Сабзавотчилик 1) деҳқончиликнинг сабзавот экинларини етиштириш билан шуғулланадиган тармоғи. Сабзавотчилик деҳқончиликнинг бошқа тармоқларидан кўп жиҳатдан фарқ қилади, жумладан, сабзавотчиликда экинлар очиқ ва ҳимояланган (ёпиқ) ерларда етиштирилади, аксарият бир мавсумда ҳосил берадиган экинлар экилади. Дала ва ҳимояланган ердаги (қаранг Парник, Иссиқхона экинлари) сабзавотчиликка бўлинади. Сабзавот экинлари очиқ майдонларда (баҳор, ёз ва куз даврларида) сабзавот ҳамда уруғ, ёпиқ ерларда (мавсумдан қатъи назар) сабзавот олиш учун етиштирилади. Ҳимояланган ерларда ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши учун (мас, иссиқхоналарда) жами омиллар сунъий яратилади ва уни бошқариш мумкин. Бу эса қиш, эрта баҳор, кеч кузда ҳам сабзавот етиштириш имкониятини яратади. Сабзавотчиликда етиштириладиган экинлар турининг кўплиги, биологик хусусиятларининг хилма-хиллиги билан ҳам ажралиб туради. Ўзбекистонда 70 га яқин турдаги сабзавотчилик экинлари етиштирилади ва қишлоқ хўжалигида салмоқли ўринни эгаллайди. Ўрта Осиёда қовуннинг 2000 йил илгари, тарвуз, қовоқ, бодринг, пиёз, сабзи, қалампир, турп ва бошқаларнинг ундан ҳам илгари экилгани маълум. Халқ селексиясида сабзавот экинларининг дунёга машҳур навлари яратилган. Асрлар давомида сабзавот экинларининг тур таркиби ўзгариб борди. Мас, ХИХ асрнинг 2-ярмидан Россия орқали помидор, картошка, карам, гулкарам, болгар қалампири, Хитойдан эса редиска, патиссон, пекин карами ва бошқа кириб келди ҳамда асосий экинлар қаторидан жой олди.

Ўзбекистонда сабзавотчилик ХХ асрнинг 30-йилларидан бошлаб кескин ривожланди, экиладиган экин турлари ва майдони кўпайди. 1934-йилда Ўрта Осиё сабзавотчилик тажриба стансияси ташкил этилди. 1940-йилда сабзавот экинлари майдони 25,3 минг гектар, ялпи ҳосили 315,2 минг т., ҳосилдорлиги 125 с/га ни ташкил этди.

Урушдан кейинги йилларда катта шаҳарлар ва саноат марказларига яқин ерларда ихтисослашган йирик сабзавотчилик хўжаликлари ташкил этилди, сабзавотчиликни механизациялаш муаммолари ҳал қилинди, ҳимояланган ерларда сабзавот етиштириш майдонлари кенгайди, комбинат типидаги йирик иссиқхоналар қурилиши бошланди. Тошкент, Самарқанд, Андижон ва бошқа шаҳарларда сабзавотларни кайта ишлаш саноати барпо этилди.

1960-йилда Ўрта Осиё сабзавотчилик тажриба стансияси негизида Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти иш бошлади. Сабзавотчиликга юқори сифатли маҳсулот берадиган, ҳосилдор, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли, турли муддатларда пишадиган сабзавот экинларининг янги навлари жорий этилди. Сабзавот экинлари уруғчилиги ва уруғшунослиги йўлга қўйилди.

1980-йил га келиб Ўзбекистонда сабзавот экинлари майдони 104,3 минг га, ялпи ҳосили 2459,1 минг т., ҳосилдорлиги 221 с/га ни ташкил этди.

ХХИ аср бошидан Ўзбекистонда аҳоли жон бошига йиллик сабзавотлар истеъмолининг физиологик нормаларини (жами 113,3 кг; шундан карам 2,1, помидор 25,6, бодринг 5,5, пиёз ва саримсоқ 18,3, сабзи 18,3, лавлаги 5,5, бошқа сабзавотлар 20,0 кг) таъминлаш мақсадида С. жадал ривожлантирилмоқда. Йирик шаҳарлар ва саноат марказлари атрофларидаги туманлар, асосан, сабзавотчилик билан шуғулланади. Ширкат, деҳқон ва фермер хўжаликларида очиқ далада полиэтилен плёнкалар остида эртаги сабзавотларни етиштириш йўлга қўйилган. Республиканинг жанубий вилоятларида эртаги сабзавотлар етиштириш ривожланиб бормоқда. Сабзавотчиликда чет эл навлари ва тажрибалари кенг қўлланилмоқда. 2000-йилда Ўзбекистонда сабзавот экинлари майдонлари 130,4 минг га, ялпи ҳосили 2637,3 минг т, ҳосиддорлиги 173,1 с/га бўлди.

Чет элларда сабзавотчилик қишлоқ хўжалигининг энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Шарқий Европада — Болгария, Венгрия, Руминияда ривожланган, бу ерда етиштириладиган сабзавотларнинг аксарият қисми экспорт қилинади. Италия, Нидерландия (асосан, ёпиқ ерларга экиш ривожланган), Испания, Франсия (жон бошига йиллик сабзавотлар истеъмоли 150–200 кг ни ташкил этади), Буюк Британия, ГФР, Полша ва бошқа мамлакатларда сабзавотчилик катта майдонларни эгаллайди. Сабзавотчилик АҚСҲ, Япония, Хитой, Мексика, Африка мамлакатларда муҳим ўринда туради.

2) Сабзавот экинлари биологияси ва уларни етиштириш усулларини ўрганадиган, сабзавот маҳсулотлари етиштириш интенсив технологияларини ишлаб чиқадиган фан. Ўзбекистонда сабзавотчиликка оид илмий тадқиқот ишлари Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари, картошкачилик институтида, Ўзбекистон ўсимликшунослик институти, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, Тошкент давлат аграр университетида олиб борилади. Бу илмий тадқиқот ва ўқув муассасаларида кўплаб маҳаллий ва бошқа мамлакатлардан келтирилган сабзавот, полиз экинлари намуналари ўрганилади ва коллексиялари сақланади. Ўзбекистон илмий муассасаларида олимлар 1990—2002-йил давомида сабзавот экинларининг жами 100 дан ортиқ нав ва дурагайларини яратдилар. Бу навларнинг кўпчилиги республикадан ташқари бошқа мамлакатларда ҳам экилмоқда.

Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик соҳаларини ўрганиш ва ривожлантиришга П. П. Шредер, Н. Н. Балашев, Н. С. Бакурас, К. И. Пангало, А. К. Каримов, В. И. Зуев, Е. В.Ермолова, А. С. Шчукина, С. Қ. Қўчқоров, Б. Ж. Азимов, А. Б. Боқиев, А.СҲакимов, А. М. Аббосов, Х. З. Умаров, Д. Т. Абдукаримов, О.Я. Фокина, И.Эсанов, А. Нуритдинов ва бошқа илмий ишлари билан, шунингдек, селексионерлар А. Обидов (картошка), К. Юсупов (помидор) ва халқ селексионерлари Ўринбой Каримжонов, Матвафо Юсупов, Абдасхон Алигавҳаров кабилар амалий ютуклари билан катта ҳисса қўшган. Сабзавотчилик учун олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги коллежларида тайёрланади.

Адабиёт

  • Балашов Н. Н., Овошеводство. Т., 1982, Рубсов М. И., Овошеводство, 3 изд. М, 1985.

Рафиқжон Ҳакимов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил