Nosir Xisrav
- Википедияда исми Носир бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Носир Хисрав (форсча: ناصرخسرو; тўлиқ исми: Абу Муъиниддин Носир Хисрав ал-Қубодиёний; 1004-йил, Қубодиён – 1088-йил, Бадахшон) – форс-тожик шоири, мутафаккири ва давлат арбоби[1].
| Носир Хисрав форсча: ناصرخسرو | |
|---|---|
|
| |
| Таваллуди |
Абу Муъиниддин Носир Хисрав ал-Қубодиёний |
| Вафоти | Бадахшон |
| Касби | Шоир |
| Йўналиш | Назм |
| Жанр | Ғазал, рубоий, қасида, мадҳия, марсия |
Ҳаёти
Носир Хисрав 1004-йилда Қубодиёнда (ҳозирги Тожикистондаги шаҳар) таваллуд топган. Бошланғич маълумотни ўз қишлоғида олган, кейин Марв ва Балх мадрасаларида таҳсилни давом эттирган. Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд саройида мирзалик қилган, солиқ маҳкамасини бошқарган. У 7 йил (1045—52) давомида Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Сурия, Миср, Арабистон, Ироқ мамлакатларини кезиб чиқади. Унинг „Сафарнома“ асари шу саёҳат натижасида яратилган. Адолатли ҳукмдорлар туфайли осойишта ва фаровон шаҳарларни кўрган Носир Хисрав кейинчалик ўз асарлари орқали одил подшоҳ ғоясини илгари суради.
Мисрда 3 йил яшаб, фотимийлар тариқатига киради ва исмоилийлар маслагини қабул қилади. Фотимийлар бутун дунёни эгаллашни мақсад қилиб, уни 12 жазира (орол)га бўлган эдилар. Носир Хисрав Хуросон бўйича жазира бошлиғи – Ҳужжат этиб тайинланади (баъзи шеърларида „Ҳужжат“ тахаллусини ҳам қўллаган). Кейинчалик, 1052 – йилда Балхга қайтган Носир Хисрав бу ерда исмоилийлик ғояларини қизғин тарғиб-ташвиқ қила бошлайди. Бу ҳаракати учун шоир шиалик ва кофирликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинади. Шундан сўнг у қолган 25 йиллик умрини Бадахшонда – Ҳазрати Саййид қишлоғидаги Юмғон дарасида ўтказади. Унинг даъватлари натижасида бу ерда исмоилийлар жамоаси вужудга келади. Мақбараси асрлар давомида зиёратгоҳлардан бири бўлиб, маҳаллий аҳоли томонидан „Мозори Шоҳ Носир“ деб аталган.
Асарлари
- „Сафарнома“,
- „Зод ул-мусофирин“,
- „Важҳи дин“,
- „Саодатнома“,
- „Рўшноинома“,
- „Хон ул-ихвон“,
- „Бўстон ул-уқул“,
- „Далил ут-мутаҳаййирин“,
- „Жомеъ ул-ҳикматайн“,
- „Рисола дар жавоби 99 саволи фалсафи“,
- „Кушойиш ва раҳойиш“ каби кўплаб шеърий ва насрий асарлар яратган.
У форс-тожик ва араб тилларида икки девон ҳам тузган, лекин араб тилидаги девонининг тафсири ҳозиргача номаълум. Шоирнинг қасида, ғазал, қитъа ва рубоийларини ўз ичига олган, 12 минг мисрадан иборат форсий девони эса Эронда бир неча марта чоп этилган.
Дунёвий илмларни чуқур ўзлаштирган Носир Хисрав ҳур фикрли киши бўлган. Олам ва Одам моҳияти тўғрисида ақл воситасида фалсафий фикр юритган. Дунёнинг номукаммаллиги, инсон табиатининг ноқислиги хусусида „Худо билан мунозара“ деган шеър ҳам ёзган. Ижоди орқали адолациз замон, жоҳил ва манфаатпараст кишиларни танқид қилиб, меҳнаткаш деҳқонни, косибу ҳунармандни, илм соҳибларини улуғлаган, инсоний камолотга даъват қилган. Унинг ҳур фикрлари ўзидан кейинги ижодкорлар, жумладан, Умар Хайёмга кучли таъсир кўрсатган.
Носир Хисрав асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бир нечта шеърлари, „Саодатнома“ маснавийсидан парчалар ва „Сафарнома“ асари М. Муинзода, Ш. Шомуҳамедов, Ғ. Каримлар томонидан ўзбек тилига ўгирилган.
Адабиётлар
- Сафарнома, Т., 2003;
- Бертелс А.Е. Насир-и Хосрав и исмаилизм, М., 1959;
- Самарқандий Д., Шоирлар бўстони, Т., 1981.
Манбалар
- ↑ Ҳамиджон Хомидий; Маҳмуд Ҳасаний. Машриқзамин ҳикмат бўстони. Тошкент: „Шарқ“ нашриётматбаа консерни, 1997-йил — 251-бет.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Носир Хисравга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |