Пашту тили
Миллий номи پښتو
Мамлакатлар Афғонистон
Туркумланиши
Тил оиласи
ҳинд-европа
ҳинд-эроний
эроний
шарқий эроний
паштуча
Тил кодлари

Пашту тили, афғон тили, пашту — эроний тилларнинг шарқий гуруҳига мансуб тиллардан бири; Афғонистондаги икки расмий тилдан (дарий тили билан бирга) бири. Афғонистоннинг Қандаҳор, Жалолобод, Ғазна, Хост, Фарах вилоятлари ва Кобул шаҳрида, Покистоннинг Вазиристон, Балужистон ва бошқа ҳудудларида, Пешовар шаҳрида тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 25 млн. кишидан ортиқ бўлиб, уларнинг учдан икки қисми Покистонда яшайди. Кўп сонли ҳудудий ва қабилавий лаҳжалар асосан 2 гуруҳни ташкил этади: шарқий ёки пешовар-жалолобод лаҳжаси ва ғарбий ёки қандаҳор лаҳжаси; шунингдек, жанубий лаҳжа ҳам (Афғонистоннинг Пактия вилояти) фарқланади. Пашту тилида ундошлар 30 та; бошқа эроний тиллардан фарқланувчи ундош товушларга эга; урғу динамик хусусиятли, урғуларнинг ўзгарувчанлигига қараб сўзларнинг маънолари фарқланади; грамматик қурилиши учун отларнинг флективлиги кучлидир.

Адабий пашту тили 2 лаҳжали асосга эга бўлиб, Афғонистонда ўзига нисбатан қадимийроқ ва бойроқ ёзма анъаналарга эга бўлган дарий тили билан ёнма-ён қўлланиш шароитида ривожланмоқда. Адабий пашту тили аввал нисбатан кам меъёрланган ва расмий ҳужжатлар доирасида, ижтимоий-сиёсий амалиётда кам қўлланган, лекин унинг қўлланиш доираси тобора кенгайиб бормоқда: тилни меъёрлаштириш чоралари кўрилмоқда, изоҳли ва икки тилли луғатлар, сўз ва грамматик шаклларни меъёрий қўллашга доир махсус ишлар чоп этилмоқда, терминология шакллантирилмоқда ва бошқалар. Пашту тили араб-форс ёзувидан унга пашту тилига хос бўлган товушларни ифодаловчи ҳарфларни қўшиш йўли билан фойдаланади. Дастлабки ёзма манбалари ХВИ асрга тааллуқли.