Amir Abdulahadxon
Абдулаҳад (Амир Абдулаҳад, Амир Абдулаҳадхон, Амир Саййид Абдулаҳад Баҳодирхон) (1857-йил 16-март, Кармана, Бухоро амирлиги — 1911-йил 7-январ) — Бухоро амирлигининг ҳукмдори (1885—1911). Ўзбек манғитлардан. Амир Музаффарнинг ўғли. Чор Россиясининг генерал-адютанти.
| Абдулаҳад (Амир Абдулаҳад, Амир Абдулаҳадхон, Амир Саййид Абдулаҳад Баҳодирхон) | |
|---|---|
Саййид Абдулаҳад | |
|
Амир Абдулаҳад. Машҳур франсуз фотографи Пол Надар томонидан олинган сурат. 1890-йил | |
| Бухоро амирлиги ҳукмдори | |
|
Мансаб даври 1885-йил 16-декабр – 1910-йил 22-декабр | |
| Ўтмишдоши | Амир Музаффар |
| Вориси | Амир Олимхон |
| Кармана вилояти ҳокими | |
|
Мансаб даври 1875-йил – 1885-йил 31-октабр | |
| Монарх | Амир Музаффар |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
16-март 1857-йил Кармана, Бухоро амирлиги |
| Вафоти |
7-январ 1911-йил (53 ёшда) Кармана, Бухоро амирлиги |
| Фуқаролиги |
|
| Болалари |
Иматуллоҳ Саййид Мир Ҳусайн Саййид Мир Абдуллоҳ Саййид Мир Муҳаммад Олимхон |
| Онаси | Шамшод |
| Отаси | Амир Музаффар |
Таржимайи ҳоли
Саййид Абдулаҳад Баҳодирхон 1857-йил 16-март куни Бухоро амирлигининг Кармана шаҳрида туғилган. Отаси Амир Музаффар, онаси келиб чиқиши эроний[1] бўлган Шамшодойим. Шамшодойим ўз даврининг ақл-фаросатли аёлларидан бири бўлиб, Амир Музаффарнинг суюкли хотини ҳисобланган. Абдулаҳад ёшлигидан онасининг тарбиясини олган. Ҳамид Маъқул исмли устоздан абжад ва алифбони ўрганган[2].
Абдулаҳад ёшлигидан шеъриятга қизиққан, „Ожиз“ тахаллуси билан шеърлар ёзган. Аммо махсус девон тузмаган. Унинг шеърларидан намуналар айрим ижодкорларнинг тазкираларида келтириб ўтилган[3].
Замондошлари уни хушмуомала, адолатпарвар, художўй, оддийлик доирасидан чиқмаган ва маданиятли инсон сифатида эслаб ўтишган[1].
У 18 ёшида яъни 1875-йил Кармана ҳокими этиб тайинланган[1].
1885-йил 13-декабрда Амир Музаффар Бухорода вабо касалидан вафот этгач, шу йил декабр ойи ўрталарида Абдулаҳад расман Бухоро амирлиги тахтига ўтирган[1].
Тахтга чиқиши
Манғитлар сулоласининг удумига кўра Бухоро амирлигининг валиаҳди Кармана вилоятини бошқарган. Амир Музаффар тўнғич ўғли Абдулмаликни (1848—1909) тахт вориси ва Кармана вилояти ҳокими этиб тайинлаган, аммо 4 йилдан кейин Абдулмалик Ғузор вилоятига ҳоким қилиб юборилган. Рус босқини даврида (1868) Абдулмалик ва Амир Музаффар ўртасида низолар келиб чиқиши оқибатида Амир Музаффар уни тахт вориси ҳуқуқидан маҳрум этади. Сўнг, амир тахт вориси ҳуқуқини иккинчи ўғли, Чоржўй беги — Нуриддинга бермоқчи бўлиб турганида, Нуриддин тўсатдан вафот этади. Кейин, тахт вориси этиб навбатдаги ўғли Абдулфаттоҳни тайинлайди. 1869-йил Абдулфаттоҳни рус императори Александр ИИ ҳузурига юбориб, тахт ворислигига император розилигини ҳам олади. Кўп ўтмай Абдулфаттоҳ ҳам вафот этади. Шундан сўнг Амир Музаффар Абдулаҳадни тахт вориси этиб тайинлайди[4].
1883-йил Амир Музаффар Абдулаҳадни Александр ИИИ (1881—1894) Россия империяси тахтига чиққанлиги муносабати билан унга тож кийдириш тантаналарида иштирок этиш ва Бухоро амирлиги тахтига бўлажак ворислигини тасдиқлатиш мақсадида уни империя пойтахтига юборади[4].
Император ҳузурига Абдулаҳад билан бирга ички ишлар вазири Салим парвоначи, Ҳисор ҳокими Остонақул қушбеги ва яна бир неча бухороликлар ҳам юборилади. Уларнинг вазифаси Россия билан алоқаларни яхшилашдан иборат эди. Абдулаҳад билан бирга ушбу сафарга чиққан тарихчи Муҳаммад Салим ўзининг „Кашкули Салимий“ асарида шундай ёзади:
У вақтлар релс [поезд] йўқ эди. Биз Орунбург ҳудудигача почтали аробада, у ердан эса поездда Петербургга қараб ҳаракат қилдик. Рус подшосининг буйруғи билан бизни „Каронтодел“ меҳмонхонасига жойлаштирдилар. Рус императори ҳар биримизга нишонлар, тилло соатлар, олмос билан безатилган узуклар совға қилди. Бизлар боғлар ва қасрларни томоша қилишга чиқдик. Бу расмий меҳмондорчилик олтмиш икки кун давом этди. Сўнг Бухорога қайтиб Россия билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланганлигини амирга етказдик[5].
Вабо касалига чалинган Амир Музаффар 1885-йил 13-декабр куни Бухоро ташқарисидаги Ширбудун саройида тўшакка михланиб қолади. Амир маҳрамлари зудлик билан бу ҳақда Карманада турган Абдулаҳадга хабар юборишади. Мамлакатда нотинчликлар бошланиб кетишидан хавотир олишгани учун Абдулаҳад етиб келгунича Амир Музаффарнинг аҳволи оммадан сир тутилади. Қушбеги Мулла Маҳмудбий буйруғи билан Амир Музаффар тунда, яширин тарзда Бухоро аркига олиб борилади ва ўша ерда жони узилади[6].
Хабарни олган Абдулаҳад 1000 нафар навкари билан йўлга отланади, йўл-йўлакай Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиб, Бухорога етиб келади. Марҳум Музаффарнинг жасади Бухородаги Ҳазрати Имло қабристонига қўйилади[7].
Бундан бир неча кун ўтиб, Абдулаҳадхоннинг расман Бухоро амирлиги тахтига ўтириши маросими ўтказилади. Маросимда сарой аъёнлари, ҳукумат вакиллари, диний мулозимлар ва ўзбек уруғлари оқсоқоллари қатнашадилар[7].
Абдулаҳадхон тахтга чиққан пайтдаги амирликнинг аҳволи
Амир Абдулаҳадхонга бу даврда Бухородан узоқда яшаётган акаси — Абдумалик Тўра хавф солиб турарди. Абдумалик Тўра отасининг касаллигидан хабар топгандан сўнг, 1885-йилнинг кузидан бошлаб амирлик тахтини эгаллашга ҳаракат қилади. Абдумалик Тўра Ҳисор ҳокими бўлган иниси Абдулмўмин (1852—1894) билан биргаликда ҳокимиятни эгаллашни ният қилади. Бирлашган ака-укаларга инглизлар, Афғонистон амири Абдураҳмон, Кўлоб беги Сарихон қўллаб-қувватлашга ваъда берадилар. Худди шу пайтда Чоржўй беги Музаффархоннинг яна бир ўғли Сиддиқхон ҳам тахтга давогарлик қилади. отаси Абдулаҳадхоннинг ўлимидан хабарсиз ҳолатда Бухорога келган Сиддиқхон амирлик қўшбегиси томонидан ҳибсга олинади ва уй қамоғига ташланади. 35 йил давомида сиёсий ҳаётдан четда сақланади. 1920-йилда Бухоро амирлиги барҳам топгач, Афғонистонга кетади. У „Ҳашмат“ тахаллуси билан шеърлар ёзган.
Тарихчилар Абдулаҳадхон тахтга чиққан пайтдаги Бухоро амирлигининг аҳволини мамлакат таназзули даври сифатида қайд этадилар[8]. Маъмурларнинг давлат ғазнасидан юлғичлиги, халқнинг аҳволига бефарқлиги ошиб борган. Давлат хизматчилари устидан назорацизлик, мамлакатни таназзулга олиб келган[9].
Бундан ташқари, Амир Музаффар даврида бўлиб ўтган урушлар амирликни иқтисодий жиҳатдан кучсизлантирган. Савдо-сотиқ ишлари тўхтаб қолиб, халқ кундан-кунга ночорлашиб бораверган. Кўпчилик ночорлик туфайли Туркистон генерал-губернаторлиги, Қашқар, Афғонистон томонларга кўчиб кетгани учун амирликда аҳоли сони камая борган[9].
Амирликнинг замонага мослашмаган, ҳарбий амалиётларда анча нўноқ бўлиб қолган армиясини сақлаб туриш учун амирлик иқтисодидан доимий равишда катта маблағ сарфлаб турилган[9].
Ислоҳотчилиги
Амир Абдулаҳадхон тахтга чиққан пайтида амирликда ҳолат яхши эмас эди. Амир Музаффар, замондошларининг фикрига кўра анча зеҳнли инсон ҳисобланса ҳам, аммо ўз даври қаричи билан ўлчаганда бироз эскича қарашли кишилардан бўлган. Унинг даврида мамлакатга ўз замонасининг илғор янгиликлари кириб келмаган[8].
Абдулаҳадхон тахтга ўтирганидан сўнг Бухоронинг Россия билан алоқалари бирмунча ривожланган. Амирлик армиясини бирмунча қисқартирилиб, аскарларга ҳарбий таълим бериш учун рус ҳарбий мутахассислари Бухорога келтирилган, яъни ҳарбий соҳани ислоҳ қилинган[1].
Амир Абдулаҳадхон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилади. Порахўрлик ҳамда таъмагарлик қилган амалдорларни лавозимидан озод қилади. Барча вилоят қозилари ва туман оқсоқолларини ишдан бўшатиб, янги қози ва оқсоқол тайин этади. Амирликда хизмат қилаётган муфти аскар лавозимида хизмат қилаётган Бадриддин махсумни раис мансабига кўтаради. Орифжон махдумни эса раис мансабига тайинлайди. 1886-йилда амирликдаги зиндонларнинг бир қисмини ёптиради. Бухоро шаҳрида жойлашган канахона кўмиб юборилади[10]. Жамиятда авж олиб кетган нашавандлик, таъмагирлик, қиморбозлик, порахўрлик, баччабозликни ҳамда қул савдосини, жиноятчиларга жисмоний жазо беришни, жиноятчиларни қатл этишни тақиқловчи фармонлар чиқарган[11]. Хотинларни сотиш, порахўрлик, очкўзлик ва ҳоказоларни жазолайдиган қонунларнинг жиддийлиги икки баравар оширилди. 1897-йилда Абдулаҳадхон буйруғига кўра, Бухоро шаҳрида ногирон ва муомалага лаёқацизлар учун барча шароитлар мужассам ногиронлар уйи барпо этилади. У ерда жойлашганлар учун кунига икки марта иссиқ овқат ташкил қилинган[12]. Бундан ташқари амир назорати ва буйруғи остида Бухоро шаҳрида замонавий шифохона ва дорихона ташкил этилган[13].
Абдулаҳадхон 1885-йилда таркиби 2000 кишилик амирликнинг йирик шаҳарларида хизмат қилиши режалаштирилган Бухоро милициясини ташкил қилади.
Россия императори Амир Абдулаҳадхонга генерал-адютант ҳарбий унвонини берган[1].
Исмоил Гаспирали 1904-йилда амир рухсати билан Бухорода янги усул мактабини очган ва бу мактабни Абдулаҳадхоннинг отаси шарафига „Музаффария“ деб номлаган[11].
Бунёдкорлик ишлари
1892-йилда Амир Абдулаҳадхон даврида Каттақўрғондан Бухорога телеграф сими тортилган. Бу сим Кармана шаҳри орқали ўтган[11].
Ундан ташқари, Самарқандни Чоржўй билан боғлайдиган темир йўл ўтказилган[11].
Амир Абдулаҳадхон Санкт Петербургда масжид, Арабистон, Миср, Қрим ва Кавказда бир қанча работлар, саройлар, меҳмонхона ва ҳаммомлар қурдирган[11].
Бухоро амирлиги ва Чор Россияси
Амир Абдулаҳадхон даврида Бухоро амирлиги ва Россия империяси ўртасидаги алоқалар ривожланиб борди. Амирлик устидан Россия протекторати узил-кесил ўрнатилди. Бухоро амирлиги Россия империяси божхона хизмати таъсир доирасига кириши бухоролик ва россиялик савдогарларнинг икки мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратди. Шу аснода рус саноатчиларининг Бухоро амирлиги ҳудудига саноатни олиб киришига имкон яратилди[2].
Амирлик ҳудудида аксиядорлик жамиятлари, банклар ва кичик саноат корхоналари очила бошлади. Каспиёрти темир йўли ишга туширилганидан сўнг бу жараён янада кучайди[2].
Тарихий асарларда
Бухоролик тарихчи Мирзо Салимбек Абдулаҳадхон тўгрисида қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирган:
У ҳурматли ва жуда обрўли подишаҳ эди, барча хизматкорлари ва бўйсунувчиларига бир хил даражада ҳамдард, раҳмдил эди. Айниқса, акаларига нисбатан у таърифлаб бўлмайдиган даражада ва чексиз сахий ва меҳрибон эди. Биринчидан, у ҳурматга сазовор бўлган отасининг иродасига биноан шаҳзода Сайид Мир Акрамхонни Ғузор вилоятининг ҳукмдори сифатида тасдиқлади ва шаҳзода Саййид Мир Қосимхонни Чироқчига ҳоким қилиб тайинлади. У бошқа акаси Саййид Мир Сиддиқхонни Бухоро шаҳрида керакли лавозимни берди. Қолган шаҳзодалар: Саййид Мир Азимхон, Саййид Мир Содиқхон Бухоро аркидан уй-жой билан таъминладилар ва уларни катта маош билан таъминладилар. Амир Абдулаҳадхон биродарларини, жуда муносиб биродарларини ҳар доим юқори ҳурмат қилиб турар эди[14].
Саид Абдулаҳадхон даврида чор ҳукумати Бухорода рус сиёсий агентлиги таъсис этиб (1886), Туркистонни, жумладан Бухоро хонлигини хом ашё базасига айлантириш ва бу ердаги бойликларни Россияга ташиб кетиш мақсадида Амударёга кўприк қурди, Чоржўй-Самарқанд темир йўл ўтказди (1900—1901). Шунингдек Абдулаҳадхон даврида жадидчилик ҳаракати кучайди[15].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 Ҳотамов, Бекниёзов 2007, с. 56.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 15.
- ↑ Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 17.
- ↑ 4,0 4,1 Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 16.
- ↑ Иноятов, Тўраев, Ҳаитова 2004, с. 16—17.
- ↑ Шубинский 1892, с. 121.
- ↑ 7,0 7,1 Шубинский 1892, с. 122.
- ↑ 8,0 8,1 Шубинский 1892, с. 123.
- ↑ 9,0 9,1 9,2 Шубинский 1892, с. 124.
- ↑ Шубинский П. „Очерки Бухары“. Қаралди: 2023-йил 19-июл.
- ↑ 11,0 11,1 11,2 11,3 11,4 Ҳотамов, Бекниёзов 2007, с. 57.
- ↑ Дилноза Жамолова. Бухоро амирлигида жадидлар ва қадимчилар фаолияти. Тошкент, 2021 — 41-бет. ИСБН 978-9943-6834-8-8.
- ↑ „Исмоилбек Ғаспрали. Туркистон саёҳатлари“ (14-феврал 2015-йил). Қаралди: 19-июл 2023-йил.
- ↑ Мирза Салимбек. Тарих-и Салими (Источник по истории Бухарского эмирата). Ташкент. Академия. 2009, ст. 44—45
- ↑ "Амир Абдулаҳадхон" ЎзМЕ. А-ҳарфи[сайт ишламайди] Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Адабиётлар
Китоблар
- А. Ҳотамов, Н. Бекниёзов. Кармана — қадимий диёр. Тошкент: Ўзбекистон, 2007 — 152-бет. ИСБН 978-9943-01-070-3.
- Иноятов С., Тўраев Ҳ., Ҳаитова О.. Амир Абдулаҳадхон даврида Кармана. Тошкент: Шарқ, 2004 — 48-бет.
Мақолалар
- Шубинский П. „Очерки Бухары“ // Исторический вестник. Историко-литературный журнал. — Санкт Петербург: Типография А. С. Суворипа, 1892. — Т. ХЛИХ, № 2.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |