Ўрдак, хонаки ўрдак — ўрдаксимонлар оиласига мансуб парранда. Мил.дан минг йил олдин хонакилаштирилган. Ёввойи ўрдак — кряквадан келиб чиққан. Ў. деярли барча мамлакатларда, айниқса, Хитой (562 млн. бош), Индонезия (28 млн. бош), Ветнам (50 млн. бош)да кўп урчитилади. Жаҳонда жами 830 млн. бош Ў. боқилади (1999). Ў.нинг тана тузилиши қайиқсимон, кўкраги кенг, бўйни ва боши узун, оёқ бармоқлари сузувчи парда билан қўшилган. Тумшуғи сарғишқизил ёки тўқ сариқ, бир оз қайрилган. Патларининг ранги оқиш, сарғимтир, кулранг, қора ва бошқалар Эркагининг думида бир нечта юқорига қайрилган патлари бор. 24—28 ҳафталигида жинсий етилади. Тўдада 5—6 макиёнга битта эркак Ў. қолдирилади. Бир мавсумда (5—6 ой) 90—130 та тухум қилади (сунъий туллатиб йилига 250 тадан тухум олиш мумкин). Тухуми вазни 85—90 г. Тухумидан тухум порошоги, меланж тайёрлашда ва кондитер саноатида фойдаланилади. Тухумдан жўжа очиб чиқиш (инкубация) муддати 27—28 кун. Вояга етган эркак Ў. вазни 3—4, макиёни 2,5—3 кг. Берадиган маҳсулотига қараб Ў. гўшт, гўшттухум ёки тухумгўшт, серпушт (сертухум) зотларга ажратилади. Ў., асосан гўшт учун етиштирилади. Гўшти майин, мазали, парҳез маҳсулот. Хўжаликларда зотли Ў.нинг асосий қисмини п е к и н Ў.лари ташкил этади. Кичик фермер хўжаликлари ва хусусий хўжаликларда оқ москва, украина оқ ва кулранг Ў.и ҳамда хакикемпбелл ва бошқалар зотлари боқилади. Ў. гўшти, асосан, ихтисослаштирилган хўжаликларда интенсив технология асосида етиштирилади. Саноат усулида етиштиришда Ў.лар гўшт учун махсус катакларда боқилади.

Ў. жўжалари гўшт учун (7—8 ой) ҳар бир бош паррандага 8,8—9,1 кг тўла қимматли қуруқ аралаш ем билан боқилади. Ў.лар сув ҳавзаларида ўсадиган ўтлар, майда жониворлар билан ҳам озиқланади.

Айрим мамлакатларда (Франсия, Италия, Дания ва бошқалар) саноат паррандачилигида Жанубий Америкада тарқалган ёввойи мускус Ў.ларидан келиб чиққан, оғирлиги 2—5 кг гача, гўшти майин, илвасин гўшти таъмини берадиган, ёғи кам мускус Ў. (Сашпа токспага) кўпроқ етиштирилади.