Минерал озиқланиш - 1) (ўсимликларда) ўсимликларнинг ўз ҳаёт фаолияти учун зарур кимёвий элементларни минерал тузлар ионлари шаклида тупрокдан ўзлаштириш жараёнлари мажмуи. Минерал озиқланиш тупроқдан минерал тузлар ионларини ўзлаштириш, ионларнинг алмашинув жараёнига кўшилиши ва ўсимлик бўйлаб ҳаракатланишидан иборат. Минерал озиқланиш элементлари сирасига макроэлементлар (Н, С, Р, К, Са, Мг) ва микроэлементлар (Ғе, В, Мн, Cу, Зн, Мо) киради. Азотни ўсимликлар анион НО3 ёки катион НҲ+4, фосфор ва олтингугуртни Н2Р04ва СО4" анионлари шаклида, металларни К+, Са2+ ва Мг2ф катионлари шаклларида ўзлаштиради. Баъзи ўсимликлар бошқа элементларга ҳам талабчан бўлади. Маc, қанд лавлагининг ўсишига ва ривожланишига натрий ижобий таъсир этади, дуккаклиларга кобалт зарур (туганак бактериялар молекуляр азотни тўплаши учун). Ўсимликларнинг модда алмашинуви ва ўсишига алюминий, никел, қўрғошин, кадмий, хром ва бошқа элементларнинг, гарчи зарур бўлмаса ҳам, ижобий таъсир кўрсатиши кузатилган. Ионлар илдиз тукчаларидаги илдиз ҳужайраларининг ташқи қобиғи юзаси орқали шимилиб, кейин ҳужайра ситоплазмасига уларни ўраб олган липопротеидли мембрана, яъни плазмолемма оркали кириб келади. Ионлар пассив равишда диффузия йўли билан, шунингдек, молекулалар ва ионларни ташувчи ион насослар ёрдамида фаол равишда ситоплазмага киради.

Дала шароитларида ўсимликлар учун тупроқ эритмалари бевосита озуқа ионлар манбаи бўлиб хизмат қилади. Ўсимлик бир кеча-кундузда бир неча бор (мас, райграс 10-марта) тупроқ эритмасидаги фосфорни тўлиқ ўзлаштириб олади ва унинг янги миқдорларини боғланган ҳолатдан чиқаради. Натижада Минерал озиқланиш элементларининг сўрилиши тезлиги уларнинг тупроқ эритмасига утиши тезлиги билан меъёрлашади. Минерал озиқланишни меъёрлаштирувчи яна бир бошқа омил — тупрокдаги илдизлар сиртига ионларнинг диффузияланиши (етиб келиши) тезлигидир. Шу боис илдиз тизимининг морфологик тавсифи (узунлиги, тарқалиши, тармоқланиши, ўсиши тезлиги) Минерал озиқланишучун физиологик (ўсимлик сирти юқори қисми бирлигининг сўриш фаоллиги) тавсифига Караганда кўпроқ аҳамиятлидир. Бу ҳолат селексия ишларида эътиборга олинади.

Ўсимликларда Минерал озиқланиш элементлари илдиз, шох ва барглардан ўтадиган ксилемманинг ўтказувчи томирлари орқали ўтадиган сув оқими билан тақсимланади. Улар, асосан, ёш, ўсаётган аъзоларга ва шаклланаётган меваларга томон йўналади. Пастки барглар қариган сари Минерал озиқланиш элементлари (Са ва В дан ташқари) улардан ўсаётган органларга оқиб ўтади ва қайта фойдаланилади. Ўсимликлар учун макро- ва микроэлементларнинг ҳаммаси бир хилда зарур (элементларни алмаштириб бўлмаслик қонуни). Аммо, кўпинча, тупроқда Н, Р ва К етишмайди. Шунинг учун улар ўғитлар шаклида берилади. Аммо барча экинлар ва навлар учун №Р:Книнг ўртача нисбати бир-бирига яқин ва 73:5:32 ат. % га тенг. Минерал озиқланишнинг физологик аҳамиятини, элементларнинг ҳаракати ва сўрилишини билиш ўғитлардан тўғри фойдаланиш учун зарур бўлади. Ўғитлар ёрдамида Минерал озиқланишни тартибга солиш қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишнинг асосий йўлидир. Минерал озиқланиш фотосинтез билан бирга ўсимликларнинг ягона озиқланиш жараёнини ташкил этади;2) ҳайвонлар организмида рациондаги минерал моддаларнинг ҳазм бўлиши ва қонга сўрилиб, тўқима ва ҳужайраларда сарфланиши. Минерал моддалар организмдаги жами физиологик жараёнларда иштирок этади. Ҳайвонлар истеъмол қилган озуқалар ва минерал қўшимчалар таркибидаги минерал тузлар ошқозоничак тизимидан қонга сувда эриган ҳолда сўрилади. Улар организмда, гарчан энергия бермасада, жуда муҳим функсияларни бажаради. Ортиқча истеъмол қилинган баъзи минерал моддалар тўқима ва ҳужайраларда захира ҳолида сақланади. Маc, калсий ва фосфор тузлари суякларда, натрий ва хлор терида, темир жигарда захира ҳолида тўпланади. Минерал элементлар тўқима, ҳужайра, фер-ментлар, гормонлар ва витаминлар таркибига кириб, организмда рўй берадиган модда алмашинуви жараёнини бошқаришда қатнашадилар. Организмда учрайдиган эркин тузларнинг ионлари қоннинг осмотик босимини меъёрида сақлаб туришда, ишқорий ва кислотали муҳит мувозанатини сақлашда иштирок этади. Булардан ташқари, нерв системасининг фаолияти, қон ивиши жараёни, юрак мускулларининг ритмик ишлаши, сўрилиш, газ алмашинув жараёни, секреция ва чикарув органларининг меъёрдаги фаолиятида ҳам минерал моддаларнинг ҳиссаси каттадир. Ҳайвонлар тўқималари ёқилганда ҳосил бўлган кулнинг 99,6% ни макроэлементлар, 0,4%ни микроэлементлар ташкил қилади. Организмдаги барча минерал моддаларнинг 65— 70% калсий ва фосфордан иборат.

Калсий ҳайвонлар танасида ғоят кўп. Унинг 99% суяк, тиш ва шохлар таркибида учрайди. Бу элемент суяк тизимининг такомиллашувида, лактациянинг бир меъёрда кечувида, қон ивиши жараёнида фаол иштирок этади. Рационда қисқа вақт мобайнида калсий етишмаса организм захирадаги калсийни ишлатади. Агар бу етишмовчилик узоқ вақт давом этеа ёш молларда рахит, катта ёшли молларда эса суякларнинг калсийсизлашувидан остеомелясия касаллиги пайдо бўлади. Янги туққан сигирлар қон зардобида калсийнинг камайиши айрим ҳолларда туғруқ шоли касаллигига сабаб бўлади. Рахит ва остеомелясия касаллиги рационда фосфор ёки Д витаминининг етишмаслигидан ҳам келиб чиқиши мумкин.

Фосфор ҳайвонлар учун зарурлиги бўйича калсийдан кейинги ўринда туради ва у калсий билан бирга суякнинг таркибига киради. Фосфор фосфопротеинлар, фосфолипидлар, нуклеин кислоталари таркибида учраб, организмда кечадиган муҳим биологик жараёнларда — гексафосфатлар, АДФ, АТФ синтезида қатнашади. Фосфор етишмаганда ҳайвонларда айрим касалликлар рўй беради. Бу ҳолат сурункали бўлса ҳайвонларда бўғинларнинг букилмай қолиши, мушаклар заифлашиши юз беради. Фосфорнинг кон зардобидаги консентрацияси қорамолларда 4–12 мг % бўлади. Организмда калсийнинг фосфорга бўлган нисбати ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, у 2:1 дан 1,2:1 гача бўлиши мумкин. Калий ва натрий нерв системаси, юрак ва қон томирларининг меъёрида ишлашини, калий ионлари эса эритроцитлар ичидаги рН мувозанатини таъминлайди.

Темир ва мис эритроцитлар ва бошқа ҳужайралар (гемоглобин ситрохром оқсили) таркибида учраб, кон оркали тўқима ва ҳужайраларни О2 билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ёд қалқонсимон безининг тироксин гормони таркибига, олтингугурт ва рух меъда бези гормон и таркибига киради. Бундан ташқари, рух барча тўқималар таркибига кириб, ёш молларнинг ўсиши ва жинсий безларнинг меъёрида фаолияти учун жуда зарур. Кобалт барча тўқима ва органлар таркибига киради ва, айниқса, ички секреция безлари таркибида куп учраб, модда алмашинуви жараёнини бошқаришда фаол қатнашади. Озуқада кобалтнинг етишмаслиги кавш қайтарувчи ҳайвонлар меъда олди бўлимларида В12 витаминининг синтезланишини пасайтиради. Марганец организмда жуда кам учрайди, лекин у жигар, буйрак, суяк, ошқозон ости бези ва гипофиз таркибига киради. Бу элемент оқсил, ёғ ва углеводларни парчалайдиган ферментларнинг фаоллашувида иштирок этади.

Ҳайвонларнинг минерал моддалар билан етарли миқдорда таъминланганлигини текшириш учун баланс тажрибалари ўтказилади. Бунда истеъмол қилинган озуқа ва ичимлик суви таркибидаги минерал моддалар миқдори билан тезак, сийдик ва сут орқали ташқарига ажратилган минерал тузлар миқдори солиштирилади. Қисман минерал моддалар жун, тери эпидермаси ва тер билан ҳам ажратилади. Кўпинча рациондаги калсийнинг фосфорга ва калийнинг натрийга бўлган нисбати назорат қилинади. Минерал моддалар баланси манфий бўлса, ҳайвонлар минерал моддалар етишмаслигидан турли касалликларга чалиниши мумкин. Ҳайвонларда организмдаги минерал моддаларнинг етишмаслиги минерал озуқалар бериш йўли билан қопланади.

Адабиёт

  • Имомалиев А., ЗикирёевА., Ўсимликлар биокимёси, Т., 1987.

Абдукарим Зикирёев, Рузимат Ҳамроқулов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил