Шарафиддин Али Яздий (форсча: شرف الدین علی یزدی‎‎; туғ. Язд, Эрон – 1454, Язд, Эрон) — темурийлар даври машҳур тарихнависи.

1414—35-йиллар мобайнида Шоҳрухнинг ўғли, Форс ўлкаси ҳокими Иброҳим Мирзо хизматида бўлади ва унинг топшириғи асосида машҳур "Зафарнома" асарини ёзади. Иброҳим Мирзо вафотидан сўнг Шарафиддин Али Яздий Султония, Рай ва Қум вилоятлари ҳокими бўлган Шоҳрухнинг набираси Султан Муҳаммад хизматига ўтади. 1445—46-йиллар Муҳаммад Султоннинг марказий хукуматга қилган исёнига аралашиб қолган Шарафиддин Али Яздий Улуғбекнинг ўг'ли Абдуллатиф томонидан жазодан сақлаб қолинади ва Ҳиротга юборилади. Камолиддин Абдулвосеъ ан Низомийнинг "Мақомоти мавлавий Жомий" асарида келтирилишича, Шарафиддин Али Яздий Ҳиротга келиб, Жомийнинг суҳбатида бўлган. Шохрух вафотидан сўнг (1447) ўз ватани Тафтга қайтиб келади ва хонақоҳга жойлашиб, умрининг охиригача ўша ерда яшайди,Навоий "Мажолис уннафоис" асарида ёзишича, 6 ёшида "Шоҳрух Султон бузуғлиғида" (яъни Шоҳрух вафотидан сўнг мамлакатда юз берган низолар чоғида) катта жамоат билан Хуросондан Ироққа кетаётганда, Тафтда Шарафиддин Али Яздий яшаган хонақоҳса бўлиб, уни кўрган. Навоий ушбу асарида Шарафиддин Али Яздийнинг билимдонлигига юқори бахр бериб: "Мавлононинг соҳиб камоллиғи олам ахли қошида мусалламдур", деб ёзган. Шундан кейинги йилларда, яъни 1452-йилда тарихчи Абдураззоқ Самарқандий ҳам Тафтда Шарафиддин Али Яздий билан учрашиб суҳбатлашган. Мўғулистон хони Юнусхон ёшлигида Шохрух топшириғига кўра, узоқ йиллар Шерозда Шарафиддин Али Яздий тарбиясида бўлган ва султон Абу Сайд уни олиб келиб, Мўғулистонга хон этиб тайинлаган.

Шарафиддин Али Яздий адабиёт ва тил услуби, шеърият назарияси, нужум илми, тарих, мусика, тасаввуфнинг назарий масалалари бўйича бир нечта асарлар ёзган; "Шараф" тахаллуси билан шеър битгани ҳам маълум. Шунингдек, Шарафиддин Али Яздийнинг "Ҳуллали мутарраз дар муаммо ва луғаз" ("Муаммо ва топишмоклар борасида безакли нома"); "Мунтахаби ҳулал" (мазкур асарнинг қисқартирилган баёни); "Мавотин ё манозир дар муаммо" ("Муаммо фанида жой ва манзаралар"); "Қунҳ уззод дар илми вақфи аъдод" ("Ададлар мувофиқлиги илмида ҳақиқат чўққиси"); "Алкитоб фи илм илустурлоби" ("Ус турлоб илми бўйича китоб"); "Девон и Шараф Яздий" ("Шараф Яздийнинг девони"); "Ҳақойиқ аттаҳлил" ("Таҳлил, яъни "Ло илаҳа иллаллох."нинг ҳақиқатлари"); "ШарҳиҚасидаи Бурда" ("Қасидаи Бурда"нинг шарҳи); "Шарҳи Асомои Аллоҳ" ("Аллоҳ исмлари" шарҳи); "Туҳфат улфақир ва ҳадят улҳақир" ("Фақирнинг туҳфасию, ҳақирнинг ҳадяси"); "Муншаот" (Хатлар тўплами); Амир Темур тарихига бағишланган шеърий асарлари маълум.

Адабиётлар



Ҳаволалар