Publitsistika
Публицистика (лотинча: публиcус - ижтимоий) — даврнинг ижтимоий-сиёсий ва бошқа долзарб масалаларига бағишланган адабий ижод тури. П.нинг вазифаси ижтимоий фикр уйғотиш ва уни шакллантириш, маълум мақсадга йўналтириш, ҳужжатли факт-маълумотлар асосида воқелик манзарасини яратишдан иборат. Ҳозирги замон ижтимоий ҳаёти, унга алоқадор ўтмиш ва келажак фактлари П.нинг предметидир. Ҳаётда ижтимоий фаолият, онг-қарашларнинг салмоғи ортган сари публицистнинг, яъни ижодкорнинг воқеликка фаол аралашуви, фикрни бевосита ошкора, дангал ифодалаш тамойили ҳам ошди. П. фан, санъат, адабиёт асарлари таркибига тобора кўпроқ кириб бормоқда. Публицистик роман, песа, кино асарлари пайдо бўлмоқда.
Воқелик фактларини мантиқий ва образли умумлаштириб ифодаловчи мақола ва бошқа йирик асарларгина эмас, балки матбуот жанрларининг ҳаммаси ҳам П.га киради. П. мавзу хусусиятлари жиҳатидан фалсафий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий, адабий, танқидий; услуб жиҳатидан баҳс-мунозарали, ташвиқот-тарғибот, танқидий-таҳлилий, ҳажвий кўринишларга эга. П. жанр жиҳатидан воқеий-информацион (хабар, репортаж, ҳисобот), таҳлилий (мақола), бадиий-публицистик (очерк, фелетон, памфлет, ёзувчи мақоласи) турларга бўлинади. П. ҳаёт фактларини чуқур таҳлил ва тадқиқ этиш, яъни ижтимоий-публицистик тадқиқот орқали воқеликни кашф этади. Шу жиҳатдан у ижтимоий фанга яқинлашади. П. илмий-назарий хусусиятларга эга бўлиши, у ёки бу фан масалаларини публицистик мақола тарзида талқин ва ташвиқ этиши мумкин. П.нинг шакли, ички тузилиши мантиқий тафаккур ва образлиликнинг ўзаро бирикувидан иборат. П. жанрида образ ўзига хос меъёрда қўлланади. Публицист шахсияти шоир шахсияти сингари ўзининг бой ички дунёси, нуқтаи назари билан намоён бўлади.
Ўрта Осиё халклари тарихида П. анча қадимийдир. П. хусусиятлари "Қобуснома" (П-аср)да яққол кўзга ташланади. Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис", "Муншаот", "Маҳбуб ул-қулуб" асарларида П.нинг тугал хусусиятлари учрайди. Навоийнинг Абдураҳмон Жомий, Паҳлавон Муҳаммад, Сайид Ҳасан Ардашер ва бошқа хақидаги адабий портретларини публицистик очерклар, деб аташ мумкин. Навоий насрий асарларини чуқур тадқиқ этиш уни ўзбек бадиий П.сининг асосчиси, деб аташга имкон беради. Публицистик хусусият ўзбек мумтоз адабиёти асарлари таркибига ҳам сингиб кетган. Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётга доир дастлабки публицистик мақолалар "Туркистон вилоятининг газети" саҳифаларида чоп этилган. Бироқ миллий уйғониш (жадидчилик ҳаракати)нинг кучайиши натижасида юзага келган миллий матбуот ўша даврдаги жамиятнинг камчилик ва иллатларини очиқошкора баён этган, ҳатто халқаро ҳаётга оид муаммоларни тезкор шарҳлаганлиги билан ҳам қадрлидир. Айниқса, бундай мақолалар "Тараққий" газ.дан бошлаб кенг кўламда кўрина бошлайди. И. Обидий, М. Беҳбудий, Фит-рат, Чўлпон, У. Хўжаев, А. Авлоний, Ҳ. Муин, М. Абдурашидхонов, С. Аж-зий ва бошқа ҳурфикр жадид зиёлилари қаламига мансуб ўлка ва халқаро май-дондаги ижтимоий-сиёсий, фан ва таълим, маданият ва санъат, миллий сиёсат ва бошқа масалаларга бағишланган публицистик мақолалар "Шуҳрат", "Хуршид", "Осиё", "Садои Туркистон", "Садои Фарғона", "Нажот", "Турон", "Ҳуррият", "Юрт" каби газ. ва журнал са-ҳифаларида чоп этилган. Хусусан, Беҳ-будийнинг ўзи томонидан нашр этилган ва бош муҳаррирлик қилган "Самарқанд" газ. ҳамда "Ойна" жур.да чоп қилинган мақолалари ўша давр жамо-атчилиги томонидан зўр қизиқиш билан қаршиланган ("Саёҳат хотиралари", "Тил масаласи", "Бизни кемиргувчи иллатлар", "Эҳтиёжи миллат" ва бошқалар).
90-йиллардан сўнг ўзбек миллий журналистикасида ҳам ўзига хос ўзгаришлар кузатилди. Анъанавий шарҳлаш журналистикаси ўрнига янгиликлар журналистикаси пайдо бўлди. Натижада публицистик жанрлар ахборот жанрларига кўпроқ ўрин бера бошлади. П. кейинги йилларда юқори босқичга кўтарилди. Озод Шарофиддинов, Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуров, Наим Каримов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Султонмурод Олим ва бошқа ўзларининг долзарб публицистик мақолалари билан ўзбек П.сига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
П.нинг ёзма ва оғзаки шаклларидан ташқари график-тасвир (плакат, карикатура ва бошқалар), фотокинематографик (ҳужжатли кино), театр-драматик (агитбригада ва бошқалар) шакллари ҳам бор.
Адабиёт
- Газетниэ жанри, М., 1971; Тоғаев О., Публицистика жанрлари, Тошкент, 1976; Зоҳидов В. Й., Танланган асарлар, 3 жилдли, Т., 1976-78.
Норали Очилов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |