Oʻrik
Ўрик — раъногулдошлар оиласига мансуб дарахтлар туркуми; мевали ўсимлик. Ватани — Ўрта Осиё. Осиёда 10 тури маълум. Оддий ўрик, манчжурия ўриги сибир ўриги, давид ўриги ва қора ўрик. Турлари кенг тарқалган. Шимолий Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Италия, Испания, Шимолий ва Жанубий Африка, Шимолий Америка мамлакатлари ва Австралия, Ўрта Осиё, Закавказе ҳамда Россиянинг Европа қисми жанубида етиштирилади. Ўрта Осиёда ва Хитойда 5 минг йил, Жанубий Европада 2 минг йил олдин маданийлаштирилган. 500 дан ортиқ нави бор. Жаҳон бўйича ялпи ҳосили 2,7 млн. т. Ўзбекистонда 35 минг т (1999), экин майдони жиҳатидан мевали дарахтлар орасида 4ўринни эгаллайди.
Ўзбекистонда, асосан, оддий Ў. тури экилади. Бўйи 5–8 м, шохшаббаси кенг. Барги кенг тухумсимон, гули оқ ёки пушти, барг ёзишдан олдин очилади. Меваси этли, юмалоқ, тухумсимон, оқ, сариқ, қизғиш; данагидан ажраладиган ва ажралмайдиган хиллари бор, ширин, шириннордон. Таркибида 14—16% қанд, 0,6— 1,2% олма, лимон ва бошқалар кислоталар, 28—31% қуруқ модда, С, РР витамини, 0,38—1,27% пектин, 10 мг гача каротин, данаги мағзи ширин (айрим навлариники аччиқ), таркибида 29—58% ёғ бор. Янгилигида ейилади, туршак, баргак солинади, консерва (мураббо, жем, компот), қайса қилинади. Данагидан данакшўрак тайёрланади, халқ табобатида меваси ва туршагидан юракқон томир тизими касалликларини даволашда фойдаланилади. Ў. яхши асал берувчи дарахт, данагидан ва пайванд қилиб кўпайтирилади. Пайвандтаг сифатида ёввойи Ў., олча, бодом ва шафтолидан фойдаланилади. Ҳосилдорлиги 80—120 с/га. Экилганидан сўнг 4—5йили ҳосил беради, 15—17 ёшда тўлиқ ҳосилга киради. Ўзбекистонда март—апрелда гуллайди, навига қараб май—июлда пишади. Ў. иссиқсевар, ёруғсевар, қурғоқчилик ва иссиқликка чидамли, лекин намлик етишмаганда ҳосилли вдохлари мева тугмайди. Гуллаган пайтда баҳорги қорасовуқлардан зарарланади. Кўчати кузда ва баҳорда 6х8, иҳота дарахти сифатида 4х6 м схемада экилади. Ў.ка вазасимон ёки поғонасимон шакл берилади, баҳорда бир йиллик новдаларининг 1/3, 2/3 қисми кесиб турилади. Ў. унумдор, серқуёш, бўз ҳамда шағалтошли суғориладиган ерларда яхши ўсади. Ўзбекистондаги ўрикзорларнинг асосий қисми Фарғона водийси ва Зарафшон воҳасида жойлашган, Ўрта Осиёда Ў.нинг 500 дан ортиқ навлари ва клонлари учрайди. ХХ асрнинг 30-йилларидан бошлаб 40 дан ортиқ халқ ва илмий селексия навлари раёнлаштирилган. Ўзбекистонда Ў.нинг Аҳрорий, Субҳоний, Гулунги луччак, Мирсанжали, Кўрсодиқ, Хурмои, Исфарак, Жавпазак, Оқ ўрик, Навоий, Шалах, Руҳи Жуванон, Моҳтоби ва бошқалар кўплаб навлари экилади.О'рик меваси юрак қон-томир касаллиги бор инсонлар учун жуда фойдали бо'либ,о'рик қоқиси қайнатиб ичирилса жуда фойдали. Шунинг учун ҳам халқ орасида "о'рик шарбати-юрак қуввати" деган гаплар юради. Эртапишар о'рик навларининг фойдали ҳарорат йиг'индиси 2500 °C ни ташкил этади
Касалликлари: кулранг чириш, клястероспориоз, бактериал рак ва бошқалар Зараркунандалари: узунбурунлар, тиллақўнғизлар, ўрик филчаси, ўрик тунлами ва бошқалар
Адабиёт
- Помология Узбекистана, Т., 1983; Мирзаев М.М., Култура абрикоса в Узбе. кистане, Т., 2002.
Султон Холназаров.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |