Sharqiy Yevropa tekisligi

Шарқий европа текислиги - Ер шаридаги энг катта текисликлардан бири, асосан, Европанинг шарқий қисмида жойлашган. Шимолида Оқ ва Баренс денгизлари, жанубида Қора, Азов ва Каспий денгизлари, шим.ғарбда Скандинавия тоғлари, ғарб ва жан.ғарбда Марказий Европадаги тоғлар ва Карпат тоғлари, жан., жанубишарқда Қрим ва Кавказ тоғлари, шарқда Урал ва Муғожар тоғлари билан чегарадош. Текисликнинг ўртача бал. 170 м. Шимолий Муз, Атлантика океанлари ва Ички берк ҳавза сувайирғичидир. Энг паст қисми жанубида — Каспий денгизи соҳилида. Текисликда бир қанча деярли меридиан бўйлаб чўзилган қирлар (Манселкя, Суоменселкя, Ғарбий Карелия, Валдай, Беларус, СмоленскМосква, ВолинПодолия, Ўрта Россия, Волгабўйи, Юқори Заволже, Тиман кряжи ва бошқалар) ва пасттекисликлар (Днепр бўйи, ОкаДон, Қуйи Заволже, Азов бўйи, Қора денгиз бўйи, Каспий бўйи ва бошқалар) жойлашган. Қирлар денгиз сатҳидан 300– 350 м баланд (Подолия қирларининг энг баланд жойи 471 м). Сувайирғичлар водийлардан ўрта ҳисобда 20–60 м баланд. Текисликнинг шим. ва марказий (тўртламчи даврда қадимий музликлар босган) қисмларида ясси сувайирғичлар ва музликлар иши натижасида ҳосил бўлган морена тепаликлари, жан. қисмида эса жарлар тарқалган. Ш.Шарқий Европа текислиги ҳудудида Россия Федерациясининг Европа (ғарбий), Украинанинг шим., шарқий, жан., Беларус, Полшанинг шим.ғарбий, Финландия, Швециянинг катта қисми, Норвегиянинг чекка жан.шарқий қисмлари жойлашган.
Тектоник тузилишига кўра, текислик Шарқий Европа платформасига деярли тўғри келади. Заминида кучли бурмаланган токембрий қадимий (архей, протерозой) тоғ жинслари ётади. Бу жинслар кўтарилган Болтиқ ва Украина қалқонларида ер юзасига чиқиб қолган. Платформа замини устида деярли горизонтал палеозой, мезозой ва кайнозой тоғ жинслари жойлашган. Қалқонлардан ташқари Ш.Шарқий Европа текислигида тектоник ҳаракатлар натижасида пасайган синеклизалар (Москва, Украина, Печора, ВолинПодолия, Каспий бўйи ва бошқалар) ва кўтарилган антеклизалар (Воронеж, Беларус, ВолгаУрал ва бошқалар) тектоник структуралар мавжуд. Фойдали қазилмаларга бой. Темир рудаси, тошкўмир, қўнғир кўмир, нефт, газ, ёнувчи сланецлар, апатит, марганец, олтингугурт, торф, тузлар, қурилиш материаллари қазиб олинади.
Текислик субарктика ва мўътадил иқлим минтақасида жойлашган. Январнинг ўртача температураси ғарбдан шарққа шим. қисмида —10° дан — 20°гача пасаяди. Ёз ойлари температура шим.дан жан.га 8° дан 24° гача кўтарилади. Йиллик ёғин шимоли-шарқида 500–700 мм, жануби-шарқида 200–500 мм.
Текисликдан бошланувчи дарёлар Оқ ва Баренс (Онега, Шимолий Двина, Мезен, Печора ва бошқалар), Балтика (Нева, Даугава, Нямунас ва бошқалар), Қора (Днепр), Азов (Дон), Каспий (Волга, Урал, Эмба) денгизларига қуйилади. Келиб чиқиш жиҳатидан морена, термокарст, қайир, лиман типига мансуб кўл (Имандра, Умбозеро, Ловозеро, Юқори Волга, Ладога, Онега, Илмен, Сямго, Элтон, Баскунчак ва бошқалар) кўп.
СҲ.Шарқий Европа текислиги ҳудудининг шим. қисми тундра, ўрмонтундра; катта қисми ўрмонлар зонасида, жануброғи ўрмонли дашт ва дашт зоналарида, Каспий бўйи пасттекислигининг шим. қисми чала чўл, жан. қисми чўл зонасида. Бу зоналарда уларга хос тупроқлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар тарқалган. Ш.Шарқий Европа текислиги табиий ресурслар (фойдали қазилмалар, сув, тупроқ, ер, ўрмон, яйлов ва бошқалар)га бой.
Мурод Маматқулов.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |