Saidrizo Alizoda
Саидризо Ализода (1887-йил, Самарқанд – 1945-йил, Владимир) – маърифатпарвар олим, журналист, таржимон. Асарларини, асосан, ўзбек ва тожик тилларида ёзган.
| Саидризо Ализода | |
|---|---|
| Таваллуди |
15-феврал 1887-йил |
| Вафоти |
1945-йил Владимир |
| Касби | ўқитувчи, ёзувчи, таржимон, муҳаррир |
| Қариндошлари | Фарҳод Ализода (Саидризо Ализоданинг невараси) |
Ёшлиги
Саидризо Ализода 1887-йилнинг 15-февралида Самарқанд шаҳрининг Боғишамол маҳалласида ипак ва гилам савдоси билан шуғулланувчи савдогар Мирмуҳсин оиласида туғилган. Мактаб ёшига етганда отаси ўғлини ўзлари яшаб турган маҳаллада муҳожирликда яшаган озарбайжонлик маърифатпарвар Шайх Абулқосим очган янги усул мактабига олиб борган.
Илк таҳсилни Самарқанднинг Чорраҳа даҳасида Абулқосим Алганжийнинг жадид мактабида олган. Сўнг шу мураббий қўлида мадрасани тугатган.
Фаолияти
Саидризо Ализода 1924-йилдан „Зарафшон“ нашриётида мудирлик қилган. 30-йилларда Самарқанд Педакадемиясида араб ва форс тилларидан дарс берган. Мустақил мутолаа билан шуғулланиб, рус, франсуз, араб, италян, яҳудий, курд, арман, инглиз, урду тилларини ўрганган. 17—18 ёшларидаёқ „Низомнома“ (1904), „Рисолат улиттиҳодия“ (1906) каби рисолалари билан танилган. Айни пайтда 1905—1907-йилларда Димуровлар босмахонасида ҳарф терувчилик қилган, мақолалар ёзган. Жадид мактаблари учун „Илми ҳисоб“ (Самарқанд, 1906) дарслигини тузган. Мақолалари „Баҳлул“, „Замбур“, „Коргар“, „Ситамдийда“, „Мулла Жамбул“, „Ранжбар“, „Боғишамолий“ каби тахаллуслар билан босилган. 1913—1915-йилларда Беҳбудийнинг „Ойна“ журналида яқиндан ҳамкорлик қилган. 1917—1920-йилларда ўзбек ва тожик мактаблари учун „Алифбе“ китоблари тузиб нашр эттирган. „Бахт асри“ романи ҳам бор. Пушкин („Дубровский“, „Капитан қизи“), Лев Толстой („Тирилиш“), Мопассан („Дўндиқ“), Қодирий („Ўтган кунлар“, „Меҳробдан чаён“) асарларини тожикчага таржима қилган[1]. Саидризо Ализода озарбайжонлик олим Абдулла Шойиқ ёрдамида „Янги озарбайжон алифбоси“ни нашр этган. Ушбу алифбо Озарбайжондаги мактаблар учун дарслик сифатида ишлатилган. Саидризо Ализода луғат яратиш ишлари билан шуғулланган ва 1933-йилдан 1934-йилгача, қисқа вақт давомида 61 минг сўздан ташкил топган 2 жилдлик русча-тожикча луғатни нашр эттирган[2].
Афғонистонлик машҳур сиёсий арбоб ва ёзувчи Маҳмуд Тарзий билан ҳамкорликда франсиялик ёзувчи Жюл Верннинг „Ер юзи бўйлаб 80 кунлик саёҳат“ асарини форсий тилга таржима қилган. Шунингдек, Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Абу Али ибн Сино, Фузулий ва Алишер Навоийларнинг асарларини рус тилига таржима қилган[3]. Саидризо Ализода Афғонистон ва Эрондан Туркистон ўлкасига келган жадид зиёлилари билан ҳамкорлик қилган. Хусусан, Эроннинг машҳур маориф ходими Малик Баҳор билан Саидризо Ализода ўртасида янги усул мактабларини ташкил қилиш бўйича мактублар алмашилган. Саидризо Ализода 1933-йилдан 1937-йилгача Самарқанд давлат университетида араб тили ва форс тилидан таълим берган[4].
Қатағон қилиниши
1937-йилда бошланган Сталин репрессияси натижасида Ализода Самарқанд давлат университетида ҳибсга олинган. Уни дарс бериб турган жараёнидан олиб кетишган. Саидризо Ализода жосуслик қилишда айбланган. Дастлаб Самарқанд шаҳрида, кейинроқ Тошкентда, сўнгра Тоболск ва Владимир шаҳарларида 8 йил мобайнида қийноқлар остида ҳибсда ўтирган. 1945-йилнинг 24-декабрида Саидризо Ализода Россиядаги Владимир қамоқхонасида сил касаллигидан вафот этган. 1987-йили набираси Фарҳод Ализоданинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳоки Владимир шаҳридан Самарқандга олиб келинган[5] ва Панжоб қабристонида дафн қилинган.
Хотираси
Самарқанд шаҳрида уй-музейи бор. Ушбу музей жойлашган маҳалла ва кўча унинг номи билан аталади. Самарқанддаги мактаблардан бирига унинг номи берилган. Набираси Фарҳод Ализоданинг ташаббуси, Эрон президенти Ҳошимий Рафсанжоний, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳсин Покойин ёрдами билан Саид Ализода уй-музейи 1998-йилнинг ноябр ойидан ўз фаолиятини бошлаган[6].
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ „Саид Ризо Ализода улуғ маърифатпарвар“. уза.уз (2021-йил 8-январ). Қаралди: 21-сентабр 2023-йил.
- ↑ „Саидризо Ализода (1887-1945)“. зиёуз.cом (2013-йил 4-июн). Қаралди: 21-сентабр 2023-йил.
- ↑ „Рўзноманигор, забоншинос ва тарҷумони маъруфи тоҷик Саидризо Ализода 130-сола шуд“. Қаралди: 21-сентабр 2023-йил.
- ↑ „Саидризо Ализода - Вадуд Маҳмудӣ“. Қаралди: 21-сентабр 2023-йил.
- ↑ Жумаев Ж „САЙИД РИЗО АЛИЗОДА ВА УНИНГ УЙ МУЗЕЙИ ТАШКИЛ ҚИЛИНИШИ ТАРИХИДАН“. букҳари.уз (2019-йил 10-сентябр). Қаралди: 21-сентабр 2023-йил.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |