Оқ денгиз сўрови бу ерга йўналтирилади, Оқ денгиз атамасининг бошқа маънолари учун бу ерга қаранг: Оқ денгиз (маънолари)

Ўрта денгиз — Атлантика океанининг материклар ўртасидаги денгизи, Африка билан Евросиё оралиғида. Гибралтар бўғози орқали Атлантика океани билан, Дарданелл бўғози орқали Мармар денгизи, Босфор бўғози орқали Қора денгиз, Сувайш канали орқали Қизил денгиз билан қўшилган. Майдони 2505 минг км2. Сув ҳажми 3839 минг км3. Ўртача чуқурлиги 1541 м, энг чуқур жойи 5121 м. Ўрта денгизда Алборан, Балеар, Лигури, Тиррен, Адриатика, Иони, Кипр ва Эгей денгизлари бор. Мармар, Қора ва Азов денгизларини ҳам Ўрта денгиз ҳавзасига киритадилар. Йирик қўлтиқлари: Валенсия, Лион, Генуя, Таранто, Катта ва Кичик Сиртлар. Йирик ороллари: Балеар, Корсика, Сардиния, Сицилия, Крит ва Кипр. Ўрта денгизга Нил, По, Рона ва Эбро каби йирик дарёлар қуйилади.

Ўрта денгиз
Координаталари 35°Н 18°Э / 35°Н 18°Э / 35; 18
Юзаси 2 500 000 км2
Ўртача чуқурлиги 1 500 м
Энг катта чуқурлиги 5 267 м
Сув ҳажми 3 750 000 км3
Ўрта денгиз

Ўрта денгиз тубининг релефи мураккаб. Материк ён бағри нисбатан тик, чуқурлиги 2000– 4000 м. Геоморфологик жиҳатдан Ғарбий ЖазоирПрованс, Марказий ва Шарқий Левант сойликларига бўлинади. Сойликлар туби неогенантропогеннинг чўкинди ва вулкан жинслари билан қопланган. Ўрта денгиз — фаол сейсмик зона.

Сўнган ва ҳаракатдаги вулқонлар жойлашган йирик * ʻ" : синиқлар бор. Марказий ва шарқий сойликларнинг айрим жойлари чўкинди ётқизиқлар, жумладан, дарёлар келтирган оқизиқлар билан тўлган. Соҳил қисми қумли. Денгиз тагида нефт ва газ конлари, юқори миоцен ётқизиқлари орасида туз қатламлари мавжуд.

Ўрта денгиз субтропик минтақада бўлиб, ўз иқлим шароитлари билан мустақил Ўрта денгиз иқлими типини ҳосил қилади. Қиши юмшоқ, сернам, серёғин. Ёзи иссиқ, қуруқ ва камёғин. Африкадан сирокко шамоли эсади. Ўртача температура январ да Ўрта денгиз жанубида 14—16°, шимолуда 7—10°, августда шимолида 22—24°, жанубида 27—30°. Йиллик ўртача ёғин 400 мм. Энг кўп ёғин декабрда ёғади. Ўрта денгизда сароб ҳодисаси тез-тез кузатилади. Денгиз суви, асосан, шамоллар туфайли сиркуляция қилади.

Канар оқими Африка бўйлаб Ўрта денгиздан Ливан соҳилларигача етиб келади. Шунингдек, айрим денгиз ва ҳавзаларнинг маҳаллий оқимлари бор. Ўрта денгиз тубининг суви Дунё океани денгизлари ичида энг илиқ ва шўрларидан бири. Сувининг температураси юза қатламида февралда 8° дан 17° гача, августда 19—28°, баъзида 30° га етади. Шўрлиги ғарбида 36 %о, шарқида 39,5 %о. Сувининг нисбий тиниқлиги 50–60 м гача. Сув кўтарилиши аралаш ва ярим суткалик, баландлиги 0,1—0,5 м. Қишда кучли тўлқинлар бўлади.

Ўрта денгизнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида фитопланктон ва зоопланктонлар миқдори кам. Сувўтлар, асосан, перидинейлар ва диатомлар. Фауна турлари хилма-хил. Балиқнинг 550 дан ортиқ тури маълум, жумладан, 70 хили эндемик, шунингдек, турли хил денгиз жониворлари бор.

Ўрта денгиз муҳим иқтисодий аҳамиятга эга. Денгиз орқали Европани Африка, Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатлари билан боғловчи муҳим сув йўллари ўтган. Денгиздан балиқ (сардиния, тунец, макрел, скумбрия ва бошқалар) ҳамда денгиз ҳайвонлари овланади. Шелф қисмида сув остидан нефт ва газ олинади. Денгиз орқали Яқин Шарқ ва Африкадан Европа давлатларига нефт қувурлари ўтказилган. Йирик портлари: Барселона (Испания), Марсел (Франсия), Генуя, Неапол, Венеция, Триест (Италия), Пирей, Салоники (Греция), Байрут (Ливан), Искандария, ПортСаид (Миср), Триполи (Ливия), Жазоир (Жазоир). Ўрта денгиз бўйидаги (Франсия, Монако ва Италиядаги Мовий қирғоқ, Испаниядаги Левантия соҳили ва Балеар оролдаги ва бошқалар) курортлар дунёга машҳур. Нефт маҳсулотларини кўплаб қазиб олиш ва ташиш, саноат чиқиндиларини денгизга оқизиш, туристик зоналарнинг кенгайиши Ўрта денгизда мураккаб экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ўрта денгиз флора ва фаунасини муҳофаза қилиш билан БМТ қошида тузилган махсус комиссиялар шуғулланади.

Манбалар