Сайид Муҳаммадхон (1823—1864) — Хива хони (1856—1864). Қўнғиротлар сулоласидан. Муҳаммад Раҳимхон Ининг ўгли, Муҳаммад Раҳимхон ИИнинг отаси. Унинг даврида Хивадаги ички низоларга барҳам берилган, хонликда тинчлик-осойишталик барқарор топган. Сайид Муҳаммадхон 1858-йил Хивага келган Н. П. Игнатев миссиясини қабул қилган. Шу йили 28-августда Хивада рус элчихонаси очилган. 1863-йил венгер сайёхи Г. Вамбери ҳам Сайид Муҳаммадхон қабулида бўлган. Сайид Муҳаммадхон даврида Хивадаги Кўҳна арк саройидаги кўринишхона қайта тикланган ва унинг шипи, айвон устуни хоразмча нақшлар билан безатилган. 1859-йилда Хиванинг Дишан қалъа қисмида, Нуруллабой боғида янги кўринишхона қуриб битказилган. Огаҳий „Гулшани давлат“ тарихий асарида Сайид Муҳаммадхоннинг хонлик даврини таърифлаган. Сайид Муҳаммадхон хонликни бошқаришда бошқа давлатлар, айниқса, Россия билан муносабатларида ўзини мустақил ва тенг ҳуқуқли давлат ҳукмдори сифатида тутган. Сайид Муҳаммадхоннинг жасади Хивадаги Сайд Моҳи рўйи жаҳон (Сайд Маҳрўйжон) мақбарасига қўйилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Адабиёт

  • Бобожонов П., Атаев А., Хива тарихига бир назар, Урганч, 1977;
  • Абдурасулов А., Хива, Т., 1997;
  • Худойберганов К., Хива хонлари шажараси, Хива, 1996.