Ўпка ва юрак.

Ўпка – одам, қуруқликда яшовчи ҳайвонлар ва баъзи балиқларнинг ҳаводан нафас олиш аъзоси. Ўпка айрим моллюскалар (қуруқликда ва чучук сувда яшовчи қориноёқлилар), бўғимоёқлилар (чаёнлар), балиқлар (икки хил нафас олувчилар, панжақанотлилар, кўпқанотлилар), қуруқликда яшовчи умуртқали ҳайвонлар ва одамда қон билан нафас олинган ҳаво ўртасида газ алмашинувини амалга оширади. Икки хил нафас олувчи балиқлар ўпкаси катакларга бўлинган, кўп қанотлиларда – силлиқ деворли халтачадан иборат. Қуруқликдаги умуртқалилар ўпкаси қадимги панжақанотли балиқлар ҳалқуми қорин қисми деворининг бўртиб чиқиши туфайли ҳосил бўлган. Сувда ва қуруқликда яшовчилар ўпкаси силлиқ деворли халтасимон, деворида бурмалари бор. Судралиб юрувчилар ўпкаси ҳам халтасимон, лекин ички қисми жуда кўп тўсиқ ва бурмали. Қушлар ўпкаси ғовак. Сут эмизувчилар ўпкасидаги бронхларнинг шохланган учки қисмида жуда майда пуфакчалар – алвеолалар бўлади; ўпка деворлари капилляр қон томирлари тўри билан қопланган. Ўпкага ҳаво нафас йўллари (бўғиз, кекирдак, бронхлар) орқали ўтади.

Одамда ўпка бир жуфт бўлиб, кўкрак қафасининг икки томонида жойлашган. У ялтироқ юпқа парда – плевра билан зич ўралган, шакли конусга ўхшаш; плевра бўшлиғидаги озгина суюқлик нафас олганда ўпканинг эркин ҳаракатини таъминлайди. Пастки юзаси ёки асоси ботиқ бўлиб, кўкрак бўшлиғини қорин бўшлиғидан ажратиб турадиган тўсиқ – мускулдан иборат диафрамага тақалиб туради. Ўпканинг учи ўмров суяги устидан 2-3 см кўтарилиб, бўйиннинг пастки кисмига кириб боради. Қовурғаларга такалган юзаси қавариқ бўлади. Ички юзаси ботиқ бўлиб, юракка ва кўкс оралиғидаги бошқа аъзоларга тақалади; бош бронх ва ўпка артерияси шу юзадан ўпкага кириб, ундан иккита ўпка венаси чиқади (Ўпка дарвозаси). Ҳар бир ўпка плевра эгатчалари билан бўлакларга бўлинади; чап ўпка икки (юқори ва пастки), ўнг ўпка эса уч (юқори, ўрта ва пастки) бўлакка ажралган. Ўпка бўлаклари сегментлардан, бўлакчалардан ташкил топган (ҳар бир ўпка 10 сегментдан иборат). Сегмент ҳажми 0,5-1,0 см, пирамида шаклида тузилган сегментлар эса бўлакчалардан ташкил топган. Бу бўлакчалар бир-биридан бириктирувчи тўқимадан тузилган деворча ва қон томир билан ажралиб туради. Бўлакчалараро деворчалар нафас олишда бўлакчаларнинг ҳаракатчан бўлишини таъминлайди.

Нафас бронхиоласи ва ундан тарқалган нафас найчаси, пуфакчалари ва алвеолалар қўшилиб, узум шингили шаклидаги ўпкаларнинг структура ва функсионал бирлиги – ацинус ёки алвеолалар дарахтини ташкил этади. 12-18 ацинус бирга ўпка бўлакчасини, бир нечта бўлакчалар қўшилиб, ўпка сегментини ҳосил қилади.

Алвеолаларнинг жуда юпқа девори ярим ўтказувчи биологик мембрана бўлиб, капиллярлардаги қон билан алвеолалардаги ҳаво ўртасида шу парда орқали газлар алмашинади.

Ўпка сегментлари ўзаро қўшилиб, ўпка бўлаги ва ниҳоят, ўпка бўлакларидан ўпка ҳосил бўлади. Ўпкаларда 800000 ацинуслар ёки 300-500 млн алвеолалар учрайди. Уларнинг сатҳи 30-100 м2бўлади. Ўпка бронхлари ҳаво алмашиш жараёнидан ташқари, организмда, сув, туз ва хлор миқдори бир меъёрда сақланишига ҳам ёрдам беради.

Катта одамларда иккала ўпкада ўртача 4,9-5,0 л ҳаво бўлади. Улардан тинч нафас олиш вақтида (ҳар бир нафас олганда) фақат 500 мл ҳаво ўпкаларга кирса, чуқур нафас олганда эса 1600 мл тоза ҳаво кириб, 1600 мл карбонат ангидридга бой бўлган ҳаво чиқади. Шундай қилиб, ўпкаларда ҳаётий ҳаво сиғими ўртача 3500 – 3700 мл гача бўлади. Қолган 1300 – 1400 мл ҳаво эса қолдиқ ҳаво бўлиб, ўпкада доимо бўлади. Ўпкага симпатик ва парасимпатик нерв толалари боради. Ўпка орқали суюқлик ва баъзи газсимон маҳсулотлар ажралади. Ўпка гавда трасининг мунтазам бир меъёрда туриши ва қон ивишини тартибга солиб, организмда оқсил, ёғ ва углеводлар алмашинувида иштирок этади. Ўпка ҳаво орқали кирадиган бактериялардан организмни ҳимоя қилади. Ўпка касалликларидан зоцҳжам, ўпка эмфиземаси, сил ва ўпка ўсмаси кўпроқ учрайди.


Манбалар