Қўшилиш — археологик ёдгорлик. Мезолит даври (мил. ав. 12-мингйиллик)га оид ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Бўзсув каналининг чап соҳили, Қўшилиш мавзесида жойлашган. Археолог В. А. Захаревич топган (1966-йил). 1967-йил Ў. Исломов томонидан текширилган. Қ.дан тошдан ишланган меҳнат қуроллари, ибтидоий одамлар истеъмол қилган ҳайвонларнинг суяк қолдиқлари топилган ва ўрганилган. Ҳамма меҳнат қуроллари (қирғичлар, искана, ўроқ, ранда, пичоқсимон қуроллар ва бошқалар) майда тош парчалари, қисман пластинкалардан тайёрланган. Ихчам учбурчак меҳнат қуроллари ҳам учрайди. Қ.ни ўрганиш сўнгги палеолит давридан бошлаб Тошкент ҳудудида узлуксиз одам яшаганлигидан далолат беради.