Qulbobo Koʻkaldosh
Қулбобо Кўкалдош (тахминан 1534-йил — 1598-йил, Бухоро хонлиги) — ўзбек давлат, жамоат ва ҳарбий арбоби. Саркарда ва шоир. Турон тарихида кўкалдош мансабидаги энг қудратли шахс.
| Қулбобо Кўкалдош | |
|---|---|
Қулбобо Кўкалдош | |
| Монарх | Абдуллахон |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
тахминан 1534-йил Бухоро хонлиги |
| Вафоти |
1598-йилнинг ёзи Зомин атрофи, Бухоро хонлиги |
| Фуқаролиги |
|
| Отаси | Амир Ёрмуҳаммад |
| Дини | Ислом |
Қулбобо Кўкалдош Бухоро хонлиги тарихида алоҳида ўринга эга бўлган.
Шарафли номлари ва сифатлари
Ҳофиз Таниш ал-Бухорий ўзининг Абдулланома (Шарафномаи шоҳий) асарида Қулбобо Кўкалдошнинг номини Абдуллахон номидан сўнг энг кўп, 120 дан ортиқ марта тилга олади[1][2].
Қулбобо Кўкалдошни замондошлари Жаноби аморатпаноҳ (амирлар паноҳи), Низом уд-давла (давлат низоми), Низомиддин, Низомулмулк, Олий давлат билаги, Рукн ад-давла (давлат таянчи), Рукни жаноб, Садр ул-аном (инсонлар садри), Салтанат мададкори, Салтанат ишончи, Умдат ул-мулк (подшолик таянчи ёки устуни) каби шарафли номлар билан аташган. А. К. Жуманазарга кўра, „бу унинг ҳаётий фаолияти, фазилатли амалининг муносиб баҳоси эди“[3].
Абдулланома асарида у шунингдек адолатнишон амир, аторудмисол амир (Юпитер сайёраси амири), авомнинг мурожаатгоҳи, фазл эгаси, иззатли улуғбошчи амир,қудратли амир, саодатпаноҳ, сардор нишонли амир, тадбирли амир, халқ бошлиғи, хоннинг хос суҳбатдоши, шижоатли амир, яхши хислатли амир каби сифатлар билан улуғланади[1][2].
Келиб чиқиши
Ҳофиз Таниш ал-Бухорий ўзининг Абдулланома (Шарафномаи шоҳий) асарида Қулбобо Кўкалдошнинг номини Абдуллахон номидан сўнг энг кўп, 120 дан ортиқ марта тилга олсада[1][2], тарихий манбаларда Қулбобо Кўкалдошнинг шахсий турмуши, оилавий ҳаёти тўғрисида жуда кам маълумот учрайди. Ҳофиз Таниш ал-Бухорий Қулбобо Кўкалдошнинг отаси Бухоронинг таниқли ва ҳурматли кишиларидан бири бўлганини ёзиб қолдирсада, унинг исмини тилга олмайди. Қулбобо Кўкалдош отасининг исми Кўкалдош мадрасасининг вақф ҳужжатида амир Ёрмуҳаммад деб қайд этилган. Амир Ёрмуҳаммад Абдуллахон туғилган пайтда унга оталиқ этиб тайинланган. Абдуллахон ва Қулбобо Кўкалдош қарийб тенгдош бўлишган. Айтилишича, Абдуллахон ёшлигида жуда касалманд ва нимжон бўлган экан. Шу сабабдан баъзи тарихчилар уни Қулбобо Кўкалдошнинг онасига эмизиш учун беришганини ёзишади[3].
Қадимда туркийлар бошқа онадан туғилиб, аммо бир онани эмган 2 гўдакни кўкалдош, яъни эмикдош деб аташган. Шу сабабли баъзи манбаларда Қулбобо Кўкалдошни Абдуллахоннинг эмикдош биродари деб ҳам кўрсатишади. Лекин бу эмикдошликнинг тўғридан-тўғри тарихий баёнини таниқли манбашунос олим А. К. Жуманазар ҳеч қаерда учратмаганини таъкидлайди[3].
Сиёсий фаолияти
Қулбобо Кўкалдош ўзбек ҳукмдори саройида олий мансаблардан бири — кўкалдошлик мансабида фаолият юритган[3].
У Турон тарихидаги энг қудратли кўкалдош мансабидаги шахсдир. Унинг давлат ва жамоат арбоби сифатидаги сермаҳсул фаолияти ўз ҳукмдори Абдуллахоннинг тарихда ёрқин из қолдиришини таъминлаган[1][2].
Қулбобо Кўкалдошнинг сиёсий фаолияти 1556-йилдан бошлаб Абдуллахон билан биргаликда бошланган. 1570-йиллардан бошлаб у „Амири кабир“ (катта амир) унвонида бўлиб, Абдуллахоннинг энг садоқатли амири бўлган. Қулбобо Кўкалдошга асосан ўта нозик ва махфий вазифалар топширилган[1][2].
1583-йил ўзбек ҳукмдори Искандархон (1561—1583) вафот этгач, Бухоро хонлиги тахти унинг вориси Абдуллахон (1583—1598) га ўтади. Чингизий анъанага кўра ўтказилган тахтга ўтқизиш маросимида уни оқ наматга ўтқизиб, давлатнинг 4 устуни бўлган 4 та шахсдан бири сифатида Қулбобо Кўкалдош ҳам кўтариб бориб тахтга чиқарган. Абдуллахоннинг тахтни расмий равишда эгаллаган даврида мамлакатнинг асосий устунларидан бирига айланиб улгурган Қулбобо Кўкалдош кейинчалик, мамлакат хавфсизлиги ва тараққиётида муҳим ўрин тутиб борган[1][2].
Қулбобо юқори даражали мансаб — кўкалдошликка эга бўла туриб, давлат девони ва даргоҳнинг ихтиёри унга юкланган. Девони мушрифга раҳбарлик қилиш, айрим мулкларнинг тақсимоти, вилоятларнинг муҳим ишларини ҳал қилиш, маҳаллий ҳокимлар билан ёзишмалар олиб бориш унга топширилган[1][2].
Абдуллахон ИИ даврида хон даргоҳидаги кўпчилик мансаб эгалари ўз лавозимларига кўкалдош тавсияси билан эришган[1][2].
Ҳирот ноиби
Ҳарбий фаолияти
Қулбобо Кўкалдош Абдуллахоннинг деярли барча ҳарбий юришларида иштирок этган ва энг садоқатли амир сифатида муҳим топшириқларни бажарган. 1570-йилларда у „Амири кабир“ (катта амир) унвонида бўлиб, Абдуллахоннинг ҳарбий юришларида асосий саркардалардан бири сифатида намоён бўла бошлаган. Кўп ҳолларда ҳарбий юришлар чоғида қўшиннинг илғорига Қулбобо Кўкалдош тайинланиб, олдиндаги вазиятни ўрганиш, разведка қилиш ва белгиланган тартибда мустақил равишда жангга кириш вазифаларини бажарган. У ҳарбий саркарда сифатида нафақат қўшинни бошқариш, балки стратегик режалар тузиш, тактик манёврларни ишлаб чиқишда ҳам моҳир лашкарбоши бўлган. Шунинг учун ҳам, хон чақирган ҳарбий кенгашларда кўкалдош нақибдан кейин, 2-бўлиб ўз фикрини айтиш ҳуқуқига эга бўлган[1][2].
„Абдулланома“да Қулбобо Кўкалдошнинг ҳарбий маҳоратига Абдуллахоннинг берган баҳоси хусусида қуйидаги қуйидаги таъриф келтирилади:[1][2]
Кимки Қулбобо Кўкалдошдек яна 2 кишиси бўлса, ҳар вақт унинг тиришқоқлиги билан Ернинг тўрт бурчагини олиши мумкин[1][2].
Шоирлик фаолияти
Қулбобо Кўкалдош „Муҳиббий“ тахаллуси билан шеърлар битган. Бу ҳақда Ҳасанхожа Нисорий асъҳобларидан мавлона Мутрибий шундай ёзади[3]:
Муҳиббий — садр аш-шаҳид Қулбобо Кўкалдошнинг муборак тахаллусидир. У жаннатмакон хоқон Абдуллахоннинг кўкалтоши эди. У ожиз-у нотавонлар раҳнамоси, масжид-у мадрасалар, боғ-у роғлар бунёдкори эди. Унинг хайрли амаллари туфайли Мовароуннаҳр ва Хуросон фаровон бўлди. У олимлар ва фозилларни яхши кўрарди. Шу сабабли ўзига „Муҳиббий“ деб тахаллус олди[3].
Мутрибий ўзининг „Тазкират уш-шуаро“ асарида Муҳиббийнинг ижодидан намуналар келтиради. Ўзбек олими А. К. Жуманазар Муҳиббий ижодий мероси билан қизиқиб унинг асарларини ахтариб кўради. Ўзбекистон Қўлёзмалар хазинасидан ҳозирча унга мансуб бўлган бирор асар ё унинг ижодига оид бошқа маълумот топилгани йўқлигини айтади[3].
Илм ва адабиёт аҳлига раҳнамолиги
Бунёдкорлик ишлари
Қулбобо Кўкалдош мамлакат ободончилиги йўлида кўплаб иншоотлар бунёд эттириб, ўз ҳукмдори Абдуллахоннинг „Ўрта Осиёнинг иккинчи қурувчиси“ деган эътирофга сазовор бўлишида маълум ҳиссасини қўшган[1][2].
Абдулмўминхон томонидан ўлдирилиши
Қулбобо Кўкалдош нуфузининг ортиб бориши ва Ҳиротда ноиб бўлиб туриши Абдуллахон билан унинг ўғли, Балхда кичик хон унвонида бўлган валиаҳд Абдулмўминхон ўртасидаги муносабатлар ёмонлашувига олиб келган[1][2].
Қулбобо Кўкалдош 1598-йилда Абдуллахон топшириғи билан қозоқ юришига қатнашиш учун Ҳиротдан Самарқандга келган. Аммо ўша йили 8-февралда ҳукмдор тўсатдан вафот этиб, Абдулмўминхондан хавфи бўлган амир махфий равишда Ҳиротга қайтган. Бироқ эҳтиёцизлик натижасида Балхда бўлиб турган Абдулмўминхоннинг қўлига тушиб, бўлажак хон уни Самарқандга қайтариб олиб келиб, ўша йилнинг ёзида ўғиллари билан бирга қатл эттирган[1][2].
Бухоро афсонасида
Бухоро афсоналаридан бирига кўра[4], Абдуллахон ва Қулбобо Кўкалдош иккови амакивачча экан. Ҳали Абдуллахон ҳукмдор бўлмасидан аввал Қулбобо Кўкалдош иккови полиззорга келиб, қовун ва тарвуз сўйиб ебдилар. Куз бўлса ҳам кун иссиқ экан. Шу ерда кигиз устида Абдуллахон билан Қулбобо Кўкалдош чўзилиб ухламоқчи бўлишибдилар. Абдуллахон дарров ухлаб қолибди, аммо Қулбобо Кўкалдош ухлай олмабди.
Бир маҳал Қулбобо Кўкалдош қараса, Абдуллахоннинг бурнидан бир чивин чиқиб бир тарафга равона бўлибди. Учиб бора туриб ерда ётган пичоқнинг устидан ўтиб, бир жирандага кириб, кейин жиранда ичидаги бир ёриққа кириб кетибди. Пича вақтдан кейин чивин ёриқдан чиқиб ортига қайтибди. Келган йўлидан юриб, қайтиб келиб Абдуллахоннинг бурнига кириб кетибди. Бир маҳал Абдуллахон уйғониб Қулбобо Кўкалдошга қараб:
— Мен бир туш кўрибман. Тушимда бир ёқларга борибман. Йўлда бир темир кўприкдан ўтибман. Кейин жуда катта жардай қуруқлик бор экан. Ўша чуқурликда катталиги тепадай келадиган кўза бор экан. Кўзанинг ичида ҳар бири ғалвирдай келадиган сон-саноқсиз кўп тилла бор экан. — дебди.
Боядан бери бу воқеани кузатиб турган Қулбобо Кўкалдош Абдуллахондан бир неча дақиқада айрилиб қолибди. Қулбобо Кўкалдош ҳалиги ёриққа махсус белги қўйибди-да, Абдуллахон хизматида юраверибди. Давр айланиб Абдуллахонга Бухоро хонлиги тегиб қолибди. Шундан кейин Абдуллахон Қулбобо Кўкалдошни чақириб:
— Сен менга кўп хизмат қилдинг. Мана бугун менинг ошиғим олчи турди, яъни хон бўлдим. Энди мендан кўнглингда нима мақсадинг бўлса, тила, — дебди.
Қулбобо Кўкалдош ҳалиги полиззорни тилабди. Дарров Абдуллахон Қулбобо Кўкалдошга полиззорнинг ўрнини васиқа қилиб берибди. Қулбобо Кўкалдош ўша полиззорга бориб, белги қўйилган жойни топибди-да, хазинани қазиб олибди. Чивиннинг кўзига тепадай бўлиб кўринган кўза тандирдан сал каттароқ экан ва ғалвирдай бўлиб кўринган тиллалар қирқ тангалик ёки ярим мисқоллик тиллалар экан. Қулбобо Кўкалдош шу хазинани сарфлаб, Бухорода Кўкалдош деган катта бир мадрасани қурдирган экан.
Манбалар
Адабиётлар
Китоблар
- Ҳофиз Таниш ал-Бухорий „Биринчи китоб“, . Абдулланома („Шарафномаи шоҳий“). Тошкент: Шарқ, 1999 — 416-бет.
- Ҳофиз Таниш ал-Бухорий „Иккинчи китоб“, . Абдулланома („Шарафномаи шоҳий“). Тошкент: Шарқ, 2000 — 288-бет.
- Жуманазар А. К. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.
- Жўраев М., Саидова Р.. Бухоро афсоналари. Тошкент: А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2002 — 126-бет.
- Замонов А. Т. Ўрта аср тарихий шахслари ҳаётининг айрим номаълум саҳифалари (Тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашр). Тошкент: Баёз, 2020 — 168-бет. ИСБН 978-9943-5624-6-2.
- Ахмедов Б. А. История Балха (ХВИ — первая половина ХВИИИ в.) (русча). Тошкент: Фан, 1982 — 295-бет.
Мақолалар
- Замонов А. Т. Бухоро хонлигининг йирик давлат ва жамоат арбоби Қулбобо // Ўзбекистон тарихи. — Тошкент, 2018. — № 2.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
