Sanjar
Санжар, Султон Санжар, Султон Муиз аддунё вадДин Абул Хорис Санжар ибн Маликшоҳ [1086. 6(27). 11, Жазира вилояти Санжар ш. — 1157.26.4(7.5), Марв] — Салжуқийлар давлати султони (1118—57). Маликшоҳнинг кенжа ўғли. Акаси султон Ғиёсиддин Муҳаммад вафоти (1118-йил)дан сўнг тахтга ўтирган.
Санжар Салжуқийлар давлатининг шарқий қисми таркибига дастлаб Мозандарон, Табаристон, Сейистон, Кумис, Рай ва Дамғонни қўшиб олган ва пойтахтни Марвга кўчирган. Мовароуннаҳр ва Хоразмни ҳам ўз салтанатига бирлаштирган. Санжарнинг қудрати авжига чиққан вақтларда Ғарбий салжуқийлар султонлиги (Ғарбий Эрон, Ироқ, Озарбайжон) ва Қорахонийлар давлати унинг сиёсий таъсири остида бўлган. Санжар нинг номи Қашқардан Ямангача, Ғазнадан Уммонгача, Кавказ ва Анатолиядан Макка ва Мадинагача хутбага қўшиб ўқилган.
ХИИ асрнинг 1140-йилларидан бошлаб Санжар нинг куч қудрати заифлаша бошлаган. 1141 йилда Мовароуннаҳрга шарқдан қорахитойлар бостириб кириши билан Санжар нинг ҳам кучи қирқилган. Қатвон жангида салжуқийлар ва қорахонийлар Санжар бошчилигида ўзаро бирлашиб қорахитойлар ва қарлуқларга қарши курашсаларда, жиддий мағлубиятга учрашган. Жанг майдонидан атиги 6 та отлиқ билан зўрға қочиб қутулган. Марвга етиб борган. Санжар Мовароуннаҳрдан ажралган.
Балх ва Хутталон атрофларида кўчиб юрувчи ғузлар (ўғузлар) Санжарга навбатдаги жиддий зарбани беришган. Аслида бу мағлубиятга Санжар нинг очкўз амирлари ва лашкарбошилари сабаб бўлган. Балх ҳокими амир — сипоҳсолор Кўмач 10 минг кишилик қўшин билан солиқларнинг кўпайганлигига қарши қўзғолон кутарган ғузларга қарши юриш қилиб, мағлубиятга учрайди. Амир Кўмач ва унинг тарафдорлари Санжарни ғузларга қарши юриш қилишга кўндиришган. 100 минг кишилик улкан лашкар тўплаган Санжар ғузларнинг узри ва товон тариқасида 50 минг от ва туя, 200 минг қўй, 200 динор ва бир йиллик хирож тўлаш таклифига рози бўлаётганда, урушқоқ амирлар жанг бошлашни талаб қилганлар. Балх атрофида бўлган катта жангда султон Санжар лашкарлари мағлубиятга учраб (жангда амир Кўмач ҳам ҳалок бўлади), унинг ўзи асирга олинган (1153 й. июл). Ғузлар Хуросонни эгаллаб, Марв, Нишопур, Машҳад, Туе ва бошқа шаҳарларни талашган. Бирок, ғузлар Санжарга катта иззатҳурмат кўрсатиб, уни Балхда султон сифатида фахрий тутқунликда ушлаб туришган. Жувайнийнинг ёзишича, Термиз ҳукмдори Аҳмад ибн Абу Бакр (амир Кўмачнинг невараси) минг кишилик махсус чавандозлар гуруҳини жўнатиб, Санжарни ғузлар қўлидан қутқарган ва Термизга олиб келган (1156 й. окт.). Мовароуннахр, Хоразм ва Хуросоннинг асосий қисми қўлдан кетганлигини кўрган Санжар аввалги қудратини тиклашга беҳуда уринган. 1156-йил ноябрда у Термиздан Марвга келган ва пойтахт яқинидаги Андаробод қалъасида яшаган.
Санжар саройида ўз даврининг машҳур шоир ва уламолари тўпланган. Санжар Марв ва бошқа шаҳарларда кўплаб меъморий обидалар қурдирган. Санжар хасталаниб, вафот этган. Қабри устига мақбара қурилган (қаранг Султон Санжара мақбараси).
Манба. Садриддин Али алХусайни, Ахбор аддаулат асселджукийя (Зубдат аттаворих), М, 1980.
Адабиёт
- Буниётов 3., Ануштагин хоразмшоҳлар давлати (10971231), Т., 1998; Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти, 1-қисм, Т., 2000; Термиз — буюк чорраҳадаги кўҳна ва янги шаҳар, Т., 2001.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |