Protest
Протест (лотинча: протестор — ошкора исботлайман) — прокурорнинг норозилик ҳужжати. Ўзбекистон Республикасида П. қонунга зид бўлган ҳужжатни қабул қилган органга ёки мансабдор шахсга, шунингдек, юқори органга ёхуд юқори мансабдор шахсга, суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори устидан процессуал қонунда белгиланган тартибда берилади. П. берилган вақтдан бошлаб 10 кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши шарт. Қонунбузарликни дарҳол бартараф этиш талаб қилинган алоҳида ҳолларда прокурор П.ни кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатини белгилашга ҳақли. П.ни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида 3 кун ичида прокурорга ёзма равишда маълум қилинади. П. коллегиал орган томонидан кўриб чиқиладиган ҳолларда мажлис куни ҳақида прокурорга маълум қилинади ва у мажлисда иштирок этишга ҳақлидир. П. шу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи орган (мансабдор шахс) томонидан рад этилганда, шунингдек, П. қонунда белгиланган муддат ичида кўриб чиқилмаган тақдирда, прокурор ана шу ҳужжатни ғайриқонуний деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан 1 ой ичида судга мурожаат этишга ҳақли. Ариза судда кўриб чиқилгунга қадар берилган ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилади. Суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорига нисбатан келтирилган апеллясия, кассация, хусусий ва назорат тартибидаги П. ишни судда кўриш бошлангунга қадар П. берган прокурор томонидан, шунингдек, юқори турувчи прокурор томонидан ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки чақириб олиниши мумкин.
Ғафур Абдумажидов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |