Радиотелеграф алоқа — телеграф алоқанинг хабарлар (телеграммалар) радиотўлқинлар ёрдамида узатиладиган тури. Дастлаб (ХХ асрнинг 1чораги) хабарлар телеграф кодидан фойдаланиб узатилган. Радиотелеграф алоқада қўлланган аппаратлар кам қувватли узаткичлар ва қабул қилгичлардан иборат бўлган. Кейинчалик тезкор автоматик узаткич — трансмиттерлар ва электромеханик қайд қилиш қурилмалари — ондуляторлардан фойдаланилган. Ҳарф терувчи телеграф аппаратлари яратилганидан, радиоалоқа ва телеграф алоқа такомиллашганидан, Ер сунъий йўлдошларидан фойдалана бошланганидан сўнг Радиотелеграф алоқа ҳам анча такомиллашган. Симли телеграф алоқадан фарқли равишда Радиотелеграф алоқа қўшимча оралиқ аппаратлардан фойдаланмаган ҳолда хабарларни узоқ масофаларга узатишга имкон беради. Унинг ёрдамида ҳаракатланиб турган объектлар (самолётлар, космик кемалар ва бошқалар) билан алоқа ўрнатиш мумкин[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил