Семафор (франс. семапҳоре, юн. сема — белги ва пҳорос — элтувчи) — 1) т.йилдаги муқим (стационар) сигнал қурилмаси. Мачта, қанотлар (1—3 та) ва канотларнинг вазиятини ўзгартириб турадиган юритмадан иборат. Қанотларнинг ҳар бир вазияти локоматив (тепловоз ёки электровоз) машинистини ҳаракатланишга рухсат бериш, ҳаракатлантиришни таъқиқлаш ёки тезликни ўзгартириш тўғрисида огохлантиради. Масалан, 2 қанотли С.нинг юқори қаноти горизонтал вазиятда турса ва тақикдовчи қизил чироқ ёнса, поезд тўхташи керак. Агар пастки қанот мачта ўқи бўйлаб тик турса ва сариқ чироқ ёнса, тезликни камайтириш керак бўлади. Агар юқори қанот мачта ўқига 135° бурчак остида турса ва яшил чироқ ёнса, поезд белгиланган тезликда ҳаракатни давом эттириши мумкин. Кечаси ёки яхши кўринмайдиган шароитда (туман тушганда, қор ёки ёмғир ёғаётганда) қўшимча равишда сигнал чироклари ҳам ёнади; 2) ҳарфлар, рақамлар ва хизматга доир сигналлар махсус алифбо (рус, лотин ва бошқалар) ёрдамида қўлдаги рангдор байроқлар орқали узатиладиган визуал (кўринма) алоқа воситаси. Бу усулда 2,5 км гача узоққа сигналларни минутига 60—70 белги тезликда узатиш мумкин. Бундай С. флотда (асосан, ҳарбий флотда) ва қуруқликдаги қўшинларда қўлланади; 3) денгиз (дарё) Си — тахтача (рей)ли сигнал мачтаси. Денгиз ёки дарёнинг кемалар фақат бир йўналишда сузиши лозим бўлган жойига ўрнатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил