Sambo
Самбо (русчадан „қуролсиз ўзини ҳимоя қилиш“) — спорт кураши тури. Унга курашнинг миллий турларидаги энг самарали усуллар асос килиб олинган. ХХ-асрнинг 30-йилларида СССРда пайдо бўлган. Самбонинг спорт (кураш) ва жанговар турлари мавжуд. С курашида курашчилар махсус белбоғли калта яктак киядилар. Самбода рақибининг кўл ва оёқларидан олиш, оёқлар билан оёқларига, қўлига ва гавдасига қарши ҳаракатлар қилиш рухсат этилган. Самбода ўз оёғида тик туриб рақиб курагини ерга теккизса ёки оғритувчи усул қўлланганда рақиб ўзини мағлубиятга учраганлигини тан олса, шунингдек, баллар бўйича фарқ 12 тага еца, рақиб ман этилган усулни қўллаб жазоланса соф ғалаба қайд қилинади. Ракиблардан бири соф ғалабага эриша олмаса, олишув натижаси спортчиларнинг тўплаган балларига караб аникланади. Жанговар самбода курашчилар бошга шлем, қўлларига бармоқлари очиқ қўлқоп кийиб, оғизга капа (тишни ҳимоя қилиш учун) солиб мусобақалашадилар. Жанговар самбода тепиш, уриш, оғритувчи усуллар қўллаш ва бўғиш мумкин. Кураш 10х 10 м дан 13х13 м гача катталикдаги гиламда ўтказилади. Курашчиларнинг олишув майдони 6х9 диаметрли бўлиши керак. Кураш танаффуссиз 4—5 мин. давом этади. Самбонинг спорт турида: ёшлар (20 ёшгача) ва эркаклар: 52, 57, 62, 68, 78, 82, 90, 100 кг дан ортиқ: қизлар (20 ёшгача) ва аёллар: 48, 52, 56, 60, 64, 68, 72, 80 кг дан ортиқ; ўсмир ўғил болалар (16—18 ёш): 48, 52, 56, 60, 65, 70, 75, 81, 87 кг дан ортиқ; ўсмир қизлар (16—18 ёш): 40, 44, 48, 52, 56, 60, 65, 70, 75 кг дан ортиқ вазнларда беллашадилар. Фахрийлар (35 ёшдан юқори) ва самбонинг жанговар турида эса 62, 68, 74, 82, 90, 100 кг дан юқори вазн тоифасида мусобақалашадилар. Самбо бўйича Халқаро ҳаваскорлик федерацияси (ФИАС; 1985-йил ташкил этилган)га 80 га яқин мамлакат аъзо. 1980-йилдан Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. 1973-йилдан самбонинг спорт тури бўйича, 2001-йилдан жанговар самбо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Ўзбекистон самбо федерацияси 1964-йил тузилган. Аёл самбочиларнинг федерацияси дунёда фақат Ўзбекистонда ташкил этилган (1996) ва у ҳам Жаҳон ҳамда Осиё федерациясига аъзо бўлиб кирган. 1971-йил Тошкентда халқаро турнир, 1972-йил И Европа чемпионати, 1998, 2001 ва 2002-йилда эса ўсмирлар, ёшлар ва эркаклар ўртасида Осиё чемпионати, 2001 ва 2003-йилларда илк бор аёллар самбо юлдузларининг жаҳон чемпионати мусобақалари ўтказилган. Ўзбекистон самбо терма жамоаси жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллади (1993, Омск), Осиё чемпионатида бир неча марта жамоа ҳисобида (аёллар ва эркаклар, қизлар ва ўсмирлар) ғолибликни қўлга киритди. Самбо бўйича спорт устаси Ж. Шарапатов Осиё самбо федерациясининг президенти (2001-йилдан), халқаро тоифадаги спорт устаси Фазлиддин Пўлатов вицепрезиденти ва Осиёда самбо курашини ривожлантириш қўмитаси раиси (2003-йилдан) ҳисобланади. Собир Курбонов, Сайфиддин Ходиев, Бобомурод Файзиев (2 мартадан), Шуҳрат Хўжаев, Акобир Қурбонов, фахрийлар ўртасида эса Фазлиддин Пўлатов, Ўрол Жуманиёзов, Остон Чўлиев (2 мартадан) жаҳон чемпиони бўлишган. Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятларида болалар ва қизлар самбо билан мунтазам шуғулланадилар. Республика олий спорт маҳорати мактаби, вилоятлар спорт маҳорати мактаблари, шунингдек, Олимпия захиралари коллежларида самбо кураши бўлимлари бор.<реф>ЎзМЕ.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Спортга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |