Qoʻshtepa tumani
Қўштепа тумани (1943-йилгача Марғилон тумани) – Фарғона вилоятидаги туман. 1926-йилда ташкил этилган. Кейинчалик туман ҳудудидан Тошлоқ, Ёзёвон каби янги туманлар ажралиб чиққан. Ғарбдан Олтиариқ, жанубдан Фарғона, шимолдан Ёзёвон, шарқдан Тошлоқ туманлари ва Марғилон шаҳри билан чегарадош. Майдони 0,39 минг км². Аҳолиси 195,3 минг киши (2020). Қўштепа туманида 18 та қишлоқ фуқаролари йиғини (Болталикўл, Дўрмон, Йўлдошобод, Лангар, Лойсон, Нурафшон, Пахтакор, Саримозор, Солижонобод, Сурхтепа, Халқобод, Шаҳартепа, Ўқчи, Корақушчи, Қумтепа, Ғиштмон,Қайрағоч,Нурафшон бор). Маркази Лангар- шаҳарчаси
| туман | |
|---|---|
| Таркибида | Фарғона вилояти |
| Маъмурий маркази | Лангар (қишлоқ) |
| Ҳоким |
Илёсбек Новиков [1] |
| Расмий тиллар | Ўзбек |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
| Харитада | |
|
| |
Қўштепа атамаси
„Қўштепа“- географик атама бўлиб, тепалик билан боғлиқ. Қўш, яъни жуфт тепалик, шунингдек тепаликнинг кўплик маъносини англатади. Туман номининг „Қўштепа“ деб аталиши бу ҳудудда тепаликларнинг кўплиги билан изоҳланади. Туманимизда Шаҳартепа, Шоҳмирзатепа, Оқтепа, Қўштепа, Қумтепа, Қамиштепа, Қоратепа, Лангартепа, Қўрғонтепа, Сополлитепа каби жой номлари мавжудлиги инобатга олинган.
Туманимизда Қўштепа номли қишлоқ бўлганлиги ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар бор. Масалан „Тарихи Азизий“ китобида ушбу қишлоқ номи тилга олинган. Бу қишлоқдаги қабристонга қўзғалончилар раҳбари, Пўлатхон дафн этилган ва бир неча кундан сўнг унинг жасади Эшонгузар қишлоғига қайта дафн этилган[2].
Табиати
Туман Фарғона водийсининг марказида, Ёзёвон чўлида жойлашган. Релефи кенг текисликдан иборат, шим. томон пасайиб боради; даре ёйилмалари ва уларнинг оралиғидаги пастликлар ҳамда Сирдарёнинг қайир усти террасаси, суви қуриб қолган кўл ботиклари билан бирга кад. сойларнинг ўзанлари, қум барханлари ва тепалари учрайди. Иклими кескин континентал. Ёзи иссиқроқ, қиши совуқроқ. Баҳорда ғарбдан шамол эсиб туради. Йиллик ўртача температура 13,6°. Июлда ўртача температура 27°, энг юқори температура 43°, январда ўртача температура —2,2°, энг паст температура —23°. Вегетация даври 220 кун. Йиллик ёғин 110-130 мм. Туман ҳудуди орқали Катта Фарғона канали (27 км), Марғилонсой, Жанабий Фарғона канали оқиб ўтади.
Туман ҳудуди мураккаб гидрогеологик ўринда жойлашган. Теварак атрофдаги баландликлардан келган сизот сувлари ва суғоришдан чиққан оқова сувлар ер ости сувини кўпайтиради. Сизот суви юза (1—1,5 м). Ер остидаги сувли қатламлардан сув артезиан қудуғи орқали чиқариб олинмоқда.
Туман ҳудудининг катта қисмини қисман шўрлашган ўтлоқи ва ўтлоқиботқоқ тупрокдар, баъзан шўрхок тупроқлар ишғол қилади. Ўтлоқи тупроқларда бутун вегетация даврида намлик етарли бўлади. Жануб қисмида оч бўз, суғориладиган бўз-ўтлоқи, ботқоқ ўтлоқи тупроқлар (чириндиси 2—4%) бор. Ёввойи ўсимликлардан черкез, қандим, селин, юлғун, қум тепалари оралиғидаги текисликларда шўра, лёссли-гилли ерларда шувоқ, зовурлар ичида қамиш ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан қуён, тулки, кемирувчилар ва судралувчилар бор.
Аҳолиси
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар (92,5%) шунингдек, қирғиз (6,5%), татар, тожик, рус ва бошқа (1%) яшайди. 1 км²га 352 киши тўғри келади. Қишлоқ аҳолиси 137,3 минг киши (2003).
Хўжалиги
Туман хўжалиги, асосан, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Ширкат хўжаликлари пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик, ипакчилик, чорвачилик билан шу-ғулланади. Қўштепа туманида 1000 дан ортиқ хўжалик юритувчи субектлар рўйхатга олинган. Шулардан 74 таси йирик корхоналар, 942 таси кичик ва ўрта бизнес корхоналари, бундан ташқари, 649 та фермер хўжаликлари, 379 та деҳқон, 218 та боғдорчилик, 31 та чорвачиликка йўналтирилган фермер хўжаликлари бор.
Туманда Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилган „ДЕУ текстам компани“ корхонаси, „Фарғона наслли парранда“, „Матлуботнон“, МТП, Қорақушчи механика таъмирлаш, сувни қайта тозалаш корхоналари, „Раскар-200“, „Ёғду“ сингари кичик корхоналар фаолият кўрсатади.
Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи – пахтачилик. Туманда жами 24,6 минг га ерда деҳқончилик қилинади, шундан 11 минг га ер майдо-нига дон, 11,02 минг га ер майдонига пахта экилади, 2,6 минг га дан ортиқ майдон полиз, озука экинлари, сабзавот, боғ ва токзорлар билан банд. 15 ширкат хўжалиги, йирик бўрдоқичилик корхонаси мавжуд. Ўрмон хўжалиги бор. Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида 25,8 минг кррамол (шундан 11 мингга яқини сигир), 25,5 мингга якин қўй, 311 от, 176,7 мингга яқин парранда боқилади (2003).
Автотранспорт йўлларининг уз. 266 км. 2002/2003 ўқув йилида 49 умумий таълим мактаби, 2 лицей-интернатда 36,9 мингга яқин ўқувчи таълим олди, шунингдек, 2 коллеж (570 талаба) фаолият кўрсатади.
Марказий маданият уйи, қишлокларда уларнинг 6 та филиали, 25 кутубхо-на, 2 маданият саройи, 2 стадион мавжуд. 3 касалхона (500 ўрин), санитария назорати, „Саломатлик“ марказлари, 3 поликлиника, 15 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 10 дорихона, 4 хусу-сий касалхона ишлаб турибди. Тумандаги барча тиббий муассасаларда 192 врач (ҳар 10 минг аҳолига 15 врач) ишлайди.
„Истиқбол йўли“ туман газ. 1943-йилдан чиқади (адади 5 минг)[3].
Манбалар
- ↑ „Қўштепа тумани ҳокими ва ўринбосарлари ҳақида маълумот“. 2022-йил 13-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 13-ноябр.
- ↑ (Тоҳиржон Усмонов, Набижон Солиев, Қо'штепа тумани тарихи).
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |