Режиссёрлик санъати ёки режиссура – гармоник бир бутун ва муайян яхлитликка эга бўлган томоша, кўриниш яратиш санъати (театр, кино, телефилм, сирк ва эстрадада). Режиссёр саҳна асари ёки кинофилм яратиш жараёнида ижодий ходимлар – актёр, яккахон, рассом, композиторга (кино ва телевидениеда операторларга ҳам) ва ёрдамчи ходимларга раҳбарлик қилади. Режиссёрлик санъати драма театрида песа танлаш, унинг ғояси, жанр ва бадиий хусусиятлари, тасвирланаётган давр, муаллифнинг ижобий услубини ўрганишдан бошланади. Режиссёр асар талқини учун саҳна воситаларини излайди, ҳар бир персонаж феъл-атвори ва умуман, спектакл талабига монанд актёрлар танлайди, саҳнавий ритм ва сур’атни белгилайди, мизансаҳналар яратади, рассом ва композитор билан ҳамкорликда асарни бадиий безаш принсипларини ишлаб чиқади. Реалистик спектаклдаги яхлит ва чуқур ҳаққонийлик бир-бири билан узвий боғланган „уч ҳақиқат“ (ҳаётий, ижтимоий ва саҳнавий) асосида яратилади (В. И. Немирович-Данченко). Агар режиссёр улардан бирини эътибордан четда қолдирса, бошқалари ишонарли чиқмайди. Режиссурада актёр билан ишлаш муҳим ўрин тутади. Режиссура саҳна ижодининг мустақил тури сифатида ажралиб чиққунига қадар, саҳналаштирувчи вазифасини муаллиф, етакчи актёрлар бажарган.

Уйғониш даврида Европада сайёр профессионал театр билан бирга муаллиф, актёр ва режиссёр вазифаларини ўтаган труппа раҳбари ҳам юзага келди. ХВИ—ХВИИ асрларда режиссура ривожига У. Шекспир, Ж. Молер, Лопе де Вегалар муҳим қисса қўшган. Буржуа маърифатпарварлиги даврида режиссура назарияси яратила бошлади (Готтҳолд Эпҳраим Лессинг, Денис Дидерот). Г. Лессингнинг издоши Ф. Л. Шредер Гамбург театрида биринчи бўлиб, актёр ўз ролинигина эмас, песани ҳам тўлиқ ўрганишини жорий этди. Бу принсипларни Ф. Талма (Франсия) давом эттириб, режиссурада классицизмдан романтик театр томон бурилиш ясади.

Режиссура юзага келишида ХИХ асрда Мейнинген театри режиссёрлари (Л. Корнек ва бошқалар) муҳим рол ўйнади. Муаллиф матнига эҳтиёткорлик билан қараш, тарихий муҳитни аниқ акс эттириш, оммавий саҳналарнинг уйғунлигига эришиш Мейнинген режиссурасининг ижобий томонидир.

ХХ аср бошларида Ғарбий Европа режиссурасида формалистик оқимлар ҳукмрон бўлди (Э. Крег – Англия, М. Рейнҳардт – Германия, А. Аппиа – Швейсария ва бошқалар). ХХ асрда Ғарбий Европа режиссураси рус режиссураси (К. С. Станиславский, В. И. Немирович-Данченко, Евгений Вахтангов, Всеволод Меерхолд, А. Й. Таировлар) таъсирида ривожланди.

Режиссура унсурлари ўзбек анъанавий театрида пайдо бўлган. У корфармон деб аталган. 1914-йилдан ўз фаолиятини бошлаган Европа шаклидаги ўзбек театрида ёзма драма асосида иш олиб борувчи ва ўз спектаклларини бино ичида саҳнада кўрсатилишига мўлжаллаб тайёрловчи малакали режиссуралар етишиб чиқа бошлайди. Режиссуранинг шаклланиш жараёни А. Авлоний, Ҳамза, М. Мажидов (Уйғур) фаолияти билан боғлиқ. Дастлабки саҳна асарлари маърифатчилик, тарғибот-ташвиқот руҳида талқин қилинган. Воқеликни ҳаётий воситалар билан натуралистик ёритиш (саҳнада расмана уйлар қуриш, буғи чиқиб турган овқат, мева-чева ишлатиш, буюмлардан фойдаланиш каби), персонажлар характерларини бўрттириш, ижобий қаҳрамонларни биринчи режада кўрсатиш бу даврда режиссёрлик санъатига хос хусусиятлардир. Москвада очилган ўзбек драма студиясида М. Уйғур, Я. Бобожонов М. Муҳамедовлар актёрлик маҳорати билан бирга режиссёрлик санъати асосларини ҳам ўзлаштирганлар. Улар ўша давр рус театрида ҳукмрон бўлган барча оқимларга катта қизиқиш билан қараган. Айниқса, уларга Е. Вахтангов ва В. Э. Меерхолд режиссёрлик услуби кучли таъсир кўрсатган. Маннон Уйғур бошлиқ энг яхши режиссёрлар бадиий-эстетик жиҳатдан эътиборли, реалистик, кечинма, ҳис-туйғуларга асосланган саҳна асарлари („Ҳамлет“, „Бой ила хизматчи“ сингари) яратиш йўлидан бориб, ўзбек режиссёрлик мактабига асос солдилар. Ш. Қаюмов, А. Турдиев, Ж. Обидов, 3. Мадалиев, В. Фаёзов, Х. Мустафоқулов каби атоқли актёрлар ҳам режиссура ривожига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Опера театрининг таркиб топиши ва тараққиётида режиссёрлардан М. Муҳамедов билан Э. И. Юнгвалд Хилкевичнинг хизмати катта. Ҳозирги ўзбек миллий академик драма театри, Муқимий театри тараққиётида Н. В Ладигин, А. О. Гинзбург , И. В. Радун, айниқса, Р.Ҳамроев ва Т.Хўжаевлар ўрни салмоқли бўлиб, драма, мусиқали драма жанрларининг профессионал даражага кўтарилиши учун кўп куч сарф қилишган.

1960-йилларнинг охирларидан режиссёр Э.Масофоев бир гуруҳ актёрлар билан „Ёш гвардия“ (ҳозирги Аброр Ҳидоятов номидаги театр) театрини ташкил этиб, поэтик театр яратишга бел боғлайди.

1970-йилларнинг бошларида театр саҳна маданияти Европа даражасига кўтарилиб, аҳоли маънавий ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Бу даврда режиссёрлардан Б.Йўлдошев, М.Равшанов, М.Ниёзматов, Р. Ҳамидов, К. Йўлдошев, Б. Ихтиёров ва бошқа иш бошлади. Улар турли жанрдаги асарларни саҳналаштириш асосида мураккаб услубий вазифаларни бажаришга киришадилар, ҳаёт ҳақиқатини, инсон ички дунёсини очишда турли воситаларни ишга солиб, бадиий яхлитликка эришадилар.

1970-йилларнинг охири – 1980-йилларнинг бошларида режиссура ўзбек театрини ичдан янгилашга эришади, эски мавзулар, театр ижрочилиги ҳам янгича жаранглай бошлайди. Айниқса, 1980-йилларда студиячалик ҳаракати кучайиб, театрнинг бадиий салоҳияти ошади. Ёш режиссёрлар М.Вайл, Н. Абдураҳмонов, А.Абдуназаров, О. Салимов изланишлари эътиборли бўлди. Ўзбекистоннинг мустақиллигидан сўнг театр санъатида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Саҳна воситалари билан тарихни ёритиш буюк аждодларимиз – алломалар, шоирлар ва давлат арбоблари шахсларини гавдалантиришга эътибор кучайди. Замонавий мавзуларни акс эттиришда эса миллий воситалар кенг қўллана бошлади. Балет асарларини саҳналаштиришни балетмейстерлар бажаради, режиссёрлар уларга ёрдам беришади. Балет балетмейстерлари орасида И.Юсупов фаолияти диққатга сазовор.

Режиссура опера (шунингдек, мусиқали драма ва оперетта) да мусиқали театр хусусиятларига таянади. Бу ерда спектаклнинг асосини мусиқа ташкил қилганлиги учун режиссёр дирижёр ва хормейстер билан ҳамкорликда иш олиб боради. Композитор партитурасининг саҳнавий талқини мусиқали театр режиссурасининг асосий хусусиятидир.

Режиссурада қўғирчоқ режиссёрлиги алоҳида ажралиб туради. Республика қўғирчоқ театри (Тошкент, 1939-йилда ташкил топган), ундан кейин Андижон, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Қарши, Хива, Термиз шаҳарларида барпо этилган қўғирчоқ театрларида ўнлаб режиссёрлар бу санъатнинг савиясини кўтариш, наинки болалар орасида, балки катталар орасида ҳам унинг нуфузини оширишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Қўғирчоқ театри режиссурасининг ривожланишида И. Ёқубов, М. Ашурова, СВ. Иогелсон, Ш. Юсупов каби режиссёрларнинг хизматлари алоҳида. Радио ва телевидениеда ҳам узига хос режиссура вужудга келган. Мустақиллик йилларида майдон томошалари режиссёрлиги шаклланди. Бу соҳада фаолият кўрсатаётган Б.Йўлдошев, Р.Ҳамидов, Н.Отабоев ва бошқа катта майдон ва амфитеатрларда томоша қўйиш бўйича катта тажриба орттиришди.

Кинода режиссура миллий кино шаклланиши билан боғлиқ ҳолда ривожлана борди. Ўзбек овозсиз киносининг дастлабки йилларида маҳаллий ҳаётнинг ўзига хос томонларини яхши билмайдиган, ўз олдига бадиий жиҳатдан жиддий вазифа қўймаган режиссёрлар филмлар қўйди.

1930-йилларнинг бошларида миллий санъат арбоблари (Н.Ғаниев, С. Хўжаев, Й. Аъзамов) режиссурага кириб келиши муносабати билан халқ ҳаётининг турли жабҳаларини чуқур ўзлаштириш, ижодий қайта ишлаш, услубий жанр изланишлар бошланди. „Юксалиш“, „Ажойиб иш“, „Рамазон“, „Тонг олдидан“, „Йигит“, „Қилич“ сингари филмлар ишчиларнинг меҳнат кундалиги, ҳарбий иш, деҳқон ҳаракати, ўлка тарихига бағишланди. Режиссёрлар маҳаллий актёрлар (О. Жалилов, Э.Ҳамроев, М.Қаюмов, С.Искандеров ва бошқалар)дан фойдаланишни йўлга қўйдилар.

Ҳақиқий миллий кинорежиссуранинг юксалиш даври 1940—1950-йиллар бўлди. Ўша йиллар Я. Протазанов, А.Усолсев—Гарф, Н.Ғаниев, К..Ёрматов, З.Собитов, Й.Аъзамов каби режиссёрлар „Тоҳир ва Зуҳра“, „Насриддиннинг саргузаштлари“, „Алишер Навоий“, „Пахтаой“, „Бой ила хизматчи“, „Стадионда учрашамиз“, „Амирликнинг емирилиши“ каби етук филмлар билан танилдилар. Шу даврда ўзбек кинорежиссёрларининг обрўси республикадан ташқарига ҳам ёйилди. 1960-йиллар миллий кинорежиссурада сифат жиҳатдан янги давр бошланди, „Ўзбекфилм“га янги ёш мутахассислар (Д.Салимов, Р. Ботиров, Ю. Степчук, А. Қобулов, Қ. Камолова ва бошқалар) келиб қўшилди. „Сен етим эмассан“, „Лайлак келди, ёз бўлди“, „Ёр-ёр“, „Сурайё“, „Тошкент – нон шаҳри“ филмлари шу даврда яратилди. Режиссурадан янги – замонавий мавзу, ёшлар мавзуси кенг ўрин олди („Нафосат“, „Севишганлар“, „Йигит ва қиз“, „Маҳаллада дувдув ран“) ва бошқа Шунингдек, кекса авлод режиссёрларининг янги изланишлари кўзга ташланади („Мафтунингман“, „Фурқат“, „Фидоий“, „Наташахоним“ каби).

Режиссёрларнинг профессионаллик жиҳатидан юксакликка кўтарилиши турли мавзу ва жанрда ижод этишга кенг йўл очди. „Абу Али ибн Сино“, „Даҳонинг ёшлиги“ (режиссёр Э.Эшмуҳаммедов), „Генерал Раҳимов“ (З. Собитов), „Улуғбек юлдузи“ (Л.Файзиев), „Икки дил достони“ (К.Ёрматов), „Ўтган кунлар“ (Й. Аъзамов) каби филмлар ўзбек киносига катта шуҳрат келтирди. „Абу Райҳон Беруний“, „Аччиқ данак“, „Сени кутамиз, йигит“ сингари филмлар режиссураси учун кинофестивал каби анжуманларда юқори баҳоланди ва совринлар билан тақдирланди.

Ҳозирги ўзбек киноси драматургиясидаги мураккаб жараёнлар билан биргаликда турли мазмун ва шаклдаги жанрлар изланмоқда, режиссура характери ўзгармоқда, янги-янги номлар кашф этилмоқда (актёрликдан чиққан режиссёрлар ва бошқалар). Ж.Файзиев, И.Эргашев, Ю. Собитов, Ф.Ҳайдаров кабилар шулар жумласидан. Замонавий ўзбек киносида етакчи жанрлардан бўлган комедия („Сиз кимсиз?“, „Мўжизалар майдони“, „Яратганга шукур“, „Бомба“, „Ўртоқ Бойкенжаев“, „Мешполвон“ ва бошқалар) сермаҳсул бўлмоқда. „Отамдан қолган далалар“ (Ш. Аббосов), „Севги“ (И.Эргашев), „Воиз“ (Ю. Розикрв; фестивал бош совринига эга бўлган), „Пиёда“ (Р. Маликов) ва бошқа сўнгги йилларда яратилган филмлардан намуналардир.

Адабиётлар