Қуддус Муҳаммадий (Муҳаммадиев Қуддус) (1907.25.10 – Тошкент – 1997.21.6) – болалар шоири. Ўзбекистон халқ шоири (1982). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1957). “Дўстлик” ордени (1995)[1], вафотидан сўнг “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби.

Қишлоқ хўжалиги техникумини тугатган (1930), Ўрта Осиё давлат университети (1931—32) ва Тошкент тиббиёт институти (1932—37)да ўқиган. Мактабда ўқитувчи (1930—32). Ислом шоир котиби (1941 – 45). Шеърлари 1928-йилдан „Қуддус“ тахаллуси билан матбуотда босилган. дастлабки шеърлар тўплами – „Ўқувчига эсдалик“ (1946) мактаб болалари ҳаётига бағишланган. „Шеър ва эртаклар“, „Синов“ (1947), „Орзу“, „Баҳор келди“ (1948), „Қирқ ўғил, қирқ қиз“ шеърий тўпламлари (1951) ҳамда „Янги уй“ (1953), „Китоб“, „Бу бинони ким қурган?“, „Оқ тоғлар“, „Тентаксой“ каби асарларида инсон меҳнати улуғланган. „Қандай бўлмоғим керак?“ (1960), „Жуда қизиқ, жуда чиройли“ (1961), „Она-бола меҳри“ (1963), „Бола бошидан, ўғлон ёшидан“ (1964), „Қанотли дўстлар“ (1978), „Чўпон бобо қўшиғи“ (1979) ва бошқа шеър ва эртаклар тўплами нашр қилинган. Қ. М. болаларнинг ёшига, савиясига мос қилиб асарлар яратган, адабийбадиий воситаларни излаб топган, киноя, сатира ва юмор унсурларидан унумли фойдаланган. Қ. М. ижодига хос бўлган асосий хусусият унинг асарларида бадиийлик, маърифийлик ва тарбиявийликнинг уйғунлигидадир. Шоир ижтимоий ҳаёт воқеалари ва табиат ҳодисаларига теран назар ташлайди, уларнинг ўзига хос ички ва ташқи томонларини, ривожланиш қонуниятларини чуқур идрок этади ҳамда уларни болалар адабиёти талабларига мувофиқ, яъни жонли ва динамик тарзда гавдалантиради ва бадиий умумлашган образлар яратади. „Табиат алифбеси“ (5 китоб, 1974—80)да болаларни Ўзбекистоннинг бой ва гўзал табиатини севишга, сув ва ҳавосини мусаффо сақлашга чақирган. „Китоб ва Офтоб“ (1986), „Мен сизга бир ҳикмат айтаман“ (1987) каби асарлар муаллифи. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970)[2]. Вафотидан кейин, 2025-йилда „Фидокорона хизматлари учун“ ордени билан мукофотланган[3].

Ас. Танланган асарлар, Т., 1957; Очил дастурхон [Шеър ва эртаклар[, Т., 1970; Серебристий топол, Стихи, М., 1982.

Адабиёт

  • Қўшжонов М., Қуддус Муҳаммадий ва Кудрат Ҳикмат, Т., 1963; Бат Л., Шоир ва педагог ["Ўзбек совет болалар адабиёти" тўпламида), Т., 1969; Хўжаева Р., Қуддус Муҳаммадий, Т.. 1980.

Манбалар