Руҳилло Сидқий

Руҳилло Сидқий [тахаллуси; асл исми Руҳилло Фатали ўғли Охундов; 1886.28.3 (9.4), Боку яқинидаги Бузовна қишлоғи — 1959-йил, 5-май, Боку] — озарбайжон актёри. Халқ артисти (1949). Озарбайжон ҳамда янги ўзбек театрининг шаклланишида хизмати катта. 1924— 59 йларда М.Азизбеков номидаги Озарбайжон давлат драма театрида ишлаган. Гажи Қора („Гажи қора“), Фахриддин („Фахриддиннинг қайғуси“), Кажар („Вагиф“), Нодир („Нодиршоҳ“), Қирол Лир, Яго, Отелло, („Кирол Лир“, „Отелло“) каби образлар унинг ижодида алоҳида ўрин тутади. У шунингдек, опера, оперетталарда чиққан бир қанча филмларда суратга тушган. 1916-йил Ўзбекистонда бўлиб, ўзбек ҳаваскорлари билан „Лайли ва Мажнун“ спектаклини саҳналаштириб, ўзи Мажнун ролини ижро этган. Кейинчалик ҳам у бир неча бор Ўзбекистонда бўлиб, ижодий ҳамкорликни фаол олиб борган. А.Авлоний, М. Уйғур ва бошқалар билан ижодий алоқада бўлган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил