Оролбўйи, Қуйи Амударё - мураккаб табиий географик ҳудуд. Маъмурий жиҳатдан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида. Унинг ғарбида Устюрт платоси чинклари, шимолида Катта ва Кичик Бўрсиқ қумликлари, Шимоли-шарқида Оролбўйи Қорақуми, шарқда Сирдарё делтаси, жануби-шарқида Қизилқум чўлининг шимолий қисми, жан.да эса Амударёнинг ҳозирги делтаси жойлашган. Орол денгизи Шимоли-шарқий ва жанубий қисмларида сув сатҳининг пасайиши натижасида вужудга келган ҳудудлар (Оролқум) мавжуд.

Орол денгизи чўкмаси юқори неогеннинг охири (плиоцен)да таркиб топган. Геологларнинг фикрича, ўша даврда Мўйноқ ярим орол — Возрождение — Борсакелмас ороллари бўйлаб меридианал йўналишда Устюрт чинкининг вужудга келиши бошланган. Орол чўкмасини биринчи марта юқори плиоценда, Каспийнинг Оқчағил трансгрессияси даврида сув босган. Оқчағилнинг кўлденгиз ётқизиклари (мергел, гил, қум, қумтошлар) О.даги Қўшхонатов ва Белтов баландликларида сақланган. Каспийнинг апшерон трансгрессияси даврида Орол чўкмасини иккинчи марта сув босган, унинг ётқизиқлари (қалин қум-гил) Амударё делтасида тўртламчи давр ётқизиқлари остида мавжуд. Ўрта тўртламчи даврда Амударё шимолий томонга бурилади. 2-минг йилликнинг иккинчи ярмидан Амударё Орол чўкмасига қуйилган ва дарёнинг ҳозирги ёки Орол делтаси таркиб топиб, натижада ҳаракатдаги қумлар (барханлар), баъзи жойларда дўнг ва кичик марзали қум шакллари ҳосил бўлиши бошланган. Ўша даврда Амударёнинг Оқчадарё делтаси вужудга келган. У шимолий ва Шимоли-шарқда Сирдарёнинг қад. Жанадарё делтаси билан бирлашган. Ҳозирги у ерда қум релеф шакллари плиоценнинг гил, қумтош, мергел, тоғ жинсларидан ташкил топган қолдиқ баландликлар (Бузгул — 95 м, Учтаган — 414 м, Жомонтов — 102 м ва бошқалар) бор.

Амударёнинг ҳозирги делта юзаси дарёнинг кўплаб эски ва янги ўзанлари билан мураккаблашган. Делтада қоддиқ денудацион баландликлар: Белтов (142 м), Қушхонатов (138 м), Қизилжар (118 м), Мўйноқ (86 м) ва бошқа мавжуд. О.нинг жанубий қисмида кишда ҳаво температураси —7,6, —8,8°, ёзи иссиқ, июлнинг ўртача температураси 25,9°, 28,3°, йиллик ёғин 75– 120 мм. Охирги йилларда Орол денгизига қуйиладиган сув миқдори жуда ка-майган, баъзи йиллар езда Тахиатошдан қуйида сув бутунлай бўлмайди.

Натижада кўплаб кўллар қуриб қолди. Тупроқ қопламининг хусусиятлари ҳам ўзгарди, грунт сувларининг сатҳи пасайди, шўрхокзорлар майдони кескин кенгайди, чўллашишнинг кучайиши сабабли тўқайларнинг асосий кис-ми қуриди. Қамишзор, тўқай ўрнида эндиликда юлгунзорлар, бир йиллик шўралар таркиб топган. Ўсимликларнинг деградацияси кучайиши билан яйловлар маҳсуддорлиги, ҳайвонлар тури ва сони камайиб кетди. Оқибатда, ушбу ҳудудда бир-бири билан боғлиқ бўлган геоэкологик муаммолар вужудга келди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил