Олий таълим — турли олий ўқув юртларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизими. Олий таълим олий ўқув юртлари томонидан халқ хўжалиги, фан ва маданиятнинг турли соҳалари бўйича олий малакали мутахассис бўлишни истаган ва тегишли талабларни бажарган ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълимини олган кишиларга илмий-назарий билим бериш ҳамда муайян кўникмалар шакллантириш йўли билан амалга оширилади.

Олий таълим жараёнида талабага олий маълумот берилади. Олий маълумот тушунчаси муайян ихтисослик бўйича мутахассис олдида турган назарий ва амалий муаммоларни мустақил ҳал қилиш имконини берадиган даражадаги билим ва малакалар йиғиндисини англатади.

Олий таълим узоқ тарихга эга бўлиб, у дастлаб Қадимги Шарқ мамлакатларида пайдо бўлган. Миср, Бобил, Хитой сингари мамлакатларда милоддан бир неча минг йиллар бурун Олий таълим тизими дунёга келган. Олий босқичдаги мактабларда талабалар олимларнинг табиат ва жамиятнинг ривожланиш қонуниятлари, давлатни бошқариш йўллари ҳақидаги асарларини ўрганар эдилар. Платон (милоддан аввалги 428—348 йил), Аристотел (милоддан аввалги 384—322 йил) сингари мутафаккирлар ҳар бир шахснинг жисмоний ва ақлий имкониятлари 3 босқичли таълимда тўла намоён бўлишини асосла-ганлар. Шунинг учун ҳам Юнонистон ва Қадимгу Римда озод кишилар ҳамда аслзодаларнинг фарзандлари учун таълимнинг учинчи — олий босқичи зарурлиги тан олинган. Антик Олий таълимда фалсафа, филология, мусиқа, нотиқлик, тиббиёт, математика фанларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган.

Мусулмон Шарқининг кўп мамлакатларидаги каби Туркистонда ҳам дастлабки Олий таълим мадрасаларда мавжуд берилган. Инсоният тарихида мусулмон Ренессанси деган босқичнинг юзага келишида мадрасалар ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

Ғарб мамлакатларида ХИ—ХИИ асрларга келиб замонавий маънодаги Олий таълим тизимининг дастлабки кўринишлари вужудга кела бошлади. Уйғониш даврида математика, механика, астрономия, навигация, тиббиёт каби соҳалардаги улкан илмий кашфиётлар Олий таълимнинг мазмуни чуқурлашуви ҳамда қамрови кенгайишига сабаб бўлди. Фан, техника, маданият ва санъатнинг ривожланишига мутаносиб равишда Олий таълим ҳам тараққий этиб борди.

Ўзбекистоннинг маҳаллий аҳолисига ҳозирги тушунчадаги Олий таълим Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракати асосчиси Мунавварқори раҳбарлигида 1918-йил 12-майда Тошкентда ташкил этилган Халқ дорилфунунида берила бошланган. Шўролар даврида Олий таълим тармоғи бир қадар кенгайган бўлсада, маҳаллий аҳолидан олий маълумотли кадрлар тайёрлаш устувор мавқеда бўлмаган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Олий таълим тез суръатлар билан ривожлана бошлади. Ўзбекистон Республикасининг „Таълим тўғрисида“ги қонуни (1997)га мувофиқ, Олий таълим ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими негизига асосланади ҳамда икки — бакалавриат ва магистратура босқичига эга. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини рўёбга чиқаришнинг маълум даврига қадар Олий таълим ўн бир йиллик умумий ўрта таълим негизида ҳам амалга оширилади. Эътиқод эркинлигига амал қили-надиган Ўзбекистон Республикасида дунёвий олий ўқув юртлари билан биргаликда олий диний ўқув юртлари ҳам бор. Ўзбекистонда Олий таълим давлат қарамоғидадир. Мамлакатда университет Олий таълими устувор мақомга эга. Бу тайёрланаётган мутахассисларнинг жаҳон даражасида назарий билим ва амалий тайёргарликка эга бўлиш имконини беради.

Олий таълим расмий давлат ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Бунда таълимнинг давлат стандартлари, ўқув режалари ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Уларда ўрганилиши мажбурий ва ихтиёрий бўлган фанлар, ихтисослик курелари, уларнинг ўқитилиш тартиби, миқдори, вақти, назарий ва амалий таълим ўртасидаги нисбат, назарий машғулотлар, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари, рейтинг даври, таътил, бакалаврларнинг малакавий битирув ишлари, магистрларнинг диссертацияларни ёқлаш муддати асосий педагогик ҳужжат — ўқув режасида белгилаб берилади. Ўқув режасида ўрганиладиган фанлар гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий, математик ва табиий-илмий, умумкасбий, ихтисослик фанлари ва таълимнинг қўшимча турлари сингари қисмларга бўлинади. Ўқув режасидаги фанлар мажбурий, махсус, танлов ва факултатив кўринишларида олиб борилиши кўзда тутилган.

Талабаларга ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот бериш таълимнинг сиртқи шакли орқали амалга оширилади (қаранг Сиртқи таълим). Ўзбекистон Республикасида Олий таълим тизимида бир қанча ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрланади. Кундузги Олий таълимда ўқиш курс тизимида олиб борилади: талаба барча ўқув машғулотларига қатнашиши мажбурий. Сиртқи Олий таълимда таълимнинг фан-курс тизими жорий этилган. Бунга кўра, талаба имтиҳон сессиясидагина машғулотларга келишга мажбур. Сиртқи Олий таълимнинг имтиҳон сессиялари ҳар бир ўқув юртининг имкониятига қараб, бир йилда икки мартадан ортиқ бўлмаган йўсинда ташкил этилади. Сиртқи Олий таълим муддати кундузги ўқишдаги тегишли мутахассисликка қараб ярим ёки бир йил ортиқ давом этади (яна қаранг Олий ўқув юртлари).

Крзоқбой Йўлдошев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил