоким қилиб тайинлаган. Ёқуббийни эса Чоржўй вилоятига бадарға қилдирган[25].

Амир Насуллоҳ Шаҳрисабз воҳасини қўлга киритгандан сўнг Шаҳрисабзга Абдуҳолиқбек (кейинчалик Оллоёрбек), Китобга Оллоёрбек (кейинчалик Ҳамидхўжа ва Файзибий), Яккабоғга Ҳомидхўжа каби беклар ҳоким қилиб тайинланишади[25].

Ташқи сиёсати

Амир Насруллоҳ ташқи сиёсий ва дипломатик масалаларда муҳим геополитик аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал қилишга муваффақ бўлган[29].

Амир Насруллоҳ ҳукмронлик қилган йиллар Туркистон минтақасида Россия—Буюк Британия империяларининг манфаатлари ўзаро тўқнашган давр ҳисобланади[21][4]. Амир Насруллоҳ ташқи сиёсат масаласида олдинги давлат бошлиқларидан фарқли равишда, Марказий Осиёнинг иқтисодиётига талабгор бўлган Россия ва Буюк Британия империялари билан очиқ сиёсат олиб бориш дастурини амалга оширган[17][30]. У ҳукм сурган йилларда Бухорога руслар ва инглизларнинг ташрифи тез-тез такрорланадиган бўлиб қолган[31]. Ҳар икки империянинг турли жосуслари саёҳатчилар, элчилар, ҳарбийлар, олимлар ниқоби остида Бухорода тез-тез бўлиб, амирлик ҳудуди, аҳолиси, ҳарбий кучлари, давлат бошқаруви ва мансабдор шахслар ҳақида маълумотларни тўплашган[30].

Амир Насруллоҳ ўз ҳукмронлиги мобайнида Қўқон ва Хоразм хонликлари билан кўп бора урушлар олиб борган. Қўқон ва Балх хонликларини қисқа муддат Бухоро амирлигига бўйсундиришга ҳам эришган[7].

Россия империяси билан дипломатик алоқалари

1858-йил адютант Николай Игнатев бошчилигидаги Россия империясидан Бухоро ва Хивага элчилик гуруҳи ташриф буюради. Ушбу миссияга бир қатор кўрсатмалар берилади: Марказий Осиёдаги вазиятни тўлиқ ўрганиш; Россиянинг ушбу давлатлардаги мавқеини мустаҳкамлаш; инглизлар аралашувига чек қўйиш. Шу билан бирга, элчиликка бож тўловларини камайтириш, Бухорога савдо агенти келишига рухсат олиш ва рус кемаларининг Амударёда эркин сузишига рухсат берилиши каби масалаларни ҳал этиш топширилади. Бунда Россия давлати томонидан Бухоро амирлиги ва Хоразм хонлигини ташқи кучлардан ҳимоя этишга ёрдам кўрсатилиши ҳам назарда тутилган[32].

Николай Игнатев эллчилиги Амир Насруллоҳ томонидан муносиб кутиб олиниб, давлатлар ўртасида ўзаро савдо-сотиқ ва хавфсизлик масалаларида келишиб олинган. Ушбу даврда Амир Насруллоҳ томонидан инглиз элчиларининг қабул қилинмаслиги Николай Игнатев бошчилигидаги миссиянинг муваффақиятли муайян даражада таъсир этади[32].

Буюк Британия империяси билан дипломатик алоқалари

1830-йилларнинг бошларида Бухоро амирлигига Вест-Индия компаниясининг топшириғи билан келган лейтенант Алехандер Бурнес билан олиб борган музокаралар асосида Буюк Британия империяси билан қисқа муддат бўлсада, ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган[17].

Амир Насруллоҳ инглиз сиёсатдонларининг асл ниятини пайқагач, уларга нисбатан муносабатини ва хайрихоҳ сиёсатини ўзгартирган. У Россия империясига қарши курашда Буюк Британия томониниг „холис“ ёрдамини қатъий равишда рад қилган. Инглиз „элчилик миссиялари“ ниқоби остида жосуслардан лейтенант Алехандер Бурнес(1838), маёр Жосепҳ Wолф(1843), полковник Чарлес Стоддарт (1838) ва капитан Артҳур Cоноллй (1842) Бухорода бўлиб, Россияга қарши Буюк Британия ҳомийлигидаги Бухоро-Хива-Қўқон иттифоқини тузишга беҳуда уринишган. Ўзининг сурбет қилиқлари ва димоғдорлиги, мутакаббир ва калондимоғлиги, шарқона дипломатия қоидаларини назар-писанд қилмаганлиги оқибатида амирнинг фармони билан полковник Чарлес Стоддарт зиндонга ташланади ва 1842-йил 17-июнда бошқа инглиз зобити капитан Артҳур Cоноллй билан биргаликда Бухоро шаҳрида қатл қилинади. Бухоро уламолари ҳар икки инглиз зобитига улар ислом динини қабул қилишса, густоҳликлари кечирилишини ва ўзлари тирик қолишлари мумкинлигини айтишганда, инглиз зобитлари рад жавобини беришган. Инглиз эмиссарларининг ўлдирилиши Амир Насруллоҳнинг Европа давлатлари, хусусан, Буюк Британия билан муносабатлари дарз кетишига сабаб бўлган[30]. Кейинчалик, Амир Насруллоҳ давлатдан инглизларнинг катта бойликларни олиб кетишига тўсқинлик қилиш мақсадида Бухоро амирлиги савдогарларига нақд пулга инглизлар билан савдо қилишни қаътий тақиқлаб қўйган[33].

Усмонлилар империяси билан дипломатик алоқалари

Хоразм билан дипломатик алоқалари

Огаҳийнинг „Гулшани давлат“ асарида Амир Насруллоҳнинг аъёнларидан бири Мирза Убайд мирохўрбоши Хоразмга элчи бўлиб боргани ҳақида маълумотлар келтирилган[34]

Амир Насруллоҳнинг ташқи сиёсатда қаттиққўл ва шафқацизлигини инобатга олиб, Хоразм хони 1845-йилда Бухорога Раҳматуллоҳ Қоракўзни элчи қилиб юборган. Ушбу элчиликнинг асосий мақсади Амир Насруллоҳнинг Хоразм билан дипломатик муносабатдаги асл ниятини аниқлаш бўлган[35].

1845-йилда Хоразмдан келган элчилар Амир Насруллоҳ томонидан самимий ниятларда кутиб олинсада, лекин унинг Хоразм билан асл мақсади, яъни тинчлик ёки уруш олиб бориш ниятидалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган[35].

1856-йилда Хоразм хони томонидан Амир Насруллоҳ ҳузурига 2-марта элчилик жўнатилади. Бироқ бу сафар мадад ва кўмак билан келган элчилик ҳеч қандай натижасиз қолиб, Амударё яқинида элчиликнинг барча вакиллари қириб ташланади. Бироқ, бу даврда Бухоро амирлиги ва Хоразм хонлиги ўртасида муайян даражада ташқи иқтисодий алоқалар фаол кечган эди[35].

Қўқон хонлигига қарши уруши

Фарғона водийси уламоларининг талаби билан Қўқонга юриш қилиб, хонлик ҳудудини эгаллаган (1842). Бироқ у Қўқон хони Муҳаммад Алихон қатл қилиш билан чекланмасдан, унинг онаси — машҳур шоира Нодирабегимни ҳам ўлдиртиради. Насруллахон томонидан Қўқонга Иброҳим парвоначи манғитнинг ноиб қилиб қолдирилиши салбий оқибатларга олиб келган. Ноиб маҳаллий аҳолига зулм ўтказиб, соликларни кўпайтирган. Натижада тез орада Қўқон қўлдан кетаган. Насруллахон Марвни ҳам Бухорога бўйсиндирган (1843)[21][4].

Эрон билан дипломатик алоқалари

Бухоро амирлиги ташқи сиёсати тарихида Эрон давлати ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳам муҳим ўрин тутган. Манбаларда Эрон давлати билан дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашда Амир Насруллоҳнинг фаолияти алоҳида кўрсатиб ўтилган[36].

Эрондан Бухорога 1844-йилда Муҳаммадшоҳ бошчилигида юборилган элчилик олдига қуйидаги масалаларни ҳал қилиш юклатилган эди: Бухорода сақланаётган эронлик асирларни озод қилиш масаласини муҳокама этиш; Марв вилояти ва туркманлар билан боғлиқ масалаларда муайян келишувга эришиш; Бухорода тутқунликда бўлган инглиз фуқароси Жосепҳ Wолффни озод қилиш масаласини ҳал этиш ва бошқалар[36].

Эрон элчиси Бухорода сақланаётган асирларни қадимий анъанага ва одатларга кўра уламоларнинг фатволари асосида давом этиб келаётгани, асирлар нақд пулга сотиб олинганлиги сабабли Эронга қайтарилмаслигини инобатга олиб, бундай ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш учун икки давлат ўртасида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган амирнинг таклифларини қабул қилади[36].

Эрон элчиси иккинчи масала, яъни Марв вилоятидаги сиёсий аҳвол масаласида Бухоро амирлиги ҳукмдори унга ушбу ҳудуддаги сиёсий аҳволнинг нақадар мураккаблигини тушунтириб, Марв ҳокими аҳоли талаби асосида тайинланганлигини, туркман уруғлари Бухоро амирлигига қарши ҳаракатлар уюштирганлигини таъкидлаб, Марв воҳасини қайта обод қилиш зарурлигини, акс ҳолда Марвни ҳеч ким бошқара олмаслигини билдиради[36].

Учинчи масала бўйича мунозара анча кескин кечади, сабаби бу масала инглизларнинг Бухоро амирлигида, умуман, Марказий Осиёдаги, жосуслик фаолияти билан боғлиқ эди. Марказий Осиёда жосуслик фаолиятини амалга ошириш учун Эрон орқали полковник Чарлес Стоддарт ва Артҳур Cоноллйлар юборилганлар. Ушбу икки элчи Амир Насруллоҳ томонидан қатл этилган бўлиб, амир уларнинг ёвуз ниятда келганлигидан бохабар эди[36].

Икки элчини озод этиш мақсадида Эрон воситачилигидан фойдаланган инглизлар Эрон орқали Жосепҳ Wолффни юборади. Жосепҳ Wолфф ҳам икки жосуснинг шериги сифатида қамоққа олинади. Эрон элчиси Бухоро амирига инглиз фуқароси Жосепҳ Wолффни иззат-икром билан топширишни сўрайди[36].

Амир Насруллоҳ бундай ташқи сиёсий ва дипломатик муносабатларда Бухоро амирлигининг халқаро алоқалардаги обрўсини, давлатнинг ички ва ташқи хавфсизлиги масалаларини, Эрон давлати билан бўладиган кейинги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўз навбатида Эрон—Буюк Британия сиёсий муносабатларини ижобийлаштириш мақсадида Жосепҳ Wолффни ҳамда Эрон асирларини озод қилишга қарор қилади[36].

Амир Насруллоҳ Эрон элчиси билан Субҳонқулибекни совға-саломлар билан Эрон давлатига элчи қилиб юборади. Эрон элчиси Субҳонқулибекни, Жосепҳ Wолффни ва эронлик асирларни олиб, Бухорони тарк этади[36].

Бухоро амирлиги билан Эрон давлати ўртасидаги муносабатларда энг ўткир масалалардан бири — асирлар масаласи бўлганлиги сабабли, бундай омил икки давлатнинг ўзаро ташқи сиёсий ва дипломатик алоқаларнинг ривожига тўсиқ бўлиб турарди. Икки давлатнинг ҳеч бирига итоат этмайдиган кўчманчи қабилалар ва уруғлар карвон йўлларида ва чегара ҳудудларида турли талон-тарожларни амалга ошириб, асирларни Бухоро ёки бошқа шаҳарлар бозорларида сотардилар[36].

Бундай кўринишдаги инсонлар савдосидан тарафлар, яъни сотувчи ва олувчилар манфаатдор бўлганлиги сабабли қул савдосини бутунлай барҳам топтириш мушкул эди. Ушбу муаммонинг ижтимоий-сиёсий моҳиятидан ташқари, ғоявий асоси ҳам мавжуд бўлиб, у сунний ва шиа мазҳаблари ўртасидаги тафовутлар билан белгиланар эди[36].

Бундай фикрнинг баҳсли мунозарага мансублигини инобатга олиб, икки давлат ўртасида йинч-тотувлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Амир Насруллоҳ вақти-вақти билан Усмонлилар империяси султонига элчилар юбориб, масаланинг шаръийлигини аниқлашга ҳаракат қилар ва унинг ҳуқуқий ечимини топиш мақсадида буюк уламо-ю мужтаҳидларнинг асарларини юборишни илтимос қилар эди. Мазкур ҳуқуқий муаммони бартараф этишга имкон берувчи ҳуқуқ манбаларини олиб келиш амир томонидан икки элчиликка топширилган эди[36].

Маданий соҳадаги сиёсати

Амир Насруллоҳнинг суюкли одатий ишларидан бири ободонлаштиришга эътибор қаратиши бўлган. Унинг замонида турли қурилишлар амалга оширилган. Унинг даврида Бухорода Халифа Худойдод меъморий мажмуасининг қурилиши якунланган. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги Пойи остона масжиди таъмирланган. Умуман, у ушбу зиёратгоҳга тунлари кўп қатнаб, у ердаги масжид ва хонақоҳларни таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, Чашмаи Айюбда жойлашган Айюб пайғамбарнинг рамзий қабрига ёғочдан ажойиб дахма ясатган[5]. Қўқондан нақшин дарвозани ўлжа қилиб олиб келиб, Қарши қалъасининг Қўқон дарвозасига ўрнаттирган[37].

Бу пайтда тарихчи Муҳаммад Миролим Бухорий „Фатҳномаи султоний“ („Султон фатҳномаси“) асарини ёзган. Кейинчалик машҳур аллома бўлиб етишган ёш Аҳмад Дониш Амир Насруллоҳ назарига тушиб, саройга хизматга олинган.

Фиқҳга оид „Фавоиди муҳаммат мунтахиб ут-табақот ул-ҳанафия“ асарининг муаллифи Абдуллоҳ ибн Аваз Муҳаммад ал-Балхий ал-Котиб Бухорода яшаб ижод этган[38].

Муҳаммад Саидхожа ибн Шоҳ Саидхожа ан-Насафий[39] ва Мулла Сайид Насафий[40] каби моҳир ҳаттотлар яшаб ижод қилишган. Муҳаммад Саидхожа ибн Шоҳ Саидхожа ан-Насафийнинг ҳаттотлик маҳорати Амир Насруллоҳни ўзига ром этган. У ҳукмдорга ёққан асарларни кўчириб берган. Жумладан Амир Насруллоҳ амри билан у Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийнинг „Кимёйи саодат“ асарини кўчирган[39].

Шоир Шукурий Фарғоний Амир Насруллоҳ таклифи билан Бухорода наққошлик қилган. Ўша даврда Самарқандда қурилган кўпгина биноларда Шукурий Фарғоний нақшлари мавжуд.

Илм-фан соҳасидаги сиёсати

Амир Насруллоҳ ота-бобоси даврида амал қилинган анъанага мувофиқ, илм-фан соҳасига ҳомийлик қилган; атрофига илм ва санъат аҳлини тўплашга ҳаракат қилган. Улуғ алломалар ва азиз-авлиёлардан сабоқ олиш унинг суюкли одатий ишларидан бири бўлган[5]. Бухорода Аҳмаджон пўстиндўз [41], Бадриддин[42], Ёши Узоқбек[43], Иброҳим охунд[44], Маҳдихожа[45], Модарихон хўрд[46], Мулла Солиҳ[47], Олимжонбой[48], Мулла Солиҳ[47], Ўткур қўшбеги[49] мадрасалари ҳамда, бошқа манбаларга кўра, Қози Ҳасанхўжа, Эшони Пир, Мирзо Убайд, Исмоилхўжа, Мирзо Абдулғаффор, Тожиддин мадрасалари ҳам унинг даврида қурилган. Хусусан, Амир Насруллоҳ донаторлигида пойтахт Бухоронинг Пойи остона гузарида, отаси Амир Ҳайдарнинг қабри яқинида Амир Насруллоҳ мадрасаси[50], Миржон Али гузарида Миржон Али мадрасаси[51], Ҳожи Ҳабибуллоҳ гузарида Олий чўбин мадрасаси[7] бунёд этилган.

Бухоро мадрасаларида ҳафтада 4 кун (шанба, якшанба, душанба ва сешанба кунлари) дарс ўтилган. Амир Насруллоҳ даврида эса ҳафтада дарс кунларини кўпайтиришга уринишлар бўлган. Кейинчалик бу тўғрида Абу Абдураҳмон шундай деб ёзиб қолдирган[52]:

Қозикалони „Ат-такмиллат аъла ат-татимма“ соҳиби Хожажон номи билан машҳур Муҳаммад Шариф ибн Атоуллахожа Бухорийдир. У жанобдан илгари катта мадрасаларда вақф [масалалари] тафовутли бўлиб, „Шаҳри мулла Аданий“ ақоидидан мулла Жалолга қадар Авсатга кўпроқ эътибор қилинарди. Унинг асрида ҳаммаси баробар бўлди. Чоршанба таҳсил куни қилиниб, пайшанба ва жума таътил этилди. Бироқ ҳозир ҳам чоршанба илгаригидек таътил ҳисобланади[53].

Диний соҳадаги сиёсати

Амир Насруллоҳ саловатхонликни жуда яхши кўрган. Хожа Муҳаммад Боқибиллоҳ Деҳлавийнинг „Шифо ал-амроз“ („Касалликлар шифолари“) асарини қўлдан қўймаган экан. Асар чиройли насх хатида кўчирилган бўлиб, ҳафтанинг ҳар бир кунида ўқиладиган 535 та саловатдан — дуолар тўпламидан иборат бўлган[5].

Амир Насруллоҳ Қўқонни олганда (1842) ўзи билан бирга Мавлавий Жалла номи билан танилган Шайх Абдулатифхожани ҳам Бухорога олиб келган ва уни муфти лавозимига тайинлаган[54].

Оиласи

Амир Насруллоҳнинг оилавий аҳволи тарихий манбаларда жуда кам ёритилган. Бирорта асарда бу ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Фақат айрим манбаларда унинг фарзандлари ҳақида маълумотлар келтирилган[5].

Амир Насруллоҳнинг Музаффар, Акрам ва Маликхон тўра исмли ўғиллари бўлган. Музаффар отасидан кейин амирлик тахтига ўтирган. Акрам Музаффарнинг укаси бўлган дея тахмин қилинади. Маликхон тўра жисмонан бақувват бўлмаган. У Ҳиндистонга кетиб, ўша ерларда ҳаёт кечирган ва кўп фарзандлар кўрган[5].

Ўлими

Амир Насруллоҳ 1860-йилда хасталаниб қолган. Ўлимидан олдин Қарши, Шаҳрисабз, Китоб, Самарқанд ва Миёнқол вилоятларида бўлиб, сафар ойининг 10-куни пойтахт Бухорога қайтган[5]. Кундан-кун аҳволи оғирлашиб, 1860-йилнинг 21-сентябрида[4] (5-октябрда[21], 19-октябрда[5]) 60 ёш атрофида вафот этган. Баъзи манбаларда Амир Насруллоҳ ўлимига қулоқ оғриғи сабаб бўлган деб кўрсатилади. Бухоро жадидларининг машҳур намоёндалари Садриддин Айний ва Фитрат томонидан ХХ асрнинг 20-30-йилларида ёзилган маълумотларга қараганда, амирнинг вафотига Кенагасхоним сабабчи бўлган. Шаҳрисабзни тўлиқ қўлга киритган Насруллоҳ унинг собиқ ҳокими Искандар Валламийнинг синглиси Кенагасхонимни (Фитрат маълумотларида Кенгашойим) никоҳига олади. У акасининг ғаразли ниятини амалга ошириш учун ухлаб ётган эри Насруллоҳ қулоғига симоб қуйиб юборади. Қулоқ оғрига учраган Насруллоҳ ўлими олдидан Кенагасхонимни Арк ичида жойлашган Чилдухтарон қудуғига ташлашни буюради. Бу орада Бухорода яшаётган Искандар Валламий ва унинг оила аъзолари[55], шунингдек, куёви Ёқуббий ва унинг фарзандлари ҳам қатл қилинади. Суиқасддан бир неча кун ўтгач, 1860-йил 21-сентябрда Насруллоҳ қийналиб жон беради[56]. Марҳумни Регистондаги Болойи ҳовуз масжидига олиб келишган ва аълам ул-уламо Султонхожа аълам унинг жаноза намозига имомлик қилган. Бу тадбирга халқ беҳад кўп йиғилган, натижада катта издиҳом пайдо бўлган ва уни қабргача кузатиб борган. У Бухоро шаҳридаги Жўйбор мавзесида, бобоси ва отасининг ёнига, ҳазрати Имло (Эшони имло) қабристонига дафн этилган[5]. Амирдан ёлғиз ўғил Музаффар қолган. Насруллоҳ ўлимидан аввал амирлик тож-у тахтини ёлғиз ўғли Музаффариддинга эмас, балки невараларидан бирига васият қилиб қолдиради. Бироқ Бухоро амирлиги тахтига 1860-йил 23-сентябрда Музаффар ўтирган[21][7].

Шахсга нисбатан муносабат

Амир Насруллоҳ ҳукмронлиги даври етарлича илмий тадқиқ этилмаган. Ҳозирга қадар унинг шахси ҳақида илм аҳли бир-бирига қарама-қарши ва зид фикрлар билдиради. Бунга сабаблардан бири сифатида, илғор ва эркин фикрли кишиларнининг Амир Насруллоҳ томонидан қувғин қилиниб, ҳатто уларни турли йўллар билан ўлдиртиргани тарихий манбалар ва илмий тадқиқотларда кўп бор таъкидлангани кўрсатилади[5].

Масалан, Муҳаммад Мир Олим Бухорий ва Абдумуталлиб Фаҳмий каби баъзи муаллифлар асарларида у ҳақида ёмон сўз айтилмайди[5].

Бироқ, Қўқон хонлигининг истило қилиниши ва у ерда амалга оширилган ўлим жазолари, Жунайдуллоҳ Ҳозиқ, Охунд Дарвеш Муҳаммад Кеший каби алломаларнинг ўлдирилиши унинг шаънига ҳозирга қадар таъна тошларини отилишига сабаб бўлмоқда[5].

Бухоро халқ совет республикаси давридан бошлаб янги тузум фаоллари бўлган Ёш бухороликлар (жадидлар) ўзларининг яқинда мавҳ этилган ғанимлари — Манғитлар ўзбек сулоласи амирларини кескин танқид қилишга киришганлар. Бу ишнинг бошида таниқли маҳаллий адиблар Садриддин Айний ва Абдурауф Фитратлар туришган. Йирик давлат арбоби Файзулла Хўжаев эса уларнинг ғоявий мафкурачиси ҳисобланган. Бу ҳолат 1925-йилдан кейин, Ўзбекистон ССР тузилгач, айниқса, авж олиб кетган. Бу даврга келиб нафақат Амир Насруллоҳни, балким барча Манғитлар ўзбек сулоласи амирларини қоралаш жараёни ёппасига оммавий кампанияга айлантирилган. Бу ҳолат Қўқон тарихнавислик мактабига мансуб жадидчи Исъҳоқхон Ибратнинг „Фарғона тарихи“ асарида ҳам ўзининг яққол ифодасини топган. А. Фитрат ва И. Ибрат томонидан Амир Насруллоҳ „Ботур қассоб“, „Қассобнинг ботири“ деган номлар билан аталган. Амирга ёпиштирилган ушбу ёрлиқ кейинги даврларда ўзининг тарихий хизматини кўрсатган[57].

Қуйида А. Фитрат асаридан иқтибос келтирилган:

Амир Ҳайдардан кейин унинг ўғли Амир Ҳусайн тахтга ўтирди, бироқ икки ою неча кундан кейин у вафот этди. Унинг ўрнини Амир Умар эгаллади. Бироқ Амир Ҳайдарнинг ўғли Амир Нарулло ўзининг биродарига қарши лашкар тортиб Бухорони ўраб олди ва ҳукуматни ўз қўлига олди. Насрулло олдин Амир Умарни омон қолдириб, Бухородан чиқариб юборди, аммо аҳдига вафо қилмай орқасидан жаллодини юборди. Жаллод Амир Умар бошини кесиб келтирди. Насрулло ўзининг бошқа ака-укаларини ҳам турли ҳийлалар билан ўлдирди ва Бухоро ҳукуматига ҳеч қандай рақибсиз эга бўлди[57].

Қ. Ражабов А. Фитратнинг асарида "тарихий ҳақиқатдан чекинилган, манғит ҳукмдорлари фаолиятини баҳолашда синфий ёндашув устун бўлган" деб баҳо берган ва А. Фитратнинг Амир Насруллоҳга нисбатан айтилган қуйидаги гапларни амир ҳаёти тўғрисидаги тарихий ҳақиқат деб қабул қилмаслик лозимлигини таъкидлаган.

Халқнинг гўзал чаҳрали қизлари ва ўспирин фарзандларини унинг қўлидан қочириш, халос бўлиш йўли йўқ эди. Ҳар бир қиз ёки бирор ўспирин минг йўл билан беаёв амир қўлидан қочиб қутулишга интилса, амир кишилари ҳар хил йўл билан уларни қатл этишар эди … . Амир Насрулло ҳар кимни арзимас баҳона билан ўлдирар ва мулкини талон-арож этар эди. Унинг ҳокимияти даврида Бухоро халқи зиёфат, мажлис ўтказа олмас эди. Ҳатто охирги нафаси чиқаётган пайтида ҳам унинг қонталаб ҳирси тўхтамади ва ўзининг Кенгашойим исмли хотинини „менинг қулоғимга симоб қуйдинг“ деб жаллодга топширди. Ушбу бегуноҳ аёлнинг охирги қони томчилари ерга оқаётган пайтда амир Насруллонинг ҳам сўнгги нафаси тоза ҳавони булғади[57].

Амир Насруллоҳ фаолияти тўғрисида советлар даврида ҳам, СССР қулаб Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ҳам тадқиқотчилар кўп ёзишган. Бироқ бу асарларнинг аксариятида Манғитлар ўзбек сулоласининг ушбу ҳукмдорлари ҳаёти ва фаолияти бир томонлама кўрсатилиб, Амир Насруллоҳ қиёфаси фақат қора бўёқларда тасвирланган. Қаҳрамон Ражабовнинг фикрича, Амир Насруллоҳ ҳақида ХИХ аср бошида „турли даъволар ва юзаки мулоҳазалар“ билдираётган муаллифларнинг аксарияти тарихчи эмас, балки журналистлар, адиблар, адабиёцҳунос олимлар ва бошқа касб эгаларидир[58].

Инглиз олими Жоҳн Wҳеэлер Амир Насруллоҳнинг давлатни бошқариш фаолиятига қуйидагича ижобий баҳо беради[59]:

[Амир Насруллоҳ] шафқациз ҳамда мустабид ҳукмронлигига қарамасдан, у давлат қурилиши йўлида бир қатор ижобий ишларни ҳам амалга оширди. Ўзига содиқ ҳарбийлар билан бирга профессионал қўшин ташкил қилди, бир қанча суғориш лойиҳаларини ва маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди[59].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Ражабов 2011, с. 12.
  2. ↑ 2,0 2,1 Жуманазар 2017, с. 256—264.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 Тўраев 2020, с. 187.
  4. ↑ 4,00 4,01 4,02 4,03 4,04 4,05 4,06 4,07 4,08 4,09 4,10 4,11 4,12 4,13 4,14 4,15 4,16 4,17 4,18 Ражабов.
  5. ↑ 5,00 5,01 5,02 5,03 5,04 5,05 5,06 5,07 5,08 5,09 5,10 5,11 5,12 5,13 5,14 5,15 5,16 5,17 5,18 5,19 5,20 5,21 Жуманазар 2017, с. 182—185.
  6. ↑ 6,0 6,1 Ражабов 2011, с. 4.
  7. ↑ 7,0 7,1 7,2 7,3 7,4 7,5 7,6 7,7 Жуманазар 2017, с. 390—392.
  8. ↑ Ражабов 2011, с. 5.
  9. ↑ Ражабов 2011, с. 6.
  10. ↑ 10,0 10,1 10,2 Ражабов 2011, с. 8.
  11. ↑ Ражабов 2011, с. 8—9.
  12. ↑ Ражабов 2011, с. 9.
  13. ↑ Жуманазар 2017, с. 178.
  14. ↑ Ражабов 2011, с. 9—10.
  15. ↑ Жуманазар 2017, с. 418.
  16. ↑ Жуманазар 2017, с. 544.
  17. ↑ 17,0 17,1 17,2 17,3 17,4 17,5 Шодиев 2010, с. 22.
  18. ↑ Ражабов 2011, с. 10.
  19. ↑ 19,0 19,1 Ражабов 2011, с. 15.
  20. ↑ Ражабов 2011, с. 18.
  21. ↑ 21,00 21,01 21,02 21,03 21,04 21,05 21,06 21,07 21,08 21,09 Тўраев 2020, с. 188.
  22. ↑ Ражабов 2011, с. 16.
  23. ↑ Ражабов 2011, с. 29.
  24. ↑ Маматқобулов Тўлқин. [ҳттпс://cйберленинка.ру/артиcле/н/амир-насруллохон-амалга-оширган-ҳарбий-ислоҳотлар/виэwер „АМИР НАСРУЛЛОХОН АМАЛГА ОСҲИРГАН ҲАРБИЙ ИСЛОҲОТЛАР“] (о'збекча) (октябр 2021-йил). Қаралди: 2023-йил 16-июл.
  25. ↑ 25,0 25,1 25,2 25,3 25,4 25,5 25,6 25,7 25,8 Ражабов 2017, с. 26—29.
  26. ↑ 26,0 26,1 Равшанов 2011, с. 410.
  27. ↑ Ражабов. Амир Ҳайдар ёхуд «амири саййид».
  28. ↑ Равшанов 2011, с. 3.
  29. ↑ Шодиев 2010, с. 49.
  30. ↑ 30,0 30,1 30,2 Ражабов 2011, с. 31—33.
  31. ↑ Равшанов 2006, с. 521.
  32. ↑ 32,0 32,1 Шодиев 2010, с. 51—52.
  33. ↑ Алимова 2017, с. 58.
  34. ↑ Жуманазар 2017, с. 352.
  35. ↑ 35,0 35,1 35,2 Шодиев 2010, с. 51.
  36. ↑ 36,00 36,01 36,02 36,03 36,04 36,05 36,06 36,07 36,08 36,09 36,10 Шодиев 2010, с. 49—51.
  37. ↑ Равшанов 2006, с. 586.
  38. ↑ Жуманазар 2017, с. 165.
  39. ↑ 39,0 39,1 Жуманазар 2007, с. 187—188.
  40. ↑ Жуманазар 2007, с. 190.
  41. ↑ Жуманазар 2017, с. 202—205.
  42. ↑ Жуманазар 2017, с. 207—208.
  43. ↑ Жуманазар 2017, с. 251.
  44. ↑ Жуманазар 2017, с. 277—279.
  45. ↑ Жуманазар 2017, с. 330—332.
  46. ↑ Жуманазар 2017, с. 367—368.
  47. ↑ 47,0 47,1 Жуманазар 2017, с. 372—373.
  48. ↑ Жуманазар 2017, с. 392.
  49. ↑ Жуманазар 2017, с. 480.
  50. ↑ Жуманазар 2017, с. 181—182.
  51. ↑ Жуманазар 2017, с. 347—348.
  52. ↑ Жуманазар 2017, с. 63—64.
  53. ↑ Жуманазар 2017, с. 65.
  54. ↑ Жуманазар 2017, с. 482.
  55. ↑ Р.СҲамсиддинов. Ватан тарихи 2-китоб. Тошкент Шарқ 2016 — 81-бет. ИСБН 978-9943-26-493-9. 
  56. ↑ Қаҳрамон Ражабов. Насруллоҳхон. Тошкент 2011 — 34-бет. ИСБН 978-9943-336-63-6. 
  57. ↑ 57,0 57,1 57,2 Ражабов 2011, с. 35—42.
  58. ↑ Ражабов 2011, с. 3.
  59. ↑ 59,0 59,1 Шодиев 2010, с. 22—23.

Адабиётлар

  • Алимова Р. Р.. Ўрта Осиё хонликларининг қўшни давлатлар билан дипломатик ва савдо-иқтисодий муносабатлари (ХВИ—ХХ аср бошлари рус тарихшунослиги ва манбалари асосида. Тошкент: Тошкент давлат шарқшунослик институти, 2017 — 147-бет. 
  • Жуманазар А. К.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2. 
  • Жуманазар А. К.. Насаф. Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007 — 204-бет. ИСБН 978-9943-06-029-6. 
  • Ражабов Қ. К.. Амир Ҳайдар ёхуд «амири саййид». Бухоро: Бухоро мавжлари. 
  • Ражабов Қ. К.. Амир Насруллоҳ Баҳодурхон ёхуд «хони шаҳид». Бухоро: Бухоро мавжлари. 
  • Ражабов Қ. К.. Насруллоҳхон (рисола). Тошкент: Абу матбуот-консалт, 2011. ИСБН 978-9943-336-63-6. 
  • Равшанов П.. Қарши тарихи. Тошкент: Янги аср авлоди, 2006 — 648-бет. ИСБН 5-633-01899-0. 
  • Равшанов П.. Шаҳрисабз тарихи (Энг қадим даврлардан ХХ асрнинг И чорагигача. Тошкент: Янги аср авлоди, 2011 — 548-бет. ИСБН 978-9943-08-760-6. 
  • Тўраев Ҳ.. Бухоро тарихи: ўқув қўлланма. Бухоро: Дурдона, 2020 — 592-бет. ИСБН 978-9943-6571-0-6. 
  • Шодиев Ж. М.. Бухоро амирлиги давлатчилигининг ривожланиши. Тошкент: ТДЙИ нашриёти, 2010 — 114-бет.