Oy fazalari
Ой фазалари — Ойнинг Ер атрофидаги ҳаракатланиши даврида Қуёшга нисбатан эгаллайдиган вазиятлари. Ой ўзидан нур чиқармайди, уни Қуёш нури ёки Қуёш нурининг Ердан қайтган қисми ёритиши мумкин, шу туфайли Ойнинг фазода Қуёшга ва Ерга нисбатан қандай ҳолатда туришига кўра, у ердан қараганда турли шаклда кўринади. Ҳар ойда Ой тахминан Ер билан Қуёш орасидан ўтади ва Ерга ўзининг қоронғи томони билан туради. Бунга астрономик янги ой дейилади. 1—2 кун (сутка) дан сўнг Қуёш ботгач, осмоннинг ғарбий қисмида Ой ингичка ўроқ шаклида кўринади, бу халқ тилида ҳилол ёхуд янгиой (фан тилида — визуал янгиой) дейилади. Бунда Ойнинг қолган қисмини Ер ўзининг кундузги ярим шаридан қайтган Қуёш нурлари билан хира кулранг равишда ёритиб туради. 7 кундан кейин Ердан Ойга ва Қуёшга томон йўналишлари орасидаги бурчак 90° га тенг бўлади, бунда у ярим „кулча“ шаклида кўриниб, Ойнинг бу фазаси биринчи чорак дейилади. Тахминан 14—15 кунлик Ой Қуёшга қарама-қарши туриб, унинг Қуёш билан ёритилган ярим сфераси тўлалигича Ерга қарайди. Ойнинг бу фазаси тўлиной деб аталади. Бунда Ойни тўла ёруғ доира шаклида кўриш мумкин. Кейинги кунларда Ойнинг ғарбий томони „емирила бориб“, 22-суткада фақат қавариқ томони шарққа қараган ярим доира шаклида кўринади. Буни Ойнинг охирги чорак фазаси дейилади. 29,5 суткадан сўнг Ой яна астрономик янгиой фазасида бўлади. Икки кетма-кет келган янги Ой орасида ўтган вақт Ойнинг синодик даври дейилиб, у 29,53059 суткага тенг. Синодик ой сидерик ойга қараганда бир оз ортиқроқ, чунки шу давр орасида Ер ўз орбитасининг қисмини ўтади. Агар Қуёш Ой орбитаси тугунларининг биронтаси яқинида (ундан 16,5° дан кичик ёй масофада) бўлганда янги Ой кузатилса, албатта Қуёш тутилади. Бу ҳодиса тўлин ой пайтига тўғри келса, унда Ой тутилиши мумкин (қаранг Ой тутилиши, Қуёш тутилиши). Ой фазаларининг даврий ўзгариши ой календарларининг яратилиши учун асос бўлган (қаранг Календар).
Маматмуса Мамадазимов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |