Қўй — қувушшохлилар оиласи қўйлар туркумига мансуб жуфт туёқ-ли, кавш қайтарувчи уй ҳайвони. Қўй бундан 8 минг йил аввал хонакилаштирилган. Унинг аждоди ёввойи қўйлар (муфлонлар, архар, аркаллар) ҳисобланади. Мавжуд калта думли қўй зотлари муфлонлардан, узун думли қўй зотлари ва ёғли думли қоракўл қўйлари архарлардан, думбали (ҳисори, жайдари ва шаҳрик.) қўйлар аркаллардан келиб чиққан.

Қўй асрлар мобайнида инсон ҳаётида муҳим озиқ-овқат маҳсулоти (гўшти, ёғи), кийим-кечак (тери, жуни) ва бошқа сифатида катта рол ўйнаган. Танасининг баландлиги 55—100 см, уз. 60—100 см. Кўпгина зотларда қўчқорлари яхши ривожланган бурама шохли, совлиқлари шох-сиз ёки калта шохли. Тумшуғи тўғри, учи ингичкароқ лаблари юпқа, серҳа-ракат, курак тишлари ўткир, оёқлари бақувват. Вояга етган Қўйларда 32 тиш бўлади. Туси оқ, қора, малла ва кўк. Майин жунли, ярим майин жунли ва дағал жунли (қаранг Дағал жунли қўйлар, Майин жунли қўйлар), калта думли (10—12 умуртқали), узун думли (20—22 умуртқали), думли ва думбали Қўйларга бўлинади (қаранг Думбали қўйлар, Думли қўйлар). Қўйлар14—15 йил яшайди. Хўжаликда 6 — 8 йил фойдаланипади. 5—7 ойлигида жинсий етилади. 15—18 ойлигида қочиришга қўйилади. Бўғозлик даври 145-155 кун.

Кўпгина Қўйлардан биттадан, айримларидан 2 тадан, ро-манов зотли қўйлардан 5 ва ундан ортиқ қўзи олинади. Қўзилар 2–6 кг туғилади. 2—4 ёшида ўсишдан тўхтайди. Майин жунли Қўйнинг жун қоплами диаметри ўртача 18—25 мкм бўлган бир хилдаги тивит толаларидан, дағал жунли Қўйларнинг жун қоплами диаметри 100—200 мкм бўлган аралаш дағал толалардан иборат. Майин жунли Қўйнинг жун толаси уз. 6—10 см дан узунроқ, ярим майин жунли Қўйларда 10—20 см ва дағал жунли Қўйларда 10—15 см. Майин жунли Қўйдан йилига ўртача 5—6, ярим майин жунли Қўйдан 3—6 ва дағал жунли Қўйлардан 1–4 кг жун олинади. Майин жунли ва ярим майин жунли Қўйларнинг жуни йилига бир марта, дағал жунли Қўйларники 2 марта — баҳорда ва кузда қирқилади. Қўчқорларининг оғирлиги 60—180, совлиқлариники 35–110 кг. Сўйим чиқими 45—60%. Қўйлар табиий ва маҳаллий шароитларни ҳамда Қўй зотларининг ўзига хос биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда яйловда (10—11 ой), яй-ловда-қўлда, қўлда-яйловда ва қўлда боқилади.

Ўрта Осиё халқлари қадимдан Қўйларни гўшти, ёғи, териси ва сути учун боқади. Узоқ асрлар мобайнида Ўзбекистонда халқ селексиясида ҳисори қўй зоти, қоракўл қўй зоти ва олимлар ва чорвадорлар ҳамкорлигида олиб борилган селексия — наслчилик ишлари натижасида бу зотнинг бир қанча завод типлари яратилди.

Дунёдаги барча мамлакатларда 250 дан ортиқ турли йўналишга мансуб қўй зотлари урчитилиб кўпайтирилмоқда. Улардан — аскания қўй зоти, дегерес қўйи, меринослар, прекос, рам-буле, романов қўй зоти, саражи қўй зоти, Тожикистон қўй зоти, эдилбой қўй зоти каби зотлар гўшт, жун йўналишидаги энг сермаҳсул зотлар ҳисобланади. Ўзбекистонда, асосан, қоракўл қўй зоти, думбали ҳисори қўй зоти ва думбали жайдари қўйлар боқилади. Қўйлар яйловда боқилганда кунига 8– 10 кг ўт истеъмол қилади. Дағал озу-қалар (пичан, силос) ва бошқаларни яхши ҳазм қилади. Ёзда чўл шароитида икки марта, қишда кунора суғорилади (яна қаранг Қўйчилик).

Абдусаттор Амиров.

Яна қаранг