Тўгарак чувалчанглар (Нематода) — бирламчи тана бўшликли чувалчанглар синфи. Танаси ипсимон, дуксимон, баъзан лимонсимон, бочкасимон; кўндаланг кесими тўгарак шаклда (номи шундан). Эркин яшовчи тўгарак чувалчанглар майда (0,05 мм дан 5, баъзан 50 мм гача), паразит турлари, одатда, майда, лекин бир қанча турлари 20 — 40 см га, баъзан 8,4 м га етади (кашалотлар бачадонидан топилган гигант плацентонема).

Тўгарак чувалчанглар айрим жинсли; тухум қўяди ёки айрим турлари тирик туғиб кўпаяди. Эркин яшовчи Тўгарак чувалчанглар бактериялар, сувўтлар, детрит билан, айрим турлари йиртқичлик қилиб озиқланади. Тўгарак чувалчанглар орасида кўп турлари ҳайвонлар, ўсимлик замбуруғлари ва одамда паразитлик қилади. 20000 дан ортиқ тури бор. Ер юзида жуда кенг тарқалган; тупроқ, денгиз ва чучук сувларда хай вон ва ўсимлик тўқималарида учрайди. Одам ва ҳайвонларга аскаридолар, ришта, трихина ва бошқа, қишлоқ хўжалиги. экинларига бўртма нематодалар, картошка, шоли, буғдой нематодалари ва бошқа зиён келтиради. Ўзбекистонда сабзавот ва полиз экинлари бўртма нематодалар билан кучли зарарланади[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Тўгарак чувалчанглар“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Т-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.