Ўқтойхон, Ўқтой қоон, Ўгедей, Ўгедей (1186–1241.11.7) – Мўғуллар давлати улуғ хони (1229–1241-йил, 7-ноябр); Чингизхоннинг 1-хотини, яъни қўнғирот уруғининг кўзга кўринган вакили Дай нўён қизи Бўрта Фужиндан туғилган 3-ўғил. Мўғуллар томонидан 1219–20 йилларда Мовароуннаҳрнинг забт этилишида фаоллик кўрсатган (қаранг Урганч мудофааси). Чингизхон ҳаётлигида Ў.ни тахт вориси деб эълон қилган. Чингизхон ўлимидан 2 йил ўтгач, 1229-йилда Жўжихон ўғлонлари, Чиғатой ва Тулихон фарзандлари ҳамда Билгадай нўён ва Илчидой нўён сингари аркони давлат иштирокида чақирилган буюк қурултойда Ў. улуғ қоон (бош ҳукмдор) этиб сайланган. Ў ҳукмронлиги даврида Шимолий Хитой бутунлай мўғуллар қўл остига ўтган ва қоон Махмуд Ялавочга бу юртни бошқаришни топширган. Ў. Хитойни забт этиб қайтгач, 1235-йил Жўжихоннинг тўнғич ўғли Ботухон бошлиқ чингизий хонзодаларни Дашти Қипчоқ, Булғор, Рус, Алания, Можаристон, Черкес, Бошқирд ва бошқалар элларни босиб олиш учун юборган. Ушбу ҳарбий юришлар 1240-йилнинг июнигача давом этган. Бу даврда Қорақурумни обод қилиш ишлари амалга оширилган. Хитойдан келтирилган усталар ва наққошлар ёрдамида кўркам кўшклар, бинолар қурилади. Хитойдан Қорақурумгача бўлган масофада бир-биридан узоқлиги тахминан 30км дан иборат 37 ёмхона бунёд этилган. Мўғулларнинг юриши вақтида вайронага айланган Ҳирот шаҳрини қайта тиклашга муваффақ бўлинган, аҳоли рўйхатга олинган. Мўғулистоннинг бир қисми, Жунғория ва Хитойнинг бир қисми Ў. тасарруфида бўлган. Айшу-ишратга берилиш, ҳаддан ташқари кўп шароб ичиш оқибатида Ў. 1241-йилнинг 11-июлида вафот этган. Тахт маълум муддатга унинг беваси Туракина хотун қўлига ўтган.

Адабиётлар

  • РашидадДин, Сборник летописей, т. 2 [перевод с персидского Ю.П.Верховского], М. — Л., 1960; Абулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992; Мирзо Улуғбек, Тўрт улус тарихи, Т., 1994.

Ҳамидулла Дадабоев.