Plastik materiallar

Пластмассалар, пластик массалар, пластиклар — табиий ёки синтетик юқори молекулали бирикмалар асосида олинадиган материаллар. Иссиқлик ёки босим таъсирида қолипланади ва қолипланган шаклини мустаҳкам сақлайди. Пластикдан ясалган маҳсулотлар енгиллиги, электр токини, иссиқ-совуқни ўтказмаслиги, атмосфера таъсирларига чидамлилиги, емирувчи муҳитга, ҳароратнинг кескин ўзгаришига бардошлилиги, механик мустахкамлилиги юқорилиги ва мураккаб шаклли буюмлар ясаш мумкинлиги билан бошқа материаллардан ажралиб туради.
Пластик полимерларнинг турига кўра, термопластлар ва реактопластларга бўлинади. Термопластлар таркибида чизиқсимон юқори молекулали бирикмалар ёки сополимерлар (полиэтилен, полистирол, поливинилхлорид ва бошқалар) бор. Чизиқсимон полимерлар асосига қурилган пластик таркибида пластификаторлар, бўёқлар ҳам бўлади. Пластификаторлар юқори температурада пластикнинг пластиклилигини оширади ва қолипланган маҳсулотни қайишқоқ ҳамда совуққа чидамли қилади. Термопластлар совуққа чидамсиз, 60—100° дан юқори температурада мустаҳкамлигини тез йўқотади. Лекин кўпчилик термопластлар зарбга чидамлилиги, диэлектрик тавсифларининг юқорилиги, оптик шаффофлиги, улардан мураккаб шаклли буюмлар қолиплаш осонлиги билан реактопластлардан фарқ қилади. Термопластлар ўртача куч ва 60—100° температурада ишлайдиган (умумий мақсадларга мўлжалланган) асбоб қисмлари (этроллар, винипласт, полистирол), шунингдек, электр ва радиотехника буюмлари (полистирол, полиэтилен, полипропилен, фторопласт) тайёрлашда қўлланади. Термопластлардан ишланган буюмлар кимёвий таъсирларга ўта чидамли (фотопластлар, полистирол, полиэтилен, винилпласт), ейилмайдиган (полиамидлар, полиэтиленте-рефталат), оптик шаффоф (полиметил-метакрилат, полистирол) бўлади.
Реактопластлар таркибида иситилганда ёки катализаторлар (фенолформалдегид ва карбамид смолалар) ҳамда қотиргичлар (эпоксид смолалари, полисилоксанлар, тўйинмаган полиэфирлар) таъсирида тўрсимон тузилишга эга бўлган полимерлар ҳосил қилиб қотадиган полимерлар бўлади. Реактопластлардан тайёрланган буюмлар қотганидан кейин иссиқлик таъсирида бузилмагунича ўзининг шишасимон ҳолатини сақлайди. Реактопластларнинг таркибида тўлдиргичлар, чизиқсимон полимерлар: қотиш жараёнини ростлагичлар, бўягичлар, термостабилизатор, антисептиклар бўлади. Реактопластлар тўлдиргичлар турига кўра, кукунли (ёғоч уни, асбест кукуни, кварс уни ва ҳоказо), толали (ип-газлама, асбест толаси, шиша толаси), листли (қоғоз, ип-газлама, шиша тўқимаси, ёғоч шпон) хилларга бўлинади. Қотирилган П. дан тайёрланган буюмлар 100—350°да кучнинг узоқ, муддатли таъсирига бардош беради (полимер ва тўлдиргич турига қараб). Реактопластлар юқори кучда ишлайдиган, иссиққа узоқ чидайдиган, кескин атмосфера таъсирига бардош берадиган ва яхши диэлектрик хоссали бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланади.
Табиий смолалар (канифол, шеллак, битум ва бошқалар) асосида олинадиган П. қадимдан маълум. Сунъий полимер — нитроцеллюлоза (селлюлоза нитрати)дан тайёрланган энг дастлабки П. селлулоид бўлиб, у 1872-йилда АҚСҲ да ишлаб чиқарила бошлаган. 1906—10 йилларда Россия ва Германияда тажриба саноа-тида 1-реактопластлар — фенол-формалдегид смолалар асосида олинадиган материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 30-йилларда собиқ СССР, АҚСҲ, Германия ва бошқа саноати ривожланган мамлакатларда термопластлар, поливинилхлорид, полиметилметакрилат, полиамид, полистироллар ишлаб чиқариши ташкил этилди. Лекин пластик саноати 2-жаҳон урушидан кейингина ривожланди, ХХ аср 50-йилларида кўпчилик мамлакатларда полиэтилен П. кўплаб ишлаб чиқарила бошлади.
Ўзбекистонда 10 га яқин корхона пластикни қайта ишлайди. Шулардан Тошкент пластмасса заводи, Оҳангарон қурилиш буюмлари заводи, Жиззах пластмасса ишлаб чиқариш заводи ихтисослашган корхоналардир.
Қурилишда пластик полларга қоплашда ва бошқа пардоз ишларида, биноларни герметиклаш, гидро ва термоизолясиялаш, қувурлар, санитария-техника ускуналари ишлаб чиқаришда, ёпмалар, дераза, эшик, сайёҳлар уйчаси, ёзлик павилонлар тайёрлашда қўлланади. Машинасозлик материаллари ичида пластик етакчи ўринни эгаллайди. Пластик маҳсулотлар таннархини арзонлаштиради, машиналарнинг муҳим техник иқтисодий параметрлари, массаси камаяди, пухталиги, ишончлилиги ва ҳоказо ошади. Пластикдан тишли ғилдираклар, подшипниклар, роликлар, станок йўналтиргичлари, қувурлар, болтлар, гайкалар ва бошқа ишлаб чиқарилади. Пластикнинг авиациясозликда кенг қўлланилишига сабаб уларнинг енгиллиги ва техник хоссаларини ўзгартириш имкониятига эгалигидир. Ракета ва космик кемалар ишлаб чиқаришда ҳам пластик муҳим аҳамият касб этди. Реактопластлардан фойдаланиб реактив двигателлар, самолётларнинг куч агрегатлари, ракета корпуслари, ғилдираклар, шасси устунлари, вертолётларнинг парраклари, иссиқлик сақлаш элементлари, осма ёнилғи баклари тайёрланади. Термопластлар ойна элементлари, антенна суюрмалари ва ҳоказо ишлаб чиқаришда қўлланади.
Пластик кемасозликда кемаларнинг корпуси ва корпусли конструксиялар (асосан, шишапластлар), кема механизмларининг деталларини тайёрлашда, кема хоналарини пардозлаш, уларни иссиқ, товуш ва гидроизолясиялашда ишлатилади.
Автомобил созликда пластикдан автомобил кабиналари, кузовлари ва уларнинг йирик габаритли қисмлари, двигател, трансмиссия шасси деталлари тайёрланади.
Қишлоқ хўжалигида пластик суғориш иншоотлари қуришда, тупроқни мулъчлашт, уруғларни дорилаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашда ишлатилади.
Тиббиёт саноатида пластикдан кўплаб асбоблар, махсус идишлар ишлаб чиқарилади. Жаррохликда пластмассадан тайёрланган юрак клапанлари, қўл-оёқ протезлари, ортопедик қўйилмалар, кўз соққаси ва бошқа ишлатилади[1].
Тарихи
Биринчи пласмасса, паркезин, 1856-йилда Бирмингемлик металлург Александр Паркс томонидан ихтиро этилган.
Хоссалари
- Пластмасса зичлиги (0,85—1,8 г/см³) кичик, электр ва иссиқлик ўтказиш қобилияти жуда паст материал ҳисобланади. Механик мустаҳкамлиги ҳам юқори даражада эмас.
- Иситиш жараёнида эрийди.
- Намликка, асослар ва кислоталар таъсирига чидамлидир. Эритгичлар турига қараб ҳар хил таъсир қилиши мумкин.
Яна қаранг
Адабиёт
- Исмоилов И. И., Джалилов А. Т., Аскаров М. А., Химически активниэ полимери и олигомери, Т., 1993; Асқаров М. А., Исмоилов И. И., Полимерлар кимёси ва физикаси, Т., 2003.
Манбалар
Ҳаволалар
| Викиомборда „Пластик материаллар“ мавзуси бўйича медиафайллар бор. |
- 600 дан ошиқ пластик турининг рўйхати (ингл.)
- ҳттп://www.пластиcсиндустрй.орг/АбоутПластиcс/cонтент.cфм?ИтемНумбер=670&навИтемНумбер=1117 (Wайбаcк Мачине сайтида 2009-07-06 санасида архивланган)
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Кимёга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |