Норвегия, Норвегия Қироллиги (букмолча: Конгерикет Норге, нюнорскча: Конгерикет Норег) — Шимолий Европадаги давлат. БМТ аъзоси. Скандинавия ярим оролининг ғарбий ва шимолий қисмида. Майдони — 385[2] минг км2. Аҳолиси 5,404,844 киши (2023)[3]. Осло шаҳри Маъмурий жиҳатдан 19 фюлке (вилоят)га, жумладан, фюлкега тенглаштирилган Осло шаҳрига бўлинади. Шпицберген архипелаги, Аийқ ороли, Ян Меен ва Буве ороллари ҳам Норвегияга қарайди. Норвегия катта нефт ва саноат давлати ҳисобланади.

Норвегия Қироллиги
Шиор: Алт фор Норге
(Норвег: Эверйтҳинг фор Норwай)
Мадҳия: Cивил: Жа, ви элскер детте ландет
(Ес, Wе Лове Тҳис Cоунтрй)
Location of Norvegiya
Пойтахт Осло
Расмий тил(лар) Норвег тили
Ҳукумат Конституцион Роҳиблик
Қирол Ҳаралд В
Жонас Гаҳр Стøре (Ап) (2021–)
Мустақиллик
• Даниядан мустақил бўлган
17-май 1814
• Швеция билан шахсий бирлашиш бузиши
7-июн 1905
Майдон
• Бутун
324,220 км2 (67-ўрин)
• Сув (%)
5.2
Аҳоли
• 2026-йилги рўйхат
5,627,400[1] (120-ўрин)
• Зичлик 15/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2005-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$194,700 миллион (42-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$42,390
Пул бирлиги Норwегиан Кроне (НОК)
Вақт минтақаси УТC+1
• Ёз (ДСТ)
УТC+2
Қисқартма НО
Телефон префикси 47
Интернет домени .но

Давлат тузуми

Норвегия — конституцияли монархия. 1814-йил 17-майда қабул қилинган Норвегия Қироллиги конституцияси амал қилади, унга кейинчалик тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғи — қирол (1991-йил 21-январдан Ҳаралд В). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали (юқори палатаси лагтинг, қуйи палатаси оделстинг) парламент — стортинг амалга оширади. Ижрочи ҳокимият қирол қўлида бўлиб, у Давлат кенгаши (ҳукумат)ни тайинлайди. Бош Вазир 2013: Эрна Солберг

Табиати

Норвегия — тоғли ўлка. Ҳудудининг қарийб 2/3 қисми денгиз сатҳидан 500 м дан баланд; денгиз соҳилидагина пасттекислик бор. Ғарбий қирғоғида тик ён бағирли тор қўлтиқ (форд) кўп. Йирик ороллари — Лофотен, Вестеролен, Сеня, Магерё ва бошқалар. Ҳудудининг катта қисмини Скандинавия тоғлари ишғол қилади (энг баланд жойи Галхёпигген тоғи — 2470 м). Фойдали қазилмалари: темир, никел, мис, титан, уран, молибден, кобалт ва кумуш рудалари. Шимолий денгизнинг қуруқликка яқин саёз қисмида нефт ва газ конлари бор. Иқлими мўтадил, шимолий чеккасида субарктика, соҳилида океан иқлими январнинг ўртача ҳарорати шимолда —2—4 °C, жанубда 2 °C. Ёзи салқин, тез-тез ёмғир ёғади. Йиллик ёғин 1000–3000 мм. Музликларнинг умумий майдони 3000 км2 га яқинни ташкил этади. Йирик дарёлари — Гломма, Логен (Гудбрансдал), Логен (Нумедал). Катта гидроэнергия салоҳиятига эга бўлган бу дарёлар қор, ёмғир ва музликлардан тўйинади. Энг катта кўли — Мёса. Асосий тупроғи — юпқа тундра тупроғи, жанубда тоғ подзол тупроғи учрайди. Мамлакат ҳудудининг 27 % ўрмон. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, силовсин, росомаха, сувсар, лос, буғу, қуён, тийин, лемминг ва бошқалар бор. Денгиз соҳилида гала-гала қушлар, денгизларда турли балиқ ва тюлен кўп.

Аҳолиси

Аҳолисининг 97 % норвеглар. Саамлар квенлар шведлар данлар немислар ва бошқалар ҳам яшайди. Расмий тил — норвег тили. Расмий дин — лютеранлик. Шаҳар аҳолиси 50 %. Йирик шаҳарлари — Осло Берген Тронхейм ва бошқалар.

Тарихи

Норвегия ҳудудида одам музлик давридан кейинги асрлардан бери яшайди. Милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида саам ва герман қабилалари яшаган. Норвегларнинг ҳаёти азалдан денгиз билан боғлиқ: мамлакатнинг номи ҳам „норвег“ — „шимолий йўл“, „денгиз йўли“ маъносини билдиради. 872-йил биринчи норвег қироли тахтга ўтирди. ВИИИ—ХИ асрларда моҳир денгизчи бўлган норвег викинглари Исландияга, Гренландия соҳиллари ва Шимолий Атлантикадаги оролларга етиб бориб, уларни мустамлакага айлантирдилар. ХИ асрда христианлик жорий этилди, марказлашган монархия қарор топди. ХИВ аср ўрталарида тарқалган вабо мамлакат хўжалигини, ижтимоий ва сиёсий хаётни издан чиқарди, аста-секин мустақиллик барбод бўлишига олиб борди. 1319-йил Швеция, 1380-йил Дания билан иттифоқ тузди. 1397-йил Калмар иттифоқига кўра, Норвегия Данияга тобе бўлиб қолди, 1537-йил Даниянинг вилоятига айланди.

1805—14 йиллардаги Англия-дания уруши ва ҳосилсизлик Норвегияни ҳалокат ёқасига келтириб қўйди, ўн минглаб киши очликдан ўлди. 1814-йил Кил сулҳ шартномасига кўра, Норвегия шведлар мулки бўлиб қолди. Бундан норози бўлган норвег халқи мустақиллик учун кураш бошлади. Ўша йил 17-майда биринчи парламент (таъсис мажлиси) чақирилиб, конституция қабул қилинди ва қирол сайланди. Швеция-Норвегия иттифоқи 1905-йилгача амал қилди, Норвегия ички мустакилликдан фойдаланди. 1905-йил 7-июнда стортинг Швеция-Норвегия иттифоқини бекор қилди.

Биринчи жаҳон урушида Норвегия бетарафлик эълон қилди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши биланоқ Норвегия бетараф эканини билдирган бўлса ҳам, 1940-йилда гитлерчилар Германияси унга бостириб кирди, Норвегия ҳукумати Лондонга кўчди. 1942-йил фашистлар Норвегияда В. Квислинг бошчилигида сотқин ҳукумат тузди. Мамлакатда Қаршилик кўрсатиш ҳаракати авж олди. 1945-йил 8-майда Норвегия озодликка эришди. Урушдан кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва ривожлантиришга киришилди. 1945-йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1992-йил 10-июнда ўрнатган. Миллий байрами — 17-май Конституция куни (1814).
Мадҳия: Cивил:

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари

Норвегия ишчи партияси, 1887-йил асос солинган; Марказ партияси, 1920-йил ташкил этилган; Тараққиёт партияси, 1973-йил тузилган; Венстре, либерал партия, 1884-йил асос солинган; Социалистик сўл партия, 1975-йил ташкил этилган; Христиан халқ, партияси, 1933-йил тузилган. Хейре, консерватив партия, 1884-йил асос солинган. Норвегия касаба уюшмалари марказий бирлашмаси, 1899-йил ташкил этилган. Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерацияси ва Европа касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Иқтисодиёти

Норвегия — ривожланган индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 28,6 %, қишлоқ хўжалигининг улуши 2,9 %. Денгиз кема қатнови, балиқ овлаш, ташки савдонинг роли катта.

Саноати

Саноатнинг етакчи тармоқлари: электр металлургия, электр кимё, селлюлоза-қоғоз, балиқ саноати, асосан ташки бозор учун ишлайди. Ички бозорга хизмат қиладиган тармоқлар орасида озиқ-овқат ва енгил саноат билан бирга машинасозлик ва металлсозлик дуруст тараққий этган. Кончиликда темир ва титан рудаси, кумир, нефт ва газ қазиб олиш катта урин тутади. Электр энергиянинг 99 % ГЕСларда ҳосил қилинади (йилига ўртача 122 млрд. кВт-соат). Қора ва рангли металлургия, кемасозлик, электротехника, радиотехника ва ёғочсозлик саноати кўпроқ ривожланган. Ахрли жон бошига электр энергияси, селлюлозақоғоз маҳсулотлари, ферроқотишма, алюминий ишлаб чиқариш ва кемасозликда Норвегия дунёда олдинги ўринларда туради.

Қишлоқ хўжалиги

Мамлакатнинг табиий шароити қишлоқ хўжалиги учун жуда ноқулай. Тоғ-тош кўплигидан Норвегия ҳудудининг 3 % га яқини ҳайдалади. Қишлоқ хўжалиги, асосан, гўшт сут чорвачилигига ихтисослашган. Деҳқончилигида ем-хашак экинлари, бир оз миқдорда ғалла (сули ва арпа), картошка экилади. Чорвачиликда йилқи, қорамол, қўй, чўчқа, парранда боқилади. Қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Мўйна ҳайвонотчилиги, балиқчилик ривожланган, ўрмонларда кўп миқдорда ёғоч тайёрланади.

Транспорти

Ички юклар ва ташқи савдо маҳсулотларининг аксарияти денгиз кемаларида ташилади. Денгиз савдо флотининг тоннажи 38,3 млн. тонна дедвейт. Йирик портлари: Осло, Берген, Ставангер. Темир йўл узунлиги — 4 минг км, автомобил йўллари 89,7 минг км. Асосий аэропортлари — Гардермоэн (Осло), Сулла (Ставангер) ва Будё.

Экспорт ва импорт

Четга нефт ва табиий газ, кемасозлик, селлюлоза-қоғоз ва кимё саноати маҳсулотлари, қора ва рангли металлар, балиқ маҳсулотлари чиқаради. Четдан машина, минерал хом ашё, автомобиллар олади. Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлари: Буюк Британия, Швеция, Германия, Нидерландлар. Пул бирлиги — крона.

Тиббий хизмати

Норвегияда соғлиқни сақлаш юқори даражада ташкил этилган. Тиббий хизмат қийматининг 80 % ижтимоий суғурта ҳисобидан қопланади. Врачлар университетларнинг тиббиёт факултетларида тайёрланади. Санкт — Олафс — Килле, Саннефорд, Ларвик, Ханке балнеологик курортлари, ғарбий соҳилида Берген денгиз бўйи иқлимий шифохонаси бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари

Дастлабки мактаблар ХИИ аср бошларида очилган. 1848-йил 7 ёшдан 13—14 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий этилди, 1968-йил 16 ёшгача етказилди. Ҳозир таълим тизими мактабгача тарбия муассасалари, 6 йиллик кичик ва 3 йиллик юқори мажбурий мактаблар, ўрта умумий таълим мактаби — гимназиялар, ҳунар-техникалар ўрта махсус ўқув юртларини ўз ичига олади. Осло, Берген, Тронхейм, Тромсёдаги университетлар, 10 та институт олий таълим беради.

Мамлакатдаги илмий тадқиқотларни Фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда илмий тадқиқотлар маслаҳат кенгаши мувофиклаштиради. Норвегия фан ва адабиёт академияси (1857), 300 дан ортиқ илмий тадқиқот институти, саноат ва савдо фирмаларининг 300 лаборатория, 40 га яқин илмий жамият ва бошқалар бор. Бундан ташқари, Осло университетида 90, Тронхейм университетида 50 илмий тадқиқот институт ва лаборатория иш олиб боради. Университетлар ҳузурида йирик кутубхоналар ва Осло шаҳри кутубхонаси, Норвегия халқ музейи (1894), университет миллий осори атиқалар музейи, Миллий галерея, Амалий санъат музейи, Зоология музейи ва бошқалар бор. Норвег викингларининг кемалари, Т.Хеердалнинг „Кон-Тики“ соли музейда сақланаётир.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви

Энг йирик газета ва журналлари: „Адрессеависен“ („Манзилли газета“, кундалик газета, 1767-йилдан), „Арбейдербладет“ („Ишчилар газетаси“, кундалик газета, 1884-йилдан), „Бергене арбейдерблад“ („Берген ишчилар газетаси“, кундалик газета, 1927-йилдан), „Вердене ганг“ („Ҳаракатдаги дунё“, кундалик газета, 1945-йилдан), „Ворт ланд“ („Бизнинг мамлакат“, кундалик газета, 1945-йилдан), „Дагбладет“ („Кундалик газета“, 1969-йилдан), „Моргенбладет“ („Тонгги газета“, кундалик газета, 1819-йилдан), „Нашунен“ („Миллат“, кундалик газета, 1896-йилдан), „Норгес индўстри“ („Норвегия саноати“, 2 ҳафтада чиқадиган журнали, 1920-йилдан), „Фремовер“ („Олға“, кундалик газета, 1903-йилдан), „Ҳарстад тиденде“ („Ҳарстад газетаси“, кундалик газета, 1887-йилдан), „Актуэлт перспектив“ („Долзарб истиқбол“, журнал, 1963-йилдан), „Фри фагбевегелсе“ („Эркин касаба ҳаракати“, 2 ҳафтада чиқадиган журнал, 1906-йилдан) ва бошқа Норвегия телеграф бюроси (НТБ) — норвег газеталарининг аксиядорлик жамияти, 1867-йилда тузилган. Норвегия давлат радиоэшиттириш маҳкамаси (1933-йилда асос солинган) мамлакатдаги радиоэшитириш ва телекўрсатувларни назорат қилади.

Адабиёти

Қадимги норвег адабиёти ёдгорликлари деярли сақланиб қолмаган. Оғзаки халқ афсоналари ва қаҳрамонлик қўшиқлари ёзма адабиётнинг илк манбалари бўлган. „Тушдаги шарпа“ достони ва „Қирол кўзгуси“ айтишуви (диалоги) ХИИИ асрга оид адабий намуналардир. ХИВ—ХВ асрларда баллада пайдо бўлди. Дания ҳукмронлиги даврида адабиёт тушкунликка учради, дан тили кўп вақт Норвегиянинг адабий тили бўлиб турди. ХВИИИ асрда миллий туйғу кучайиши билан норвег адабиёти юксала борди, драматургия ва лирика ривож топди. Норвег ва дан маданиятларининг атоқли намояндалари — Скандинавия театрининг ижодкори — Л.Холберг ва шоир К.Туллин шу даврда фаолият кўрсатди. 1772-йил Копенгагенда норвег адабиётини тиклаш мақсадида „Норвег жамияти“ тузилди. Шу йили Ю. Н.Брун биринчи миллий драма ва Норвегия мадҳиясини яратди, К.Фастинг, К. Фриман миллий ватанпарварлик руҳидаги шеърларини ёзди. ХИХ аср 1-ярмида тарих ва фолклорга қизиқиш кучайди, П. К. Асбёрнсен ва Й. Э. Му норвег халқ эртакларини йиғиб нашр этдилар, халқ қўшиклари ва балладаларини ёзиб олишга киришилди. Драматургия ва лирика ривожланди. 50-йилларнинг 2-ярмида реализм хусусиятлари пайдо бўлди (Б. М. Бёрнсоннинг „Баджахл Сегурд“ драматик трилогияси, Я. К.Коллетнинг „Амтманн қизлари“ романи ва бошқалар). 70—90-йилларда танқидий реализм устунликка эришиб, норвег адабиётини жаҳон даражасига кўтарди. (Г.Ибсен, Б. М. Бёрнсон, Ю. Ли, А.Хелланн ижоди). ХХ аср бошларида Ю. Боер, У.Дуун, С.Унсет каби ёзувчилар адабиётга кириб келдилар. С.Хёл, А.Омре, А.Сандемусе, Т.Весос, Ю. Борген инсон рухиятини теран акс эттирдилар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Норвегия ёзувчилари фашизмга қарши курашда қатнашдилар, 300 га яқин яширин газета чиқариб турилди. Урушдан кейин яратилган кўпгина асарлар Қаршилик кўрсатиш ҳаракатига бағишланди. 70—90-йилларда ижод қилган шоирлар Р.Якобсен, Я. Брюхейм, А.Андерсен атроф дунё чигалликларини тасвирладилар. Г.Люнде, Э.Ховардсхолм ва бошқа жамият иллатларини танқид қилдилар.

Меъморлиги

Ўрта асрларда Норвегияда ёгоч меъморлиги ривож топди, қўш синчли черков („ставкирка“)ларнинг ўзига хос тоифаси вужудга келди (Урнес ва Боргуннадаги черковлар). ХИИ—ХВИ асрлардаги ғиштли иморатларда роман ва готика меъморлигининг таъсири сезилади. Бергендаги ХВИ аср 2-ярми ва ХВИИ асрга мансуб Розенкранс минорасида Уйғониш даври, Сер-Фрундаги ХВИИИ асрга оид черковда барокко ва рококо, Тронхеймдаги ХИХ асрга мансуб қирол қароргоҳида классицизм меъморлиги унсурларидан фойдаланилди. ХИХ аср меъморлигида эклектизм (Бюгдё ярим оролидаги Оскарсхолл қасри, меъмор Ю. Небелонг), ХХ аср бошларида функсионализм (Ослодаги „Скансен“ ресторани, меъмор Л.Баккер) усуллари устунлик қилди. Кейинги ўн йилликларда Ослодаги ратуша (меъморлар А.Арнеберг ва М.Поулсон), „Викинг“ меҳмонхонаси (меъмор К. Кнуцен), Ҳукумат уйи (меъмор Э.Викше), Ховикаддендаги музей (меъморлар И.Эйквар, С.Энгебрецен) бинолари қурилишида ўзига хос миллий меъморий шакллар пайдо бўлди. Маҳаллий халқ меъморлиги анъаналарига мурожаат қилиниб, меҳмонхона, хусусий виллалар, ҳовлили кошона уйлар қурила бошланди.

Тасвирий санъати

Неолит ва жез даврларида қояларга ишланган расмлар Н. ҳудудидаги энг қадимги санъат ёдгорликларидир. ВИИИ аср охирида ўрта аср санъати (ёғоч, фил суяги ўймакорлиги ва ҳоказо) таркиб топган. ХИИИ—ХИВ асрларда готика услубидаги тасвирий санъат ривожланди. Ҳақиқий норвег санъати ХИХ асрда юзага келди. Атоқли рассом Ю. Дал гўзал манзаралар чизди, А.Тидеманн, Х.Гуде, Ф.Коллетт, Х.Баккер халқ ҳаётини тасвирладилар. ХХ аср 1-ярмида монументал-безак санъатининг роли кучайди. Ҳайкалтарошлардан Р. Лунне, Г. Янсон машҳур бўлди. ХХ асрнинг 2-ярмида абстраксионизм ва турли модерн оқимлари вужудга келди. Амалий санъат (металл буюмлар, жимжимадор ёғоч анжомлар ясаш, газлама, тўр тўқиш, каштачилик, кулоллик) халқ орасида кенг тарқалган.

Мусиқаси қадимда юзага келган. Ўзига хос норвег халқ қўшиқлари (қаҳрамонлик ва муҳаббат қўшиқлари, қисса-қўшиқлар, чўпон ва балиқчи қўшиқлари), рақслар (халлинг, спрингтар ва бошқалар), чолғу куйлари (люарслотт ва бошқалар) кенг ёйилган. Азалий чолғу асбоблари — бук-кехорн (эчки шохи), приллар (буқа шохи), селе (найнинг бир тури), ҳар-тингфеле (ғижжакнинг бир тури) ва бошқа ХВИ асрда сайёр бахши (зингмейстер)лар, моҳир скрипкачилар, органчилар бўлган. ХВИИИ аср охири — ХИХ аср бошларида Ф.Грот, АФлинтенберг, Ф.Фогел, Л. М. Линнеман каби композитор, дирижёр ва мусиқа назариётчилари ижод қилган. 1850— 60 йилларда Х.Херулф, У.Булл, Р.Нурдрок ва бошқа миллий мусиқа мактабини яратдилар. Э.Григ ижоди ва ижтимоий фа-олияти мусиқа маданияти юксалишига катта таъсир қилди. Композитор Ф. У. Вален замонавий норвег мусиқасига асос солди. ХХ аср ўрталарида Х.Северуд, К.Эгге, Э.Твейт, Л.Енсен, А.Янсон, Л.Нилсен каби композиторлар ижод қилдилар. Ослода Норвегия операси (балет труппаси билан), Осло ва Бергенда консерватория, Тронхеймда Олий мусиқа мактаби ва бошқа бор.

Театри

Миллий театр фаолияти диний ва маиший удумларни саҳналаштиришдан бошланган. ХВИИИ аср ўрталарида Кристи-ания (ҳозирги Осло) ва Бергенда ҳаваскор театр труппалари тузилди. 1780-йил до-имий театр очилди. 1899-йил Кристиа-нияда барпо этилган Миллий театрда Г.Ибсен, Б. М. Бёрнсон, У. Шекспир, Ф.Шиллер, Б.Шоу асарлари қўйилди. ХИХ аср охири — ХХ аср бошларида Кристиания, Берген, Тронхейм, Ставангерда янги театрлар барпо этилди. Х.Крог, Н.Григ ва бошқа ёзувчиларнинг песалари саҳналаштирилди. Иккинчи жаҳон уруши (1939—45) даврида Н. театрлари инқирозга учради. Мамлакат озод этилгач, театрларда жаҳон ва миллий мумтоз драматургиясининг асарлари кўрсатилди. Ослода актёр ва режиссорлар тайёрлайдиган Давлат театр мактаби (1953) бор.

Киноси

1908-йилдан кинофилмлар чикарила бошланди. 20-йилларда чет эл филмларига таклидий филмлар яратилган бўлса, 30-йилларда ўткир ижтимоий ва тарбиявий мавзуларга мурожаат этилди („Саёқ“, „Торрес Снер-теволд“, режиссор Т.Ибсен). 40—60-йилларда Қаршилик кўрсатиш х, аракатига бағишланган филмлар — „Яшашни хоҳлаймиз“ (режиссор У. Далгар), „Қочоқлар“ (режиссор Т. Сан не), „Тўққиз ҳаёт“ (режиссор А.Скоуэн) Н. киносининг катта ютуғи бўлди. Кейинги йилларда режиссорлардан Н.Мюллер, Н. Кристенсен, Т.Вибе-Мюллер ва бошқа риёкорона ахлоқни фош этувчи филмлар яратишди. Н.да ҳуж-жатли, илмий оммабоп (режиссор П.Хест, А.Берг, Т.Хеердал) ва мултипликация (режиссор И. Каприно) киноси ҳам ривожланган.[4]

Манбалар

  1. ↑ „Популатион, 2026-01-01“ (эн). Статистиcс Норwай (2026-йил 25-феврал). Қаралди: 2026-йил 26-феврал.
  2. ↑ „Ареалстатистиcс фор Норwай 2019“. Картверкет, маппинг диреcторй фор Норwай (2019). 2019-йил 8-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 26-март.
  3. ↑ Популатион, жануарй 1 2019, Статистиcс Норwай
  4. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил