Prototip
Прототип (прото ... ва тип) — бадиий образ (тип)га асос бўлган реал шахс. Автобиографик ва мемуар асарларда, лирика ва ҳужжатли насрда, шунингдек, портрет санъати ва ҳайкалтарошликда бошқа жанрлардагига нисбатан кенгроқ фойдаланилади. Ошкора шартлиликка асосланган фантастика, романтизм ва бошқа услубларга Караганда ҳаётда П. санъаткорга воқеликни бадиий ўзлаштириш учун ҳаётий материал бўлиб хизмат қилади. Бадиий асар қаҳрамони бир ёки бир неча П.ли бўлиши мумкин. П. билан бадиий образ орасидаги фарқ ҳар хил. Бу, асар жанри ва йўналиши, муаллифнинг индивидуаллиги билан боғлиқ. Романтик асарларда муаллиф кўпроқ бадиий тўқимага эрк бериб, П. хаётига оид фактларни ё кескин камайтиради ёки жиддий ўзгартиради (Абдулла Қодирий "Ўтган кунлар" ва бошқалар). Ҳужжатли насрда эса, аксинча, образ п.га энг юқори даражада яқинлаштирилиб, муаллиф ҳаётий шахсга оид асослардан кўп узоқлашмайди, айрим ҳолларда, ҳатто жой ва қаҳрамон номларини ҳам аслидагидай сақлайди (Б. Полевойнинг "Чин инсон қиссаси", Н. Сафаровнинг "Узоқни кўзлаган қиз" асари ва бошқалар). Бундай ҳолларда П. ҳақида гапиришнинг ўзи шартлидир. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам бадиий образ П.га нисбатан анча кенг ва сермаъно бўлади. Чунки муаллиф П. ҳаёти ва ҳарактерига оид факт ва хусусиятларни ҳаётдаги бошқа шундай киши (ёки П.)лар ҳарактери ва турмушидаги фактлар билан, шунингдек, ўз қарашлари ва идеаллари билан ҳам бойитади. П.ли образда ҳам муаллиф ҳаёт ҳодисаларини типиклаштириш ва умумлаштиришда бадиий тўқимадан фойдаланади. Бу эса унга ҳаётда ўзи кўрган билган воқеа ҳодисалардан, реал шахс (П.)лар ҳаёти фактларидан самарали фойдаланиб, ҳаққоний ва тўлақонли бадиий образлар яратиш имконини беради. Бадиий образ П.лари тадқиқотчиларни санъаткор ижодхонаси ва асарнинг яратилиши тарихи билан қизиқтиради. Бу иш тадқиқотчидан ўзига хос назорат талаб этади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |