Сентриол (лот. cентрум, юн. кентром — марказ, ўрта нуқта) — ҳайвонлар ва айрим ўсимликлар ҳужайрасининг мембранасиз органоиди. С.ни инглиз микробиологи Ф.Флеминг кашф этган (1875). С. Голжи аппарата ёнига жойлашган; диплоид ҳужайраларда бир жуфт бўлиб, диплосома дейилади. С.дан бири етук (оналик), 2-си етилмаган (қизлик) бўлади. Кизлик С. она С.нинг кичик нусхаси ҳисобланади. Интерфазанинг синтез ёки ундан кейинги даврида С. 2 ҳисса ортади. Митоз профазасида диплосомалар бир-биридан итарилиб, митоз дукини ҳосил қилади. Полиплоид ҳужайраларда С.лар сони хромосомалар тўплами сонига мос келади. С. юксак ўсимликлар, баъзи замбуруғлар, сувўтлар ва айрим содда ҳайвонларда бўлмайди. С. найсимон тузилган; унинг девори 9 триплет микронайчалардан иборат.