Sandiqli choʻli
Сандиқли чўли — Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Туркманистоннинг Лебап вилояти ҳудудидаги қумли чўл. Сандиқли чўли Қизилқумнинг жанубий давоми. Шимолида Қоракўл воҳаси, шимоли-шарқ ва шарқда Қарши дашти ва Қашқадарё воҳаси, ғарбда Амударёгача пасайиб боради. Ғарбдан шарққа 50—70 километр, шимолдан жанубга 70—90 километрга чўзилган. Баландлиги 200—300 метр. Ер юзасининг тузилиши ҳар хил, катта қисмини эол релеф шакллари: қум тепалар, дўнг қумлар, қум текисликлари, барханлар эгаллаган бўлиб, уларнинг узунлиги, эни, баландлиги турличадир. Чўлда туби шўрхок ва тақирлар билан банд товоқсимон ботиқлар, шунингдек, қир, қум массивлари, платосимон тепаликлар, қуруқ ўзанлар учрайди.
Тўртламчи давр қум, гил ва шағалли ётқизикларидан тузилган. Қир ва тепаликларда бур, палеоген, неоген даврлари тоғ жинслари ер юзасига чиқиб қолган. Амударёга яқин қисмида силжиб юрувчи барханлар бор. Иқлими кескин континентал, июлнинг ўртача температураси 28—31°, январники —1,4°. Йиллик ёғин 120–160 мм. Чўлда бўз, қўнғир, тақир, қумли, шўрхок, оч бўз тупроклар тарқалган. Ўсимликлардан саксовул, қуёнсуяк, қандим, шўра, шувоқ, эфемерлар ўсади. Ҳайвонлардан калтакесак, илон, қумсичқон, жайрон, тулки, бўри, қўшоёқ, юмронқозиқ ва бошқалар учрайди.
Сандиқли чўлидан баҳорги ва ёзги яйлов сифатида фойдаланилади. Газ, нефт захиралари ва шўрхокларда шифобахш балчиқлар бор.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Географияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |