Omon polvon
- Википедияда исми Омон бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Омон полвон (1856, Наманган вилояти Уйчи тумани Хизробод қишлоғи — 13.06.1923, Наманган) — Фарғона водийсида совет режимига қарши ҳаракатнинг раҳбарларидан бири.
| Омон полвон |
|---|
Омон полвон Мавлонқул ўғли 1856-йилда ҳозирги Наманган вилояти Уйчи туманининг Хизробод қишлоғида таваллуд топган. У ёшлик даврларидан от чоптириб, кураш тушиб халқ орасида алоҳида обрў-эътибор қозонган машҳур полвонга айланади. Шунинг учун ҳам Қўқон хонлигининг энг машҳур эшонларидан бири Ҳожи Муҳаммад Аминбек (Омон полвон унга мурид бўлган эди)нинг фатвоси билан Хизробод қишлоғи мироббошиси лавозимига тайинланган. Ушбу лавозимда Омон полвон 30 йилдан ортиқ вақт давомида меҳнат қилади. 1918-йилга келиб, Туркистон мухторияти қулатилиши, арман дашноқларининг ҳамда қизил аскарларнинг шавқацизликлари натижасида халқпарвар Омон полвон ўз эрки, миллати ва дини учун қўлига қурол олиб қонли кураш майдонига киради. Тарихчи Баҳром Ирзаев таъкидлашича, „Зархон (Тўрақўрғон ҳудудида жойлашган қишлоқ)га келган пири Ҳожи Муҳаммад Аминбек эшон унга милтиқ ва бир неча йигит беради. Омон полвонга қўрбоши унвони ва халқдан солиқ йиғиб олиш ҳуқуқини берувчи фатво ёзиб, ўз муҳрини босади. Шундан сўнг Омон Полвон ҳам Туркистон миллий озодлиги учун ҳаёт-мамот жангига кирган истиқлолчилар сафидан ўрин олади“[1].
Истиқлолчилар учун асосий кураш даври 1918-йилнинг март ойларидан бошланди. Боймирза Ҳайитнинг маълумотларига кўра, 1918-йилда Омон Полвон қўл остида 2500 дан ортиқ йигит бўлган. Бу даврда Шермуҳаммадбек, Нурмуҳаммадбек, Холхўжа Эшон, Маркамхожи, Раҳмонқул, Муҳиддинбек каби қўрбошилар қаторида Омон Полвон ҳам марғилонлик қўрбоши Мадаминбекнинг қўл остида ягона куч сифатида ҳаракатланади.
Ноябр ойининг охирида Мадаминбек, Холхўжа Эшон ва Омон Полвон бошчилигидаги 5000 киши Қозон полкига қарашли битта отрядни қириб ташлади. 1920-йил 10-октабрида ўзининг 300 йигити билан Наманган шимолидаги Пишқарон қишлоғини эгаллади. Разведка маълумотларига кўра, шундан сўнг Омон Полвон 100 нафар қирғиз йигити билан 15-ноябр куни Косондан шимоли-ғарб томондаги тоғларга ҳамда Уйчи ва Ёрқўрғон қишлоқларига жойлашади.
1922-йил март-июл ойларида Ўш ҳудуди тўлиқ истиқлолчилардан озод этилди. Андижон уезди ҳам Қўқонқишлоқ раёнидан ташқари, Наманган уездида ўша вақтда мавжуд бўлган 29 та волостидан 23 таси истиқлолчилардан „тозаланди“. Водий истиқлолчиларининг деярли ярми маҳв этилди. Омон Полвон қўл остидаги қўрбошилар — Турди Али Бойвачча, Сотиволди, Уста Рўзимат ва Мирзо Райим қўрбошилар 200 дан ортиқ йигити билан; Жонибек Қози, Мулла Хожи, Саид Понсод 200 га яқин йигити; Умарқул қўрбоши эса 40 йигити билан совет ҳокимияти томонга ўтдилар. Бу ҳолат Омон Полвон кучларини заифлаштириб юборди. 1922-йил май ойида Норин дарёсидан Чустгача бўлган жойларда Омон Полвон ва унинг ёрдамчилари Мақсуд Мужоҳид — Уйчида, Дадабой Қўрбоши — Тўрақўрғонда фаолият кўрсатар эдилар.
Кўплаб ватанпарвар истиқлолчи кучлар қаторида Омон Полвон ҳам ўзининг шаъни ва ғурури учун ҳам кураш майдонига кирган бўлса ажаб эмас. „Қизил аскарлар ичкари ҳовлига кириб аёллар билан кўнглига нима хуш келса, шуни қиларди“[2] — деб ёзилади ўша даврдаги ҳужжатларда. Бундай бедодлик ва зўравонликлардан безор бўлган маҳаллий аҳоли истиқлолчилардан ёрдам сўрашга мажбур бўлар эдилар. „1921-йил 14-мартда Пишқарон қишлоғи аҳолиси Омон Полвон ва Раҳмонқулдан бу ердаги рус гарнизонини йўқотишни сўрайдилар. Қўрбошилар ўз йигитлари билан 18 нафар қизил аскарларни бозор майдонида ўлдирадилар“[3].
Адабиёт
- Туркестан в начале ХХ века: к истории истоков националной независимости, Т., 2000; Ражабов Қ., Ҳайдаров М., Туркистон тарихи (1917-1924), Т., 2002.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |