Peshku tumani
Пешку тумани — Ўзбекистон Республикаси Бухоро вилоятидаги туман. 1950-йил 15-апрелда ташкил этилган. Майдони 10,3 минг км2. Аҳолиси 129,3 минг киши (2023). Аҳоли зичлиги 1 км2.га 13,1 киши тўғри келади. Пешку туманида 37 та Маҳалла фуқаролари йиғини (Абу Али ибн Сино, Боғимусо, Варахша, Жонгелди, Зандони, Пешку, Чибоғани, Янгибозор, Қалъаимиришкор, Қорақалпоқ) бор[5]. Маркази — Янгибозор шаҳарчаси.
| туман | |
|---|---|
| Таркибида | Бухоро вилояти |
| Маъмурий маркази | Янгибозор |
| Асос солинган санаси | 1950-йил |
| Ҳоким | Қаҳҳоров Ваҳоб Ҳамидович[1] |
| Аҳоли (2013) |
|
| Зичлиги | 13,1 киши./км² |
| Миллатлар таркиби |
ўзбеклар — 80,27% тожиклар — 16,19% қозоқлар — 2,33% туркманлар — 0,28% ва бошқалар 0,93 %[2] |
| Майдони | 8,200 км² |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
| Телефон коди | +998 6535[3] |
| Автомобил рақами коди | янгиси (80-84), эскиси (20)[4] |
| Расмий сайти | ҳттп://пешку.бухоро.уз/ |
| Харитада | |
|
| |
Тарихи
1959-йил 19-апрелда Вобкент тумани таркибига киритилган, 1978-йил 5-апрелда қайтадан тузилган. 1988-йил 5-сентабрда Ромитан тумани билан бирлаштирилган, 1989-йил 17-майдан яна алоҳида туман мақомига эга бўлди.
Маҳаллий топонимистларнинг фикрича, туман номи ("Пешку ") "Пеши кўй — „Катта йўл устидаги жой“ маъносини билдиради ва шу номдаги қишлоққа нисбатан ишлатилган. Кейинчалик туман ҳам шу ном билан аталган. Бу атаманинг „пеши кўҳ“ — „олдиндаги тоғ“ варианти ҳам бор.
Аҳолиси
Аҳолиси 129,3 минг киши, 80,27 фоизи ўзбеклар, 16,19 фоизи тожиклар, 2,33 фоизи қозоқлар, 0,28 фоизи туркманлар ва қолган 0,93 фоизини бошқа миллат вакиллари ташкил қилади. Аҳоли зичлиги 1 км2га 13,1 киши тўғри келади.
Ижтимоий соҳа
Тумандаги 48 умумий таълим мактабида 23,027 ўқувчи таълим олади. 2 коллеж (Пешку саноат, транспорт, алоқа ва қишлоқ хўжалик коллежлари, 1060 ўқувчи) ишлаб турибди. 32 кутубхона, буюк аллома ибн Сино юрти Афшона қишлоғида Абу Али ибн Сино музейи бор. Тумандаги 300 ўринли касалхона ва бошқа тиббий муассасаларда 126 врач ишлайди. 1979-йилдан „Пешку овози“ газетаси чоп этилади (адади 1000).[6]
Георафияси
Пешку тумани вилоятнинг марказий қисмида жойлашган ва шимоли-ғарбий йўналиши бўйлаб унинг энг шимолий чеккасигача 250 км масофага чўзилган. Шимолдан Навоий вилояти, шимоли-гарбдан Қорақалпоғистон Республикаси, шимолий-шарқ ва шарқдан вилоятнинг Шофиркон, Вобкент туманлари, жануб ва жануби-шарқдан Ромитан, Жондор туманлари билан чегарадош.
Табиати
Туман ҳудуди, асосан, текисликдан иборат. Фақат, Қулжуқтовга туташ ерларида релефи бир оз мураккаб ва бу ердаги паст тоғларнинг баландлиги 785 м га етади. Бу вилоятдаги энг баланд жойдир. Пешку туманининг 4% га яқин майдони Бухоро воҳасидаги суғориладиган ерлардан иборат, қолган қисми турли типдаги чўл яйловларидир. Туманнинг воҳа қисмида маданий тупроқлар, чўл зонасида сур тусли қўнғир, чўл қумли, қумлоқ, тақир, тақирсимон ва шўрхок тупроқлар учрайди. Қулжуқтов этагидаги қуруқ ўзанли Дарёсой водийсида тақирсимон тупроқдар катта майдонни эгаллаган. Қумли жойларда оқ саксовул, қуёнсуяк, қандим, партак, патлоқ, черкез, гипсли чўлларда шувоқ, исириқ, сассиқковрак, қизилча (эфедра), туятовон, эталак, каррак ўсади. Чўлларда сут эмизувчи ҳайвонлар, Қоракўл кўли атрофиларида эса сув бўйи қушлар яшайди. Қорақир ташлама кўли ва кўл соҳили, сув бўйи қушлари ва нодир ҳайвонларни қўриқлаш мақсадида, буюртма ҳудуд деб эълон қилинган.
Иқлими
Иқлими субтропик белгиларга эга бўлган кескин континентал чўл иқлими. Туман ҳудуди шимоли-ғарбга чўзилганлиги туфайли иқлимида сезиларли ҳудудий фарқланишлар бор. Январ ойининг ўртача ҳарорати жанубида 0° атрофида, шимолда —2°,—3 °C, июлники 28—31,5 °C. Йиллик ўртача ёғин 100-130 мм., Қулжуқтовда 200 мм, тоғнинг шимоли-ғарбий этагидаги пасткамликларда 75 мм. Вегетация даври 200— 205 кун. Йил давомида шамол эсади. Шамоллар йил давомида аксарият жанубда, жануби-ғарб йўналишга эга. Шамоллар йил давомида аксарият жануб, жануби-ғарб йўналишга эга.
Ички сувлари
Туман чўл зонасида жойлашган, доимий оқар сувлар йўқ. Экинзорлар Аму—Бухоро машина каналининг шимоли-ғарбий тармоғидан суғорилади. Туман ҳудудидан қўшни туманларга кириб келадиган оқова сувлар Шимоли-ғарбий коллектор орқали сув бўйида яшовчи қушларнинг йирик маскани бўлган Қорақир кўлига (майдони 23,7 км2) оқизилади.
Хўжалиги
Туманда пахтачилик, ғаллачилик, сабзавот ва полизчилик, чорвачилик билан шуғулланилади. Ўрмончилик, ипакчилик йўлга қўйилган. Саноат корхоналари фаолияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта иишаш билан боғлиқ. Пахта тозалаш заводи, 2 автокорхона, 427 кичик, 2 кооператив, битта хўжаликлараро корхона бор. Ўзбекистон—Беларус „Пешку-текс“ қўшма корхонаси мавжуд. Авто йўллар узунлиги 392 км. Туманда 15 ширкат хўжалиги, 487 деҳқон-фермер хўжалиги фаолият кўрсатади. Суғориладиган ерлар майдони 22,3 минг га, шу жумладан, 10,5 минг га ерга пахта, 5 минг га ерга дон, бошқа ерларга полиз, сабзавот, картошка, озуқа ва бошқа экинлар экилади. Туман жамоа ва шахсий хўжаликларида 38 мингдан зиёд қорамол, 104,8 минг қўй ва эчки, 1892 туя, 518 от, 21450 парранда боқилади.
Манбалар
- ↑ Бухоро вилояти Пешку тумани ҳокимлиги, 2019-01-14да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2019-01-13
- ↑ ВИЛОЙАТ ҲАҚИДА - СҲАҲАР ВА ТУМАНЛАР, 2019-05-23да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2014-04-09
- ↑ Телефонные коды городов Узбекистана
- ↑ Индекс автомобильных номеров Узбекистана
- ↑ СОАТО Система обозначений административно-территориальных образований, 2012-08-28да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2014-04-09
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |