Ribonuklein kislotalar

Рибонуклеин кислоталар (РНК) — юқори молекулали мураккаб бирикмалар, нуклеин кислоталардан бири, мономерлари нуклеотидлардан иборат. Ҳар бир нуклеотиди таркибига углевод Д — рибоза, азотли асослардан аденин (А), гуанин (Г), ситозин (C cйтосине) ва урацилдан (У) бири ҳамда фосфор кислотаси қолдиғи киради. Барча тирик организмлар ва кўпгина вирусларнинг муҳим компоненти. Ирсий ахборотнинг наслдан наслга ўтишида иштирок этади. Рибонуклеин кислоталар молекуласининг фазовий структураси, асосан, бир ипли полинуклеотид занжирдан иборат бўлиб, таркибида 75 тадан 10000 тагача нуклеотид қолдиғи бор. Молекуласининг айрим қисмларида азот асосларининг комплементарлик принсипига биноан қўш занжирлар ҳосил бўлади. Функсияси ва структурасига кўра, Рибонуклеин кислоталар рибосомал (рРНК), транспорт (тРНК), информацион (иРНК) ва кичик молекулали (км РНК)га ажратилади. Тирик ҳужайраларда РНК синтези ДНК матрицасида РНК полимераза ферменти ёрдамида амалга ошади (қаранг Транскрипсия). Эукариот ҳужайраларда РНК молекулалари 3 хил РНК — полимераза иштирокида синтезланади. Синтезланган ДНК матрицасига комплементар, чунки РНК занжиридаги нуклеотидлар изчиллигини ДНК матрицасидаги нуклеотидлар қатори белгилайди. Муайян ген синтезидаги ДНКнинг комплементар 2 занжиридан фақат биттаси РНК учун матрица вазифасини бажаради. Одатда, РНК молекулалари у синтезлайдиган функсионал молекулаларга нисбатан бирмунча катта молекуляр массага эга. Ҳужайрадаги РНК сонининг 80% ини рибосомал РНК ташкил этади. Унинг молекуляр массаси 1,1 — 1,7 млн бўлиб, 4000—6000 мононуклеотид қолдиғидан иборат. РНКнинг бу хили рибосомаларнинг шаклланишида иштирок этади. Шаклланган рибосомаларнинг 60% массасини рРНК ташкил қилади. Транспорт РНК ҳужайрадаги РНКнинг 15% ини ташкил этади. У аминокислоталарни оқсил синтезлайдиган рибосомаларга етказиб беради. Транспорт РНКнинг молекуляр массаси 25000 га яқин бўлиб, 60—90 нуклеотид қолдиғидан иборат. Транспорт РНК бошқа РНКга нисбатан яхши ўрганилган. Унинг структураси беда баргига ўхшайди. Ҳар бир аминокислотанинг ўзига хос тРНКси мавжуд бўлиб, аминоацилсинтетаза ферменти билан бирга таъсир кўрсатади. Бу фермент ўзига хос келадиган тРНК ва аминокислотани таниш хусусиятига эга. Айрим ҳолларда битта аминокислота икки ва ундан ортиқ тРНК ёрдамида кодланади. Информацион РНК ҳужайрадаги РНК массасининг 2—6% ини ташкил этади. Ҳар хил иРНК молекулалари бир-биридан молекуляр массаси ва нуклеотидлар таркиби билан фарқ қилади. Ҳужайрада синтезланадиган оқсил молекулалари муайян иРНК ёки унинг бир қисми орқали кодланади. Эукариотлар ҳужайрасида иРНК ядрода синтезланиб, у ердан махсус рибонуклеопротеин заррачалар (информосомлар) таркибида ситоплазмага кўчирилади. Эукариотларда иРНК синтези кодланмайдиган қисм(интрон)ларга эга бўлган жуда узун занжирли пре-иРНК синтезидан бошланади ва бирмунча ўзгаришлар билан етилган иРНК ҳосил бўлади. Кодланмайдиган қисмлар пре-иРНК молекуласининг бутун узунлиги бўйлаб текис тақсимланган. Интронларни ажратиб ташлаб иРНК молекуласининг кодловчи қисмларини янгидан жойлаштириш (сплайсинг — спиcинг) махсус ҳужайра механизмлари орқали бошқарилади. Прокариот ҳужайралардаги иРНК синтезида деярли катта ўзгаришлар бўлмайди. Кичик молекулали РНК функсияси, структураси ва ўлчамига биноан ҳар хил. Улар таркибида 30 тадан 300 тагача нуклеотид қолдиғи бўлади. Бу турдаги РНК рибосома, ядро ва ситоплазмадаги рибонуклеопротеин заррачалар таркибида учрайди.
Абдукарим Зикирёев, Мухсим Зокиров.[1]
Яна қаранг
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Кимёга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |