Гулқоғоз, обой – хоналарнинг ичини пардозлашда ишлатиладиган ўрама (рулон) материал. Эшик табақалари ва мебелларга ҳам ишлатилиши мумкин. Гулқоғознинг оддий (гулли, гулсиз, бир тусли ва ранг-баранг) ва намга чидамли, товуш ютадиган хиллари; босма (А, А), нақшли босма (Б, Б), бурмали босма (В, В), такрорланган (Г, Г) хиллари бор. Гулқоғоз эни 500, 560 ва 600 мм, уз. 6; 10,5; 12; 18 м ли ўрамлар тарзида ишлаб чиқарилади. Намга чидамли гулқоғознинг сувга чидамли полимерлар қўшилган бўёқларда тайёрланадиган ва олд томонида (ўнгида) полимер эмулсия ва локлар билан ҳосил қилинган ҳимоя пардали босма хиллари бор. Булар илиқ совунли сув билан бир неча марта ювишга ва артишга чидайди. Товуш ютадиган гулқоғоз олд томони ҳар хил толали материаллар (тўқимачилик саноати чиқиндиси)дан ясалган тук қопламали қоғоз асосида тайёрланади. Бундай гулқоғознинг сирти чанг сўрғич билан тозаланади. Гулқоғозларга ишлатиладиган бўёқлар ёруғлик таъсирига анча чидамли бўлиши керак. Намга чидамли гулқоғознинг тескари томони елим катламли ёки елимсиз бўлади. Елимлиси девор ёки шипга мустаҳкам ёпишади. Булардан ташқари хили ва гулига қараб мослаштириб хонанинг юқориги чети бўйлаб ёпиштириладиган қоғоз кошинлар – бордюр ва фризлар; тўлдиргич билан синтетик смола асосида тайёрланган пластик массадан иборат, қоғоз асосга туширилган бўртма гулли материал – линкруст; тескари томони махсус қоғоз билан ҳимояланган елимли ёки елимсиз пардозбоп безак плёнка – поливинил-хлоридли ва бошқа хиллари ҳам ишлатилади. Ҳозирги вақтда гулқоғозлар кўпинча полимер материаллар асосида тайёрланади. Гулқоғозни ёпиштириш учун сирач ёки синтетик елимлар ва мастикалардан фойдаланилади. Қадимда Япония, Хитой мамлакатларида, ХВИИИ асргача Европада хоналар деворлари, шиплари мато қоплаб пардозланган. Қоғоз ишлаб чиқариш ривожлангандан сўнг мато ўрнига гулқоғоз ишлатилган. Гулқоғоз ишлаб чиқарувчи саноат дастлаб ХВИИИ асрда Англияда пайдо бўлган (у пайтда гуллар дастаки усулда босилган). Машинада гул босиш ХИХ аср 20-йилларида бошланган. Ўзбекистонда полимер материаллар асосида гулқоғоз Тошкент шаҳридаги ўрта ва кичик бизнес корхоналарида ишлаб чиқарилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Бозорбоев Н., Уй-жой қурувчилар учун 1001 маслаҳат, Т., 1990.