Қизиқчилик - ўзбек анъанавий театр тури. Қ. театри, асосан, Қўқон хонлиги ҳудудида (айниқса, Фарғона водийси ва Тошкентда) расм бўлган, ижрочиси қизиқчи (қизиқ), тўда бошлиғи ва иш юритувчиси корфармон деб аталган. Унинг репертуарини танқид ва муқаллид жанрларидаги ҳажвий ва юмористик комедиялар, кулки-ҳикоя ташкил этган. Қ. оғзаки драматургияга асосланган; бунда кўрсатиладиган томошаларнинг фабуласи, сюжети, айрим барқарор саволжавоблари маълум бўлиб, қизиқчилари томонидан олдиндан ўзлаштирилган ва шу асосда ижод ва ижро қилинган. Қизиқчилар ўз ижодларида кўпроқ сўз санъатига таянган, халқ поэтик ижоди, тил бойлиги, аскиячи, мумтоз адабиёт намуналаридан усталик билан фойдаланганлар; муайян ролда ўйнаганда характерга яраша либосларда чиқса-да, одатда, қизил, сариқ ёки жигарранг матодан тикилган ёки қуроқ камзул кийган. ХИХ асрда қизиқчиларнинг труппалари (мас, Бидиёршум, Зокир Эшон бошчилигидаги тўдалар) фаолият кўрсатган. Зокиржон қизиқ тўдасига 20 дан зиёд қизиқчи уюшган бўлиб, юзга яқин танқид, муқаллид, кулки-ҳикоялар ва латифалар намойиш этишган. ХХ асрнинг 1-ярмида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов бошлиқ 50 га яқин қизиқчи Қ. меросини сақлаб, янги шароитларда баҳолиқудрат ижод қилиб, ўз билим ва тажрибаларини ёш ижрочиларга сингдириб келдилар. ХХ асрнинг 2-ярмида қизиқчиларнинг янги авлоди майдонга келди. Улар анъанавий театр мероси, ижро маданиятидан таъсирланган бўлсалар-да, Қ.ни миллий анъаналарга таянган ва жаҳон кулги усталари ижодидан таъсирланган ҳолда ўз дастурларини ўзлари тўқиб, ўзлари ижро этадилар. Бу тарихий жараён Зайнобиддин Юсупов, Муҳиддин қизиқ Дарвешов, Жўрахон Пўлатов каби қизиқчилар фаолиятидан бошланган. Мустақиллик даврида Мирзобек Холметов, Обид Асомов ва улар тузган Қ. театри шуҳрат қозонди. Шунингдек, "Мирзо", "Обид-А", "Қаҳқаҳа", "Ҳандалак" каби Қ. гуруҳларининг танилишида телевидение муҳим рол ўйнади.

Ад. Қодиров М., Ўзбек театри тарихи, Т., 2003.

Муҳсин Қодиров.